Зилзила табиий ҳодисами ёки илоҳий огоҳлантиришми?

0

«Зилзила илоҳий огоҳлантириш бўлиб, содир этилган гуноҳлар сабабли одамлар бошига тушади, Аллоҳ уларни Ўзига қайтишлари учун у билан қўрқитади», дейилса, «Бу тўғри эмас! Зилзила табиий ҳодиса, унинг гуноҳларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мана қаранг, кофирларнинг юртларида зилзиладан жабр кўрган юртлардагидан бир неча баробар кўп ва катта гуноҳлар содир этилади. Зилзила гуноҳларга қараб юз берганида эди, зилзила юз берган мусулмон ўлкаларнинг ўрнига ана ўшаларнинг юртида зилзила юз берган бўлар эди», деган эътироз бўлади.

Бу эътирозга жавоб бериш учун бир қанча нуқталарга очиқлик киритиш лозим бўлади:

Биринчидан: Мусулмон киши Аллоҳ таолонинг борлиқдаги қонун-қоидаларини Қуръони карим нури асосида яхлит ҳолда тушуниши, борлиқдаги ҳодисалар ва оятларни бир-бирига қарама-қарши қўймаслиги лозим.

«Зилзила содир бўлиши ортида моддий сабаб ётади, у Аллоҳнинг эслатмаси эмас, гуноҳларга ҳам алоқаси йўқ» дегувчилар бирон ҳодиса ё моддий сабаб, ёки ғайбий сабаб туфайли содир бўлади, деб ўйлайдилар. Бундай кимсалар Аллоҳ таоло бирон моддий сабабларга кўра бандаларини фаровонлик ёки фалокат билан имтиҳон қилиши мумкинлигини англамайдилар. Зеро, моддий сабаблар ҳам, ғайбий сабаблар ҳам Аллоҳдандир. «Билингларки, яратиш ва буюриш Аллоҳ таолонинг ўзига хосдир. У бутун махлуқотларнинг Рабби, барча нуқсондан пок, олий ва буюк зотдир» (Аъроф, 54). Биргина ҳодисанинг ҳам моддий, ҳам ғайбий сабаби бўлиши ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй одамлар, сизларга дин ё дунё борасида бирор мусибат етса, қилган гуноҳларингиз сабабли етади, холос. Раббингиз кўп гуноҳларингизни афв этади» (Шўро, 30). Маълумки, мусибатларнинг моддий сабаблари бор, лекин Аллоҳ таоло бу мусибатларнинг бизнинг гуноҳларимиз туфайли эканини бизга очиқ-ойдин билдирди.

Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кўзга ёки томирга бирон офат етган бўлса, албатта бирон гуноҳ туфайли етади. Лекин Аллоҳ бандадан кўп балоларни даф қилади»[1].

Сурия ва Туркиядаги биродарларимиздан афзал бўлган кишиларнинг замонида ҳам зилзила юз берган. Сафия бинти Абу Убайддан ривоят қилинади: «Умар разияллоҳу анҳунинг даврида ер қимирлади. Умар деди: «Эй одамлар, бу зилзила сизлар қўл урган бирон гуноҳ туфайли бўлган. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар яна ер силкинса, мен бу шаҳарда сизлар билан асло яшамайман!»[2].

Умар разияллоҳу анҳу бу гапни бизлардан афзал бўлган саҳоба ва тобеинларга айтмоқда. Шунга қарамасдан мусулмон киши у ёки бу фавқулодда ҳодиса фалон ҳикмат учун рўй берди, деб қатъий айтмайди. Масалан, зилзила фалон гуноҳлар натижасида содир бўлди, демаймиз. Балки мусулмон киши бошига тушган бирон бахтсиз ҳодисани Аллоҳ тарафидан эслатма ва огоҳлантириш деб билади ва яхши кунларда Аллоҳ таолога шукр, мусибатда эса сабр ва тавба билан Аллоҳга юзланади. Қолаверса, бу оламда содир бўлаётган барча ҳодисаларнинг моддий сабабларидан ташқари кўзга кўринмас ғайбий сабаблари ҳам борлигига иймон келтиради. Бу ғайбий сабаб Аллоҳ таолонинг иродаси ва бошқарувидир.

Иккинчидан: Нега бу офатлар мусибатга учраган биродарларимизнинг барча гуноҳларидан ҳам оғирроқ гуноҳлари бор кофирларнинг бошига келмаяпти?

 Бу саволга Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи жавоб бўлади: «Эй Расул, кофирларнинг бой-бадавлат яшашлари, ризқлари мўл-кўллиги, шунингдек, тижорат, фойда ва мол-дунё талабида ер юзида кезиб юришлари сизни асло алдаб қўймасин. Оз фурсатдан сўнг буларнинг ҳаммаси йўқ бўлади ва улар ўз қилмишларининг қурбонига айланадилар. Кофирларнинг қўлидаги бу нарсалар йўқ бўлиб кетувчи озгина ҳузур-ҳаловатдир, сўнг қиёмат куни борадиган жойлари дўзахдир. У нақадар ёмон жой!) (Оли Имрон, 196-197).

