Туманли тарих (85): Валоят – дўстлик ояти

0

«Эй мўминлар, сизларнинг валийингиз – ёрдамчингиз Аллоҳ ва Расули ҳамда фарз намозларни тўкис адо этадиган, закотни руку қилган (яъни Аллоҳга бўйсунган) ҳолда кўнгилдан чиқариб берадиган мўминлардир» (Моида, 55).

Мазкур оят тафсирида шиалар айтишади: «Али намозда руку қилиб турганида бир фақир садақа сўраб келади. (Баъзиларнинг айтишича, закот беринг, деб келади.) Али узук тақилган қўлини чўзади ва фақир унинг қўлидан узукни ечиб олади. Ана шунда юқоридаги оят нозил бўлади. Алидан бошқа руку қилган ҳолида закот берган одамнинг ўзи йўқ. Демак, оятдаги валий  –дўст ҳам, халифа ҳам Али бўлади».

Бу даъвога бир неча жиҳатдан жавоб бериш мумкин:

1) Бу ривоятнинг саҳиҳ санади йўқ. Алининг рукуда туриб узугини садақа қилгани ўз исботини топмаган. Али ёлғон мақтовга муҳтож бўлиб қолган инсон эмас. Аллоҳ ва Расулининг ҳақ мақтови Алига етарли! Аллоҳ таоло айтди: «Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир» (Мўминлар, 1-2).

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Албатта намозда машғуллик бор»[1].

Аллоҳдан қўрқиб намоз ўқувчиларнинг энг аввалги сафларида турувчи Али разияллоҳу анҳуни намозда садақа берди, деб бўладими?! Намозини тугатиб, кейин садақа берса нима ўзгаради?! Аслида намозда бундай ишлар қилинмайди.

2) Закот берувчи уйига закот сўрашларини кутиб ўтирмасдан закотини бериши керак. Сиз ўзингиз закотни берсангиз афзалми ёки закот молини олдингизга қўйиб олиб кутиб ўтирганингиз афзал?! Қачон эшигимни қоқиб закот сўраб келишади деб кутиб ўтирмайсиз-ку!

3) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик вақтларида Али камбағал бўлган. Шунинг учун Фотиманинг маҳрига қалқонидан бошқа берадиган нарсаси йўқ эди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Али закот берадиган ҳолатда бўлмаган.

4) Ояти каримада руку қилган ҳолатда закот бериш мақталмаган. Акс ҳолда руку ҳолатида туриб закот бериш суннат бўлиб қоларди. Ҳеч ким бундай суннат борлигини айтмаган.

5) Аллоҳ таоло намозни тўкис адо этиш ҳақида гапирди ва бу намоз ўқиш дегани эмас, балки ундан анчагина чуқурроқ маънони берувчи тушунчадир. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтганидек намозни тўкис адо этиш таҳорат, адо, руку, сажда, хушу-хузу, зикр ҳамда қироатда Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдек комил суратда намоз ўқимоқдир. Модомики намозни тўкис адо этишга руку ҳам кирар экан, нега яна руку ҳолати алоҳида зикр қилинди? Демак, бу ерда рукуни Аллоҳ таолога итоат ва бўйсуниш деб тушунмоқ лозим. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссалом ҳақида айтади: «Довуд бу жанжал воқеаси билан Биз уни имтиҳон қилганимизни билди-да, дарҳол Раббига истиғфор айтди ва руку қилган ҳолда йиқилиб, Унга тавба-тазарру қилди» (Сод, 24).

Довуд сажда қилиб йиқилган бўлса-да, Аллоҳ унинг итоати ва хокисорлигини «руку» лафзи билан ифодалади. Қуйидаги оятлардан ҳам «руку» сўзидан «Аллоҳнинг амрига бўйсуниш, Аллоҳга хокисорлик изҳор этиш» назарда тутилган:

«Агар уларга руку қилинглар дейилса, руку қилмаслар» (Мурсалот, 48).

«Эй Пайғамбар, ўшанда фаришталар Марямга: «Эй Марям, итоат қил ва руку қилгувчилар билан бирга сажда ва руку қил», деганларини эсланг» (Оли Имрон, 43).

Яъни Аллоҳнинг амрига хушу ва хузу билан тўлиқ бўйсун. Марям ўзини буткул ибодатга бағишлаган бокира аёл эди. Унга жамоат намози ҳам фарз эмасди.

  • Табарий «Тафсир»да ривоят қилишича, оятнинг нозил этилиши Бани Қайнуқо қабиласининг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга хиёнат қилишига тақалади. Бу яҳудийлар Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳунинг олдига бориб, ундан улар билан бирга бўлишни сўрашади. У яҳудийлар билан муросага кўнмайди, уларга душманлигини айтади ҳамда Аллоҳ ва Расулига дўст эканини айтгач «валоят ояти» нозил бўлади[2].

Яъни мазкур оятдаги «руку қилган ҳолда» деган иборадан «барча ишларида Аллоҳ таолога бўйсунган ҳолларида» деган маъно назарда тутилган. Шу боис Аллоҳ таоло мазкур оятдан сал юқорироқда қуйидагича хитоб қилади:

«Эй иймон келтирганлар, яҳудий ва насронийларни мўминларга қарши иттифоқдош ва ёрдамчи қилиб олманг! Яҳудийлар бир-бири билан дўстлашади, насронийлар ҳам худди шундай. Сизлардан ким уларни дўст тутса, у ўшалардан бўлади ва унинг ҳукми ўшалар билан бир хилдир. Аллоҳ кофирларни дўст тутадиган золим қавмларни тўғри йўлга бошламайди» (Моида, 51).

Ўша золимларнинг бири Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулдир. У Бани Қайнуқо билан апоқ-чапоқ ошна эди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Бани Қайнуқо ўртасида келишмовчилик юзага чиққанида Абдуллоҳ ибн Убай Бани Қайнуқонинг ёнини олиб, улар учун ўртакашлик қилиб куйиб-пишди. Бани Қайнуқо яҳудийлари Убода ибн Сомитнинг ёнига бориб, уни ҳам ўзларига оғдирмоқчи бўлсалар-да, у душманлар сўзига учмади. Бани Қайнуқодан юз ўгириб, Аллоҳ ва Расули томонида турди. Ўшанда «Эй мўминлар, яҳудий ва насронийларни дўст тутмангиз…» ояти нозил бўлди. Кейин мўминларнинг, яъни Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳу кабиларнинг сифати зикр этилди: «Эй мўминлар, сизларнинг валийингиз – ёрдамчингиз Аллоҳ ва Расули ҳамда фарз намозларни тўкис адо этадиган, закотни руку қилган (яъни Аллоҳга бўйсунган) ҳолда кўнгилдан чиқариб берадиган мўминлардир» (Моида, 55).

Демак, бу оят Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган экан.

7) Оят Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳу хусусида нозил этилган бўлса-да, уни ҳар ким ўзиники деб даъво қилиши мумкин. Масалан, Муовия тарафдорлари, Али тарафдорлари ёхуд Усмон тарафдорлари ёлғон ҳадис тўқиб олиб, мазкур оятдан ўз имомлари шаънида фойдаланишлари осон иш.

8) Мазкур оят Али разияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган, деб фараз қилган тақдиримизда ҳам бундан Али разияллоҳу анҳунинг халифалигига ҳеч қандай далил чиқмайди. Алини дўст тутинг, дейилиши мумкин ва биз шундоқ ҳам Али разияллоҳу анҳуни яхши кўриб, дўст тутамиз.

9) Оят кўплик шаклида нозил этилган. Асл қоидага биноан, кўплик шаклида айтилган гап кўпчиликка тегишли бўлади. Кўплик шаклида келган оятни битта одамга нисбат бериш учун аниқ далил ёки ишора бўлиши керак. Бу ерда бир киши кўзда тутилганига белги берадиган ҳеч нарса йўқ.

10) Шиалар мазкур оят ҳаср, яъни чеклаш учун келган, бинобарин, у Алидан аввалги халифалар – Абу Бакр, Умар ва Усмон халифалигини бекор қилади, дейдилар. Мазкур оят Али разияллоҳу анҳу ҳақида эмаслигини аввал айтиб ўтган эдик. Агар оят ҳаср – чеклаш учун келган дейилса, унда нафақат Абу Бакр, Умар ва Усмон халифалиги, балки Ҳасан, Ҳусайн, Али ибн Ҳусайн, Муҳаммад Боқир, Жаъфар ва бошқаларнинг халифалиги бекор бўлиб кетади.

11) Қолаверса, «валий» (дўст, ёрдамчи) сўзини ушлаб олиб ҳеч ким Аллоҳга ёки Расулуллоҳга «амир» сифатини бермаган. Аллоҳ таоло Холиқ (яратувчи), Розиқ (ризқ берувчи), Раб ва Маликдир. Барча инсонлардан афзал бўлган Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бундай васф билан таърифланмайди.

[1] Бухорий (1199) ва Муслим (538) ривояти.
[2] «Тафсири Табарий», 6/178.

Изоҳ қолдиринг