Тафсири муяссар, Моида сураси, 101-108 оятлар

0

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَسْأَلُوا عَنْ أَشْيَاءَ إِنْ تُبْدَ لَكُمْ تَسُؤْكُمْ وَإِنْ تَسْأَلُوا عَنْهَا حِينَ يُنَزَّلُ الْقُرْآنُ تُبْدَ لَكُمْ عَفَا اللَّهُ عَنْهَا ۗ وَاللَّهُ غَفُورٌ حَلِيمٌ ﴿101﴾

101. Эй Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган ва Аллоҳнинг шариатига амал қилган кишилар, сизлар дин ишларидан ҳали ўзингизга буюрилмаган нарсалар ҳақида сўраманглар! Масалан, ҳали содир бўлмаган ишлар ҳақида ёки сўровингиз ортидан шариатда оғирликлар келиши мумкин бўлган нарсалар ҳақида сўрамангки, агар шу ишларга буюрилсангиз, сизларга оғирлик қилиб қолади. Агар бундай ишлар ҳақида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлик чоғида ва унга Қуръон нозил бўлиб турган пайтда сўрасангиз, унинг ҳукми сизларга баён қилиб берилади ва эҳтимолки, зиммангизга юкланса, сизлар унга ожизлик қилиб қоласиз. Аллоҳ таоло бу нарсаларни бандаларига енгиллик ўлароқ тарк қилган. Аллоҳ тавба қилган бандаларининг гуноҳларини кечирувчи, уларга жазо ва уқубат туширмайдиган ҳалим зотдир.

قَدْ سَأَلَهَا قَوْمٌ مِنْ قَبْلِكُمْ ثُمَّ أَصْبَحُوا بِهَا كَافِرِينَ ﴿102﴾

102. Сизлардан аввалги қавмлар ҳам ўз пайғамбарларидан шу каби саволларни сўраган эдилар. Сўнг ўзларига фарз қилингач, уларни инкор қилишди ва бажаришмади. Сизлар ҳам уларга ўхшаб қолишдан ҳазир бўлинглар!

مَا جَعَلَ اللَّهُ مِنْ بَحِيرَةٍ وَلَا سَائِبَةٍ وَلَا وَصِيلَةٍ وَلَا حَامٍ ۙ وَلَٰكِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا يَفْتَرُونَ عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ ۖ وَأَكْثَرُهُمْ لَا يَعْقِلُونَ ﴿103﴾

103. Мушриклар чорва ҳайвонлари борасида пайдо қилган бидъатларни, яъни уларнинг баъзиларидан фойдаланмай ташлаб қўйиш ва бутларга атаб қўйиш каби хурофот ишларни Аллоҳ таоло жорий қилган эмас. Шундай ҳайвонлардан бирини “баҳийра” деб номлашган. У маълум адад туққан урғочи туя бўлиб, унинг қулоғини кесиб, қўйиб юборилар эди. Яна бири “соиба” бўлиб, у ҳам бутларга атаб қўйиб юборилган ҳайвон эди. Кетма-кет икки урғочи бўталоқ туққан она туяни “васийла” деб атардилар. Пуштидан маълум адад бўталоқлар туғилганидан кейин эркак туяни “ҳомий” деб атар (ва бутларга деб чиқариб қўяр) эдилар. Кофирлар бу ишларни ўзлари уйдириб, Аллоҳ таолога нисбатладилар. Кофирларнинг кўплари ҳақни ботилдан ажрата олмайди.

وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ تَعَالَوْا إِلَىٰ مَا أَنْزَلَ اللَّهُ وَإِلَى الرَّسُولِ قَالُوا حَسْبُنَا مَا وَجَدْنَا عَلَيْهِ آبَاءَنَا ۚ أَوَلَوْ كَانَ آبَاؤُهُمْ لَا يَعْلَمُونَ شَيْئًا وَلَا يَهْتَدُونَ ﴿104﴾

104. Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаромга чиқарган ўша кофирларга: “Ҳалол ва ҳаромни аниқлаб олиш учун Аллоҳ нозил қилган Қуръонга ва Аллоҳнинг пайғамбарига келинглар” дейилса, улар: “Бизга ота-боболаримиздан қолган сўз ва ишлар етарлидир”, деб айтишади. Ота-боболари ҳеч нарсани билмайдиган, ҳақни англамаган ва ҳақни топмаган кишилар бўлган бўлса ҳам шундай дейишадими?! Аҳвол шу бўлса, қандай қилиб ота-боболарига эргашишади?! Зотан, бундай кимсаларга ўзларидан ҳам жоҳилроқ ва адашганроқ одамларгина эргашади-ку!