Хўш, бу мусибатларга сабр қилиб, Аллоҳдан мукофот умид қилган биродарларимиз-чи? Уларга нима ваъда қилинган? Аллоҳ таоло юқоридаги оятларнинг давомида айтади: «Парвардигорларидан қўрққан, Унинг буйруқларига бўйсуниб, тақиқлаган ишларидан тийилган кишилар учун эса Аллоҳ таоло қасрлари ва дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларни ҳозирлаб қўйган. Ўша жаннатлар уларнинг абадий манзиллари бўлиб, ундан асло чиқмайдилар. Аллоҳ таоло ҳузуридаги нарсалар тоат қилувчи зотлар учун кофирлар ҳузур қилаётган бу дунё ноз-неъматларидан яхшироқ ва афзалроқдир» (Оли Имрон, 198).

Аллоҳ таоло кофир кимсани шу дунёнинг ўзидаёқ жазолаши ёки жазони қиёмат кунига қолдириши мумкин. Аллоҳ таоло айтади: «Мен уларга муҳлат бераман ва янада кўпроқ гуноҳ қилишлари учун умрларини узайтираман. Шубҳасиз, Менинг куфр аҳлига бўлган макрим жуда қаттиқдир» (Қалам, 45).

Яна айтади: «Биз кофирларнинг умрини узун қилган, уларни дунё лаззатларидан ҳузурлантириб қўйган, куфр ва гуноҳлари сабабли жазоламаган бўлсак, улар бу билан яхшиликка эришдик, деб асло ўйламасинлар! Биз кофирларнинг зулм ва туғёнлари яна ҳам ортиши учунгина уларнинг ажалларини ортга сурамиз ва азоблашни кечиктириб турамиз. Охиратда улар учун хорловчи азоб бордир» (Оли Имрон, 178).

Эй биродарлар, дунё мукофот ёки жазо диёри эмас, имтиҳон ва синов диёридир.

Учинчидан (буниси муҳим нуқта): Гуноҳлари туфайли мўмин кишининг бошига бирон мусибат келганини эшитсангиз, бу мусибатга аниқ Аллоҳ таолонинг жазоси деб, гўёки Аллоҳ мўмин бандасидан ўч оляпти, деб салбий муносабатда бўлманг. Балки мусулмоннинг бошига тушган мусибат ва бало-офатда Аллоҳнинг раҳмати, покланиш ва даражанинг юксалиши бўлиши мумкин. Бу нарса бошига кулфат тушган мўмин кишини хотиржам қилади, юпатади ва сабр қилишга ундайди.

Саҳиҳ ҳадисда Абу Бакр разияллоҳу анҳу айтади: «Ë Расулуллоҳ, «Ким бирон гуноҳ қилса, албатта унинг жазосини олади» (Нисо, 123) деган оятдан кейин қандай қилиб охиратимиз обод бўлиши, нажот топишимиз мумкин?! Қилган ҳар бир ёмонлик-гуноҳимиз учун жазоланамизми?». Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Абу Бакр, Аллоҳ сизни мағфират қилсин. Ахир дунёда касал бўлмайсизми, меҳнат-машаққат чекмайсизми, ғамгин бўлмайсизми, қийинчилик ва кулфатга дучор бўлмайсизми?!» Абу Бакр разияллоҳу анҳу: «Йўқ, сиз айтган ишлар бўлади», деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шулар билан жазоланасизлар», дедилар»[3]. Яъни дунёдаги бу каби бало-мусибатлар, алам ва оғриқлар гуноҳларингизга каффорат бўлади. Токи Парвардигорингизга гуноҳларингиздан қисман ёки буткул покланган ҳолда йўлиқасиз. Кофирларга эса бундай бўлмайди.

Шундай экан, «Фалокатлар гуноҳлар туфайли бўлади», дейилса, бундан оғринманг, балки юқорида айтиб ўтилган покланиш ва раҳмат маъноларини эсланг. Шунингдек, бизларнинг бошимизга зилзила келмагани бизлар бошига фалокат тушган биродарларимиздан яхшироқ эканимизни англатмайди. Аксинча, бу фалокатлар уларни шу дунёдаёқ гуноҳлардан поклаш учун Аллоҳнинг фазли бўлиши ва шу жиҳатдан улар бизлардан афзал бўлишлари ҳам мумкин. Дарҳақиқат, бу дунёда офиятда яшаб ўтган зотлар Аллоҳ таоло қиёмат куни мусибатга учраган кимсаларга тақдим этган иззат-икромни кўрганларида дунёда мусибатланишни орзу қилиб қоладилар.

