Аллоҳ таоло айтади: «Эй Пайғамбар, нега хотинларингиз розилигини истаб, Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ўзингизга ҳаром қиласиз? Аллоҳ гуноҳингизни кечирувчи (Ғафур) ва сизга раҳмли (Раҳим) зотдир.Эй мўминлар, Аллоҳ сизларга қасамларингиздан халос бўлиш учун каффоратни жорий қилди. Қасамнинг каффорати ўнта мискинга таом бериш ё уларни бир сидра кийинтириш ёки бир қул озод қилишдир. Ким бу айтилганларни қилишга имконият тополмаса, уч кун рўза тутади. Аллоҳ сизларга ёрдам берувчи ва ишларингизни бошқарувчидир. У билувчи (Алим) зотдир, сизларга нима яхши эканини билади ва уни сизларга жорий қилади. У сўзларида ҳам, ишларида ҳам ҳикматли (Ҳаким) зотдир.Эсланг, Пайғамбар хотини Ҳафсага бир гапни сир қилиб айтганида Ҳафса уни Ойшага айтиб қўйди. Аллоҳ Пайғамбарига буни билдиргач, у Ҳафсага унинг айтиб қўйган сўзларидан баъзисини айтди ва баъзисини олийжаноблик қилиб айтмади. Пайғамбар Ҳафсага сирни фош қилганини айтганида Ҳафса: «Сизга буни ким айтди?» деб сўради. Шунда у: «Буни менга ҳеч нарса Унга махфий қолмайдиган, ҳар нарсани билувчи (Алим) ва ҳар нарсадан хабардор бўлган (Хабир) зот хабар берди», деди.Эй Ҳафса ва Ойша, агар ҳар иккингиз Аллоҳга тавба қилсангиз (ўзингизга яхши). Дарҳақиқат, сизлар тавбани вожиб қиладиган иш қилиб қўйдингиз. Чунки қалбларингиз Пайғамбарга ёқтирмайдиган ишга мойил бўлди. Агар сизлар Пайғамбар ёқтирмайдиган ишда бир-бирингизга ёрдам берсангиз, билингки, унинг дўсти ва мададкори Аллоҳ, Жаброил ва солиҳ мўминлардир. Аллоҳнинг ёрдамидан сўнг фаришталар у зотга ёрдамчидир, озор берадиган ва адоват қиладиган кимсаларга қарши унга кўмакчидир» (Таҳрим, 1-4).
Улар оятдаги «қалбларингиз …мойил бўлди» иборасини «куфрга мойил бўлди» деб тафсир қилишди.
Убайд ибн Умайрдан ривоят қилинади: «Ойшанинг шундай деганини эшитганман: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам аммаларининг қизи ва жуфти ҳалоллари бўлмиш Зайнаб бинти Жаҳшникида ўтириб қолиб, асал ичар эдилар. Мен билан Ҳафса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қай биримизнинг олдимизга кирсалар «Сиздан мағофир[1] ҳиди келяпти, мағофир едингизми?» деймиз деб келишиб олдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг бириникига кирганларида у зотга юқоридаги сўз айтилди. «Зайнаб бинти Жаҳшникида асал ичгандим, холос. Энди уни ичмайман», дедилар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам»[2].
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳафса бинти Умарникида эдилар. «Ҳеч кимга айтмагин, қайтиб (асал) емайман», дедилар. Ҳафса режалари амалга ошганини, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам асал ичишдан воз кечганларини ҳамда иккинчи марта унга қайтмасликлари ҳақида гапирганларини Ойшага сўзлаб берди. Ана шунда Таҳрим сурасининг дастлабки оятлари нозил бўлди.
«Аллоҳга тавба қилсангизлар…»: Яъни хотинлар ўртасида бўладиган рашк, ғайирлик каби ишлардан тавба қилсангизлар, ўзларингизга яхшироқ бўлади.
«Чунки қалбларингиз …мойил бўлади». Яъни мана шу амалда ҳақдан адашиб, хатога йўл қўйдингиз. Бу ерда куфр маъноси умуман кўзда тутилмаган. Ахир улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфти ҳалоллари ва мўминларнинг оналари ҳисобланади. Аллоҳ таоло уларни талоқ қилмасликни, бошқа аёлларга алмаштирмасликни ва устларига уйланмасликни Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга уқтирган эди.
