Туманли тарих (86): Мартаба-мақом ҳадиси

0

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазотига чиққанларида ҳеч кимга Мадинада қолишга рухсат бермадилар. Мадинада қуйидаги олти тоифа қолди:

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буйруқлари билан Мадинада қолганлар;

  • Касал, ёши улуғ, ногирон, кўзи ожиз, камбағал ва уларга ўхшаш бўлган узрли кишилар;

  • Аёллар;

  • Ёш болалар;

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига бўсунмай ўзларича ғазотдан қолиб кетганлар: Каъб ибн Молик, Мурора ибн Рабеъ, Ҳилол ибн Умайя ва яна етти киши;

  • Мунофиқлар.

Али разияллоҳу анҳу биринчи тоифага мансуб эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Мадинада қолдирганлар. «Мунофиқлар «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Алида бир гап борлиги учун уни ташлаб кетдилар», деб гапиришди. Бу гапда Али назардан қолибди, ундан малолланишибди, деган шама бор эди[1]. Гап-сўздан хабар топган Али Мадинадан чиқиб кетаётган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларидан – баъзи ривоятларда «йиғлаб»[2] дейилган – эргашди. «Эй Аллоҳнинг Расули, мени аёллар ва болаларнинг орасида қолдирасизми?!» деди.  «Мусога Ҳорун қандай бўлса, сен мен учун шундай ўринда бўлишдан рози эмасмисан? Фарқи шуки, мендан кейин пайғамбар бўлмайди»[3], деб уни хотиржам қилдилар.

Шиалар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги сўзларини Алининг халифалигига далил қилишади. Чунки Мусо Аллоҳ билан ваъдалашган жойга кетганида Ҳорун унинг ўрнига қолган, дейишади. Улар наздида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин фақат Али халифаликка ҳақлидир.

Шиаларнинг бу даъвоси бир неча жиҳатдан ботил даъводир:

1) Ҳорун Мусога ўринбосар бўлмаган. Машҳур ривоятга кўра, Ҳорун Мусодан бир йил олдин вафот этган[4].

2) Мусо бир гуруҳ кишилар билан йўлга чиққанида Ҳорун бутун қўшин ва халқ билан бирга қолган. Алининг ҳолати эса бунинг тамомила акси бўлиб турибди. Мадинада фақат Пайғамбар буйруғига кўра қолганлар ёки осий кимсалар кўзга ташланарди, холос.

3) Али разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларидан шикоят қилиб келгани боис Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни юпатганлар. Яъни «Сендан ранжиб Мадинада қолдирганим йўқ. Мусо Раббининг ҳузурига кетганида Ҳорунни ўрнига қўйиб кетган ва бу Ҳоруннинг қадрини туширмаган. Шундай экан, Мадинада қолдиришим сенга доғ туширмайди», деган тарзда тушунтириш бердилар. Агар Али Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларидан келмаса бу гаплар ҳам йўқ эди. Борди-ю, Алининг ўрнида бошқа биров қолиб, сўнг юқоридаги шикоят билан ортларидан етиб борса, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ҳам шу йўсиндаги гапларни айтишлари эҳтимолдан узоқ эмасди. Бошқа сафарларда Мадинада қолдирилган кишилар бўлган, бироқ улар Алига ўхшаб шикоят қилиб келмаганлар. Чунки улар аёллар ва болалар билангина қолмасдилар, шаҳарда бошқа эркаклар ҳам бўларди. Негаки, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам одатда бутун қўшинни йўлга олиб чиқмасдилар, доим шаҳарда бир қисм одамлар ва қўшин қолдирилган. Али мунофиқларнинг гап-сўзларидан таъсирланиб, бу ишда ўзини айбдордек сезгани боис келиб Пайғамбаримизга шикоят қилди ва Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ҳадис билан унинг безовта дилига малҳам қўйдилар.

4) Табук ғазотида Али Мадинага волий этиб эмас, балки аҳли байтга қаровчи қилиб қолдирилган. Ибн Жарир[5], Ибн Касир[6] ва бошқа сийрат олимлари таъкидлаганидек, Табук ғазотида Мадинага волий этиб Муҳаммад ибн Маслама қолдирилган.