Тўртинчидан: Зилзилада жабр кўрган кўп биродарларимизни яхши, солиҳ инсонлар деб биламиз, лекин улар орасида катта гуноҳларга одатланганлар ҳам йўқ эмас. Аммо бало келса ҳаммага баробар келади, фалокат яхши-ёмонни ажратмайди. Зайнаб бинти Жаҳш разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Зайнаб: «Ë Расулуллоҳ, ичимизда солиҳ инсонлар бўла туриб ҳалок бўламизми?» деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, фисқу фасод ва гуноҳлар кўпайса», дедилар»[4].

Ҳа, фисқу фасод кўпайса бало ҳаммага баробар келади, аммо қиёматда ҳамма қилган амалига яраша ҳисоб-китоб қилинади.

Бешинчидан: Биродарларим, юқорида айтилганларни ёдда тутган ҳолда юз берган ҳар бир мусибат ёхуд фалокатдан керакли ибрат ва сабоқ олиш лозим. Саид ибн Мусаййибдан ривоят қилинади: «Салмон (Форисий) билан бирга эдим. У Киндадаги бир касални зиёрат қилиш учун борди. Унинг олдига кирганида: «Хурсанд бўл, Аллоҳ таоло мўмин киши учун касалликни гуноҳларига каффорат ва дашном фурсати қилган. Фожир кимса учун эса касаллик худди эгаси оёғини тушовлаб, бир оздан сўнг қўйиб юборган туяга ўхшайди: у нима учун тушовланганини ҳам, нима учун қўйиб юборилганини ҳам билмайди», деди»[5].

 «Дашном фурсати бўлади» дегани шуки, касаллик мўмин киши учун ўзини ҳисоб-китоб қилиш, гуноҳдан тийилиш ва ғафлатдан уйғониш учун фурсат бўлади. Фожир ва кофир кимсага эса касаллиги фойда бермайди, гуноҳдан тўхтамайди. Шунинг учун у эгаси томонидан тушовланган, сўнг қўйиб юборилган туяга ўхшайди. Туя нима учун тушовлангани-ю, нима учун қўйиб юборилганини қаердан билсин!

Фожир ва кофир кимса ҳам нима учун касал бўлганини, бу касаллик ортида қандай ҳикмат борлигини билмайди, касалга сабр қилиш билан савоб ҳам умид қилмайди ва гуноҳларидан тавба қилиб, Аллоҳга ҳам қайтмайди!

Мўмин киши яхши биладики, Аллоҳ таоло барча ишларида ҳикматли зотдир. У зот бандаларини инъом ва мусибатлар ила синаш орқали уларни ҳар хил тоат-ибодатлар билан машғул қилиб қўяди.

Мунофиқ кимсага келсак, у кўп ҳолларда Аллоҳ таолони унутиб қўйган бўлади, воқеа-ҳодисаларни Аллоҳ таолонинг ҳикматига бўлган иймон нури билан изоҳламайди ва шу ҳодисалар асносида юзага чиқадиган ибодатлар ҳақида фикр юритмайди. Аллоҳ таоло мунофиқларга дашном бериб бундай дейди: «Мунофиқлар Аллоҳ уларни ҳар йили бир-икки марта қаҳатчилик ва қийинчиликлар билан, шунингдек, ичларида яширган нифоқларини фош қилиш билан синовларга мубтало этаётганини кўрмайдиларми?! Шундан кейин ҳам улар куфр ва нифоқларидан тавба қилмайдилар ва ўз кўзлари билан кўриб турган Аллоҳнинг ояту аломатларидан эслатма олмайдилар» (Тавба, 126). Оятга эътибор беряпсизми, Аллоҳ таоло мунофиқларни ояту аломатлардан, воқеа-ҳодисалардан ибрат-эслатма олмаслик билан айблаяпти. Аллоҳ сақласин!

Хулоса қилиб айтганда, биродарлар, бу каби воқеаларда бизнинг бурчимиз биродарларимизга қўлимиздан келганича ёрдам бермоқдир. Шунингдек, яхши билайликки, уларнинг бошига тушган фалокатлар бизларнинг бошимизга ҳам тушиши мумкин, бизлар учун офият кафолатланган эмас. Шунинг учун тавба-тазарруга шошилайлик, Аллоҳ билан бўлган алоқамизни кучайтирайлик.

Доктор Иёд Қунайбий

[1] Суютий, «Ал-жомеъ ас-сағир», 7778.
[2] Ибн Абу Шайба, «Мусаннаф», 2/358.
[3] Аҳмад (70), Абу Яъло (98), Ибн Ҳиббон (2910) ривояти. Ҳадис матни Аҳмадга оид.
[4] Бухорий ривояти, 3346.
[5] Бухорий, «Ал-адаб ал-муфрад», 492.

Изоҳ қолдиринг