«Эй Пайғамбар, мавжуд хотинларингиз устига яна уйланишингиз ё уларни талоқ қилиб, улар ўрнига бошқа хотинлар олишингиз сизга ҳалол эмас, гарчи уларнинг чиройи сизга маъқул келса ҳам. Аммо қўл остингиздаги чўрилар бундан мустасно бўлиб, улар сизга ҳалолдир. Аллоҳ барча нарсани кузатиб турувчидир».
Тўғрироқ фикрга кўра, кейинроқ Пайғамбаримизга яна уйланишга изн берилган.
Юқоридаги оят ва ҳадислар аёллар ўртасида рашк бўлиши табиий ҳолат эканини кўрсатади. Ҳатто рашк сабабли Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ҳам икки гуруҳга бўлиниб олишган эди.
Ойша онамиз айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари икки гуруҳга ажралганди. Ойша, Ҳафса, Сафия ва Савда бир гуруҳ бўлса, Умму Салама, Умму Ҳабиба, Жувайрия, Маймуна ва Зайнаб бошқа гуруҳ эди».
Мусулмонлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ойшани яхши кўришларини билишарди. Агар биронтаси Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳадя бермоқчи бўлса, кутиб турарди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойшанинг уйига келганларида ҳадясини ўша ерга жўнатарди.
Умму Саламанинг гуруҳи унга айтишди: «Сиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашиб кўринг, одамларга айтсинлар, ким Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга бирон ҳадя бермоқчи бўлса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайси аёллариникида бўлсалар, ҳадясини ўша ерда берсин».
Умму Салама уларнинг гапини Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч нарса демадилар. Аёллар сўрашганида «Ҳеч нарса демадилар» деб жавоб берди. «Яна гаплашиб кўринг», дейишди улар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам навбат билан Умму Саламаникига келганларида у яна яйтди. У зот ҳеч нарса демадилар. Улар яна сўраган эдилар, «Ҳеч нарса демадилар», деб жавоб берди Умму Салама. «Гаплашиб кўринг, токи сизга айтсинлар, дейишди аёллар. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам навбат билан Умму Саламаникига келганларида, у яна гапирди. «Ойша хусусида менга озор етказма. Ойшадан бошқа биронта аёлнинг тўшагида менга ваҳий келмайди», дедилар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга озор етказишдан Аллоҳга тавба қиламан!» деди Умму Салама.
Сўнг аёллар (яъни Умму Саламанинг гуруҳи) Фотимани чақириб, уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига «Аёлларингиз Абу Бакрнинг қизи хусусида адолат сўраб сизга Аллоҳни эслатмоқдалар», деб жўнатишди. Фотима келиб айтди.
– Қизим, мен яхши кўрганни яхши кўрмайсанми?
– Яхши кўраман!
– Унда манавини (яъни Ойшани) яхши кўргин, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Фотима қайтиб келиб аёлларга бор гапни гапириб берди. Улар «Яна боринг!» дейишди. Фотима рози бўлмади.
Аёллар Зайнаб бинти Жаҳшни Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига жўнатишди. Зайнаб дағал оҳангда сўз бошлади: «Аёлларингиз Абу Қуҳофанинг қизи хусусида адолат сўраб сизга Аллоҳни эслатмоқдалар». Зайнаб бинти Жаҳш овозини кўтарди. Ойша Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида ўтирарди. Зайнаб уни уришиб, ёмон гаплар гапирди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша гапирарми ёки йўқ деб унга қараб турардилар. Ойша Зайнабга жавобан сўз бошлади, ҳатто уни жим қилиб қўйди.
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойшага нигоҳларини қаратдилар ва: «Мана бу – Абу Бакрнинг қизи!» деб қўйдилар[3].
Хуллас, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари бир-бирларига кундош эдилар. Кундошлар ўртасида кўп нарса бўлиб ўтади. Тўғри, Ойша билан Ҳафса хато иш қилишган. Бироқ уларнинг иши куфр дейилмайди.
[1] Мағофир – ўзи ширин, ҳиди ёқимсиз дарахт меваси. [2] Бухорий ривояти, 5267-ҳадис. [3] Бухорий (2581) ва Муслим (2442) ривояти.