Мазкур ривоят на санад ва на матн жиҳатидан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга боғланиши исботланган.
Ҳадисни Имом Ҳоким Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан икки йўл орқали ривоят қилган[1]. Биринчи йўлда Абу Салт Ҳаравий бор.
Абу Салт Ҳаравий ҳақида мунаққид муҳаддисларнинг фикри:
Абу Ҳотим: «Мен уни ишончли деб билмайман».
Уқайлий: «Жирканч рофизий».
Ибн Адий: «Ёлғонда гумон қилинган».
Насоий: «Ишончсиз».
Дурийдан нақл қилинишича, фақат Яҳё ибн Маин уни ишончли деб айтган. Ибн Миҳраз нақл қилишича, Яҳё ибн Маин Абу Салт ҳақида «Ёлғон ривоят қиладиганлардан эмас», деган.
Иккинчи санадда уч киши бор:
Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳаким. Бу киши ҳақида «ривояти бўш», дейилган.
Ҳасан ибн Фаҳм. Бу киши ҳақида «ривояти кучли эмас» деган сўз бор.
Сулаймон ибн Меҳрон Аъмаш. Бу киши ишончли, лекин мудаллис, яъни ҳадисни бевосита шайхидан эшитмаган бўлса-да, ундан эшитгандек қилиб кўрсатади. Устига-устак ушбу ҳадисни шайхидан бевосита эшитганини очиқ айтмасдан «анъана» (фалончидан ривоят қилинади) тарзида келтирган.
Мазкур ҳадисни кўп олимлар заифга чиқарган.
Имом Бухорий: «Бу ҳадис мункар, унинг бирон саҳиҳ кўриниши йўқ»[2].
Нававий, Заҳабий, Ибн Таймия ва Албонийлар тўқима ҳадис деганлар[9].
Ҳадис матнининг носаҳиҳлигига далиллар:
Олим киши ҳақида «Илм шаҳри» деб мақталмайди, чунки шаҳар чегараланган бўлади. Олимни «илм денгизи», «илм осмони» ёки «илм фазоси» каби сифатлар билан таъриф-тавсиф қилиш мумкин.
Агар «Али илм шаҳрининг дарвозаси» дейилса, бутун инсониятга Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам эмас, балки Али жўнатилган бўлиб қолади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илмларини барча саҳобалар ва мўминларнинг оналари одамларга етказишган. Модомики шундай экан, қайси асосга биноан «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илмлари фақат илм шаҳрининг дарвозасидан, яъни Алидан олиниши керак» деб даъво қилинади?!