5) Мадинада қолиш Али учун айрича фахр ва унинг халифалигига далил бўлса, нега Али бу ҳолатдан шикоят қилиб келди? Нима, биз тушунган нарсага Алининг ақли етмадими?! Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўринларига халифа эканлигини билганида Али шундай йўл тутармиди?

6) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Алидан бошқаларни ҳам қолдирганлар. Масалан, Табук ғазотидан кейин Ҳажжатул вадоъга отланганларида Мадинада қолдирилган одам Али разияллоҳу анҳу эмасди, бу вақтда у Яманда эди.

Алининг Ҳорунга ўхшатилишига келсак, Абу Бакр билан Умар бундан-да улуғ зотларга ўхшатилганлар. Бадр ғазотида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам асирлар хусусида машварат қилдилар. Абу Бакр асирларни товон пули эвазига озод қилишни, Умар эса уларни қатл этишни маслаҳат бердилар.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр разияллоҳу анҳуни Иброҳим ва Исо алайҳимассаломга ўхшатиб, бу икки Пайғамбарнинг сўзларидан иқтибос келтирдилар: «Эй Раббим, бут-санамлар кўп одамларнинг ҳақ йўлдан адашиб кетишларига сабаб бўлди. Ким тавҳидда менга эргашса, у менинг динимда ва йўлимдадир. Ким ширк даражасига етмаган ишларда менга хилоф қилса, албатта Сен ўз фазлинг билан гуноҳкорларнинг гуноҳини кечирувчи, уларга раҳмли зотсан, истаган бандаларингни кечирасан» (Иброҳим, 36).

«Эй Аллоҳ, уларни азобласанг, Ўзингнинг бандаларинг. Агар мағфиратингга элтувчи ишларни қилган кишиларни ўз раҳматинг билан мағфират қилсанг, Сен ҳеч ким бас келолмайдиган қудратли, барча ишларида ҳикмат соҳиби бўлган зотсан» (Моида, 118).

Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар разияллоҳу анҳуга юзланиб, уни Нуҳ ва Мусо алайҳимассаломга ўхшатдилар-да қуйидаги оятларни ўқидилар:

«Нуҳ айтди: «Парвардигорим, ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин» (Нуҳ, 26).

«Мусо деди: «Эй Раббимиз, Сен Фиръавн ва унинг қавмидаги зодагонларга бу дунёнинг зеб-зийнатли матоларини бердинг. Улар Сенга шукр қилишмади, билъакс, ато этганинг бу матоларни одамларни Сенинг йўлингдан оздиришга ишлатишди. Эй Раббимиз, Сен уларнинг мол-мулкларини вайрон қил, ундан фойдалана олишмасин. Уларнинг дилларини муҳрлаб қўйки, иймонга очилмасин ва улар жуда қаттиқ аламли азобни кўзлари билан кўрмагунларича иймон келтиришмасин» (Юнус, 88)[7].

Иброҳим, Исо, Нуҳ ва Мусо алайҳимуссалом «улул азм» пайғамбарлар бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин турувчи энг сара инсонлардир. Улар Ҳорун алайҳиссаломдан юқори мартабада турадилар. Алининг Ҳорунга, икки халифанинг «улул азм» пайғамбарларга ўхшатилишини таққослайдиган бўлсак, ташбеҳда Али у иккисидан ўтиб кетган эмас.

[1] «Мухтасар Тарихи Ибн Асокир», 17/347.
[2] Аввалги манба, 17/345.
[3] Бухорий (3706) ва Муслим (2404) ривояти.
[4] «Тарихи Табарий», 1/304; «Бидоя ва ниҳоя», 1/297.
[5] «Тарихи Табарий», 2/368. Бироқ бу китобда: «Мадинага Субоъ ибн Арфата волий этиб қолдирилди», дейилган.
[6] «Бидоя ва ниҳоя», 5/7.
[7] Аҳмад ривояти, 1/383.

Изоҳ қолдиринг