Алининг шижоати, Аллоҳнинг арслонларидан ва мушрикларга қаратилган қиличларидан бири бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. Биз Алини шижоатда барча саҳобалардан устун қўйиш учун қандай асосга эгамиз? Келинг, ана шу масалани ойдинлаштириб олайлик.
Али разияллоҳу анҳунинг барча саҳобалардан шижоатда устун қўйилиши тўғри бўлмайди. Чунки икки нарса кишининг жасоратидан дарак беради:
Қалб қуввати ва матонат; 2. Курашдаги жисмоний шиддат.
Биринчиси, яъни қалб қуввати ва саботи довюраклик демакдир.
Иккинчиси, яъни курашдаги жисмоний шиддатга келсак, у жисмоний бақувватликни кўрсатади. Яхши урушадиганларнинг ҳаммаси ҳам шижоатли бўлавермайди. Аксинча, жисмонан заиф одам ҳам жуда жасур бўлиши мумкин. Айрим кишилар ўзлари ишонган одамлар билан бирга бўлганларида мардликнинг ғаройиб намуналарини кўрсатиб, ёлғиз қолганларида юраги дов бермай, ўзларини йўқотиб қўйишлари кўп кузатилади. Қалби қувватли, собит инсон жисмонан заиф бўлса-да, хавф-хатарлар чоғи эсанкирамайди, машаққатга тик боқади. Йўлбошчи ва саркардалар жисмоний қувватга қараганда қалб собитлигига, ички қувватга кўпроқ муҳтожлик сезадилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам етакчи ва раҳнамо кишиларга зарур бўлган ана шундай қалб шижоатига эга эдилар. Ҳолбуки, ўз қўллари билан фақат бир кимсани – Убай ибн Халафнигина ўлдирганлар.
Али ва бошқа саҳобалар – гарчи кўплаб мушрикларни қиличдан ўтказган бўлсалар-да – энг оғир паллаларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан паноҳ топардилар[1]. Чунки довюраклик бобида уларнинг ҳеч бири Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга тенглашолмасди.
Ҳақиқий шижоат бобида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин Абу Бакр Сиддиқ туради. Айнан у энг қалтис вазиятларда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга туриб, у зот учун қалқон бўлар, қийинчилик шиддати уни тебрата олмасди. Ҳижрат сафарида, ундан аввал ва кейин бўлиб ўтган барча ҳодисаларда ҳамиша қўли ҳамда тили билан Пайғамбаримизнинг кўмакларида турган. Бадр жангида мушрикларнинг асосий мақсади Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириш эканини яхши билса-да, чодирда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ёнма-ён турди.
Мушрикларни қиличдан ўтказиш масаласига келсак, Холид ибн Валид ва Баро ибн Молик каби саҳобалар кофирларни Алидан кўпроқ ўлдиришган. Зубайр, Талҳа ва Саъдлар бу борада Али билан бир хил бўлганлар.
[1] Мажлисий «Биҳорул анвор» китобида (16/232) Али разияллоҳу анҳу Бадр куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларида ҳимояланганини ривоят қилган.