Бобийларнинг илк бошлиғи Али ибн Муҳаммадризо Шерозий бўлиб, у ҳижрий 1235 йил Эроннинг жанубидаги Шероз шаҳрида туғилган. Шерозий ёшлигида етим қолгани боис тоғаси уни ўз қарамоғига олган. У ўзининг “Мирзо” лақаби билан танилган бўлиб, отасининг исми Муҳаммадризо, онасининг исми эса Фотимабегим бўлган. Баъзилар уни пайғамбар авлодидан, дейишади, лекин бу нотўғри. Улар имом Маҳдий пайғамбар авлодидан бўлишини инкор қила олмаганлари учун ўз имомларини пайғамбар авлодидан деб кўрсатишга мажбур бўлишганидан ушбу гапни тарқатишган. Зеро, улар ўзларининг ботил эътиқодларига биноан имомлари Шерозийни имом Маҳдийнинг қайтиш “эшиги”[1] деб билишади. Лекин улар саҳиҳ ҳадисларга кўра, имом Маҳдийнинг исми Али ибн Муҳаммад эмас, балки Муҳаммад ибн Абдуллоҳ бўлишини унутган эдилар.
Мирзо Али олти ёшга кирганида тоғаси уни “Пайғамбарлар ва авлиёлар қаҳвахонаси” деб номланган мадрасага, аниқроғи, Руштийнинг шогирдларидан бири бўлмиш “шайх” Обидга шогирдликка берган. Мирзо Али бу мадрасада бироз таълим олганидан кейин тоғаси Мирзо Муҳаммад уни мато тижоратида ўзига шерик қилиб олади, натижада Мирзо Али катта тижоратчи бўлиб етишди.
Мирзо Али ўн етти ёшга тўлганида руштийларнинг даъватчиларидан бири бўлган Жаввод Карбалоий унга шайхийларнинг имом Маҳдий ҳақидаги ботил эътиқодларини сингдира бошлади. Жаввод “Мирзо Али келажакда имом Маҳдийнинг қайтиш “эшиги”, яъни Маҳдийдан олдин чиқиб, инсониятни Маҳдий чиқишига ҳозирлайдиган шахс бўлиши мумкин” деган тушунчани унга сингдирди ва тижоратни ташлаб, руштий мазҳабидаги китобларни ўқишига сабабчи бўлди. Мирзо ўзини Маҳдийнинг қайтиш эшиги бўлишга тайёрлар, жазирама ёзнинг иссиқ кунларида онадан туғилгандек қип-яланғоч ҳолда уйнинг томига чиқиб ўтирар ва бошидан иссиқ ўтгани боис хушидан кетиб қолар эди. Жаввод эса доим унинг ёнида, унга далда бериб, шу ишларга тезлаб турар эди.
Мирзони бу аҳволда кўрган тоғаси жиянига раҳми келганидан, ақли ўзига келишини умид қилиб, уни Карбалога, ўзлари муқаддас деб билган зиёратгоҳларга юборди. Бироқ бу иш уни янада қаттиқ адашишига сабаб бўлди. У Карбалода Козим Руштий исмли пирга шогирд тушиб, ундан шайхийлар йўналишини чуқур ўзлаштирди. Козим ҳам унинг келажакда “буюк” шахс бўлиб етишишига умид қилар, муридларига яқинда имом Маҳдий чиқишини башорат берар, Мирзо келажакда ўша Маҳдийнинг қайтиш эшиги бўлишига ишора қилиб, уни қаттиқ ҳурмат қилар эди. Ўша вақтларда Мирзо йигирма беш ёшда эди.
Ҳижрий 1260 йилга келиб, Мирзо Али ўзини имом Маҳдийнинг қайтиш “эшиги” деб эълон қилди. Унинг дўсти Мулла Ҳусайн Бишрўъий унга “иймон” келтирган биринчи шахс бўлган. Улар Эрон, Туркистон ва Ироқ бўйлаб ўзларининг бу ботил эътиқодларини, бобийлик тариқатини тарқата бошлашди. Шайхийларнинг аксари уларга эргашишди. Мулла Солиҳ Қазвийнийнинг қизи Зирринтож Қазвийнийя (лақаби Қурратулайн), Мулла Ҳусайн Бишрўъий, Мулла Муҳаммад Али Зинжоний, Мулла Ҳусайн Яздий ҳамда Мулла Муҳаммад Борфурўшийлар бобийларнинг асосий даъватчиларидан бўлишган.
[1] Шунинг учун ҳам бу тоифа “бобийлар”, яъни эшикчилар деган ном билан танилишган.