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا عَلَيْكُمْ أَنْفُسَكُمْ ۖ لَا يَضُرُّكُمْ مَنْ ضَلَّ إِذَا اهْتَدَيْتُمْ ۚ إِلَى اللَّهِ مَرْجِعُكُمْ جَمِيعًا فَيُنَبِّئُكُمْ بِمَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ ﴿105﴾

105. Эй Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган ва Аллоҳнинг шариатига амал қилганлар, ўзингизни Аллоҳга итоат қилишга ва Унга осий бўлмасликка мажбурланг, гарчи одамлар қабул қилмасалар ҳам шу ишда давом этинг! Шундай қилсангиз ва тўғри йўлни тутиб, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарсангиз, адашган кимсаларнинг залолати сизларга зарар бермайди. Охиратда барчангиз Аллоҳ ҳузурига қайтасиз. Аллоҳ сизларга дунёда қилиб ўтган ишларингиз хабарини беради ва шунга яраша жазо ё мукофот беради.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا شَهَادَةُ بَيْنِكُمْ إِذَا حَضَرَ أَحَدَكُمُ الْمَوْتُ حِينَ الْوَصِيَّةِ اثْنَانِ ذَوَا عَدْلٍ مِنْكُمْ أَوْ آخَرَانِ مِنْ غَيْرِكُمْ إِنْ أَنْتُمْ ضَرَبْتُمْ فِي الْأَرْضِ فَأَصَابَتْكُمْ مُصِيبَةُ الْمَوْتِ ۚ تَحْبِسُونَهُمَا مِنْ بَعْدِ الصَّلَاةِ فَيُقْسِمَانِ بِاللَّهِ إِنِ ارْتَبْتُمْ لَا نَشْتَرِي بِهِ ثَمَنًا وَلَوْ كَانَ ذَا قُرْبَىٰ ۙ وَلَا نَكْتُمُ شَهَادَةَ اللَّهِ إِنَّا إِذًا لَمِنَ الْآثِمِينَ ﴿106﴾

106. Эй Аллоҳ ва Расулига иймон келтириб, Аллоҳнинг шариатига амал қилганлар, сизлардан бирингизнинг ажали яқинлашса, мусулмонлардан икки омонатдор кишини ўз васиятига гувоҳ қилсин. Ёки мусофирлик ҳолингизда ажал етса ва зарурат пайтида мусулмон киши топилмаса, мусулмон бўлмаган икки кишини гувоҳ қилинглар. Агар гувоҳлар тўғри гувоҳлик беришларига шубҳалансангиз, намоздан кейин, хоссатан аср намозидан кейин уларни тургизинглар. Улар туриб, Аллоҳ номига қасам ичсинлар ва: “Бу қасамимиз эвазига бирон ҳақ олмаймиз, бу билан бирон кишига, гарчи қариндошимиз бўлса-да, тарафкашлик ҳам қилмаймиз ва бу қасамимиз билан Аллоҳ учун берган гувоҳлигимизни яширмаймиз. Агар шундай қилсак, биз гуноҳкорлардан бўламиз”, деб айтсинлар.

فَإِنْ عُثِرَ عَلَىٰ أَنَّهُمَا اسْتَحَقَّا إِثْمًا فَآخَرَانِ يَقُومَانِ مَقَامَهُمَا مِنَ الَّذِينَ اسْتَحَقَّ عَلَيْهِمُ الْأَوْلَيَانِ فَيُقْسِمَانِ بِاللَّهِ لَشَهَادَتُنَا أَحَقُّ مِنْ شَهَادَتِهِمَا وَمَا اعْتَدَيْنَا إِنَّا إِذًا لَمِنَ الظَّالِمِينَ ﴿107﴾

107. Агар майитнинг эгалари ўша икки кишининг гувоҳлик ё васият борасида хиёнат қилиб, гуноҳ қилишганини билсалар, у ҳолда у иккиси ўрнига майитнинг эгаларидан икки киши гувоҳликка туриб, Аллоҳ номига қасам ичадилар ва: “Бизнинг рост гувоҳлигимиз буларнинг ёлғон гувоҳлигидан кўра қабул қилинишга лойиқроқ. Биз ўз гувоҳлигимизда ҳаққа тажовуз қилмадик. Агар ноҳақ гувоҳлик берсак, у ҳолда Аллоҳ белгилаган чегараларни хатлаб ўтган золимлардан бўлиб қоламиз”, деб айтадилар.

ذَٰلِكَ أَدْنَىٰ أَنْ يَأْتُوا بِالشَّهَادَةِ عَلَىٰ وَجْهِهَا أَوْ يَخَافُوا أَنْ تُرَدَّ أَيْمَانٌ بَعْدَ أَيْمَانِهِمْ ۗ وَاتَّقُوا اللَّهَ وَاسْمَعُوا ۗ وَاللَّهُ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الْفَاسِقِينَ ﴿108﴾

108. Ўша икки гувоҳ ҳақида шубҳа пайдо бўлган пайтда намоздан сўнг қасам ичишлари ва уларнинг гувоҳлиги қабул қилинмаслиги ҳақидаги бу ҳукм уларни тўғри гувоҳлик беришга ундайди. Зеро, улар охират азобидан қўрқиб ёки ёлғон гувоҳликлари ҳақ эгаларининг қасами билан рад этилишидан ва хиёнатлари ошкор бўлиб, ёлғончи деган иснодга қолишдан қўрққанларидан тўғри гувоҳлик берадилар. Эй одамлар, Аллоҳдан қўрқинг, Аллоҳ сизларни доим кузатиб турганини ҳис этган ҳолда ёлғон қасам ичишдан тийилинг, қасамларингиз билан бировнинг молига ноҳақ эгалик қилманг, ваъз-насиҳатга қулоқ тутинг! Аллоҳ таоло итоатсиз фосиқ кимсаларни ҳидоят қилмайди.

Изоҳ қолдиринг