Қабрга ҳаж қилиш (1)

0

324. Қабрга ҳаж қилиш

«Маълумки, бирор шайх, имом ёки пайғамбарнинг қабрига сафар қилиб бориш ҳаж ибодатидан афзал деб эътиқод қилган кимса кофир бўлади. Агар бу киши одам ўлдириш ҳаром эканини ва бу ишни қилиши билан гуноҳкор бўлишини билатуриб одам ўлдирса, унинг бу гуноҳи бутларга ҳаж қилиш Байтуллоҳга ҳаж қилишдан афзал дейишининг гуноҳидан енгилроқдир.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Эй Аллоҳ, қабримни сиғиниладиган бут қилиб қўйма[1] деган сўзлари қабрлар ҳам бут қилиб олиниши мумкинлигига далил бўлади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу иш содир бўлишидан қўрққанлари учун Аллоҳга дуо қилиб, қабрларини бу ҳолга туширмаслигини сўрадилар. Аллоҳ у зотнинг дуоларини ижобат қилиб, адашган мушрикларга бу имкониятни бермади[2]. Улар Расулуллоҳнинг қабрларини бошқалар қабрига ўхшатиб, унга ҳаж қилиб бориладиган ва у ерда Аллоҳдан ўзгага дуо қилинадиган бут қилиб олишни хоҳлашар эди. Бироқ Аллоҳ «Пайғамбари (Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бошқа барча динлардан олий қилиш учун ҳидоят ва ҳақ дин билан юборган зотдир. Аллоҳнинг Ўзи (ушбу ваъдасининг рўёбга чиқишига) етарли гувоҳдир” (Фатҳ, 28)»[3].

Пайғамбарлар ва бошқалар қабрига сафар қилиб боришни Аллоҳнинг уйи бўлмиш Каъбага ҳаж қилиб боришдан афзал дейиш «кофир бўлиш ва Ислом динидан қайтиш эканига мусулмонлар иттифоқ қилган»[4].

«Одамларни қабрларга бориб ҳаж қилиш, ўликларга дуою илтижо қилиш ва улардан мадад сўрашга буюрадиган, қабрларга сафар қилиб боришни муқаддас уч масжидга сафар қилишга тенглаштирадиган ёки улардан ҳам афзал дейдиган кимсалар бутпарастлар қабилидан бўлган, қабрларни бут қилиб олган мушриклардир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рабларига дуо қилиб сўраган, “Эй Аллоҳ, қабримни сиғиниладиган бут қилиб қўймагин! Пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олган кимсаларга Аллоҳ қаттиқ ғазаб қилади[5] дея хабар берган иш айнан шудир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини бут қилиб олиш мақсадида ҳеч ким унга етиша олмайди. Фақатгина у зотнинг масжидларига бориши мумкин. Бироқ мусофирнинг масжидга боришдан мақсади ёки гумони Расулуллоҳнинг қабрларини ҳам бошқаларнинг қабри каби бут қилиб сиғиниш бўлиши мумкин. Аммо у бошқаларнинг бут қилиб олинган қабрларидан фарқли ўлароқ Расулуллоҳнинг қабрлари билан бу ишни қила олмайди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарлар қабрларини масжид қилиб олган кимсаларни лаънатлаганлари[6] ва умматларини бундан қайтарганлари[7] талай саҳиҳ ҳадисларда келган. Модомики қабрни масжид қилиб олиб, у ерда Аллоҳ таолога намоз ўқиган ва Аллоҳга дуо қилган одам лаънати саналар экан, у ерга Аллоҳдан ўзгага дуо қилиш, У зотдан бошқага илтижо, тавба-тазарру қилиш ва хорланиб бош эгиш учун борадиган кимса лаънатга янада ҳақлироқ бўлади. Аслида қилган иши ушбу очиқ ширкка сабаб бўлиб қолмаслиги учун биринчи киши лаънатланган эди.

Маълумки, пайғамбарлар ва солиҳлар қабрига сафар қилиб борадиган кишилар шу каби ишлар қилишади ва у жойларга шу мақсадда сафар қилишади. Ким шу ишга буюрса ва уни мустаҳаб деб билса, у Аллоҳга ширк келтириш ва Ундан ўзгани илоҳ қилиб олишга буюраётган бўлади. Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган ва уни қилганни лаънатлаган ишга буюраётган бўлади. Гуноҳларнинг энг каттаси ширкдир. Бу ҳақда «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда айтилган. Ибн Масъуддан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Аллоҳ таоло ҳузурида энг катта гуноҳ қайси?» деб сўраган эдим, «Аллоҳ таоло сени яратгани ҳолда сен Унга ширк келтиришинг», дедилар. Мен: «Ундан кейинчи?» деб сўрадим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Таомингга шерик бўлишидан қўрқиб, ўз болангни ўлдиришинг», дедилар. Мен: «Ундан кейинчи?» деб сўрадим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қўшнингнинг хотини билан зино қилишинг», деб жавоб қилдилар. Бунинг тасдиғи ўлароқ Аллоҳ таоло: «Улар Аллоҳ билан бошқа бирон илоҳга дуо ва ибодат қилмайдилар, Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирмайдилар ва зино қилмайдилар…» (Фурқон, 68) оятини нозил қилди”[8].

Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ (бирон маҳлуқотини) Унга шерик қилган кимсани кечирмайди. Истаган бандаларининг ширкдан бошқа ҳар қандай гуноҳини кечиради” (Нисо, 48)»[9].

[1] Ҳадис тахрижи 99-масалада ўтди.
[2] Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлари олдида ҳеч ким ширк қила олмайди, бошқаларнинг қабридан фарқли ўлароқ, ҳатто у зотнинг қабрлари олдига бора олмайди» («Қоида азима», 67-бет).
Яна бундай дейди: «Агар: “Баъзилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлари олдида шунга ўхшаш ишлар қилиши мумкин-ку?!” десангиз, сизга бундай жавоб бераман: “Қабр олдида ҳеч ким ундай қила олмайди. Чунки Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг: «Эй Аллоҳ, қабримни сиғиниладиган бут қилиб қўймагин» деган дуоларини ижобат қилган. Бироқ у зотнинг масжидларида айрим жоҳил кимсалар шундай ишлар қилиши мумкин.
Ислом шариатини билган кишилар шариатда бор бўлган ишларнигина қилиши ва анавиларни қўлдан келганча мункардан қайтариши керак, токи барча зиёратчилар залолат устида жамланиб қолмасин”» («Мажмуъул фатово», 27/268-269).
[3] «Ар-радду алал Ихноий», 388-389-бетлар.
[4] Аввалги манба, 354-бет.
[5] Ҳадис тахрижи 99-масалада берилди.
[6] Ҳадис тахрижи 181-масалада ўтди.
[7] Ҳадис тахрижи 99-масалада берилди.
[8] Бухорий (6811) ва Муслим (86) ривояти.
[9] «Ар-радду алал Ихноий», 465-467-бетлар.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг