Албатта, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга қариндош бўлиш ҳамма учун шараф, лекин бу шарафга инсон ўз ҳаракати билан эриша олмайди-да! Бинобарин, бу сифат Аллоҳ ҳузурида кишини олға силжитмайди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимни амали секинлаштирса, насаби уни тезлаштирмайди»[1].
Агар насаб яқинлигининг ўзи етарли бўлсайди, Абу Лаҳабнинг ошиғи олчи бўларди.
Али Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга насаб жиҳатидан энг яқин инсон бўлмаган. У зотнинг амакилари Аббос билан Ҳамза Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинроқдирлар. Шунингдек, набиралари Ҳасан ва Ҳусайн Алидан кўра яқинроқ эдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос, Жаъфар, Фазл ибн Аббос, Ақил ва бошқалар қариндошлик жиҳатидан Али билан бир хил мартабада турадилар.
Хулафои рошидиннинг ичида насаб жиҳатидан Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга энг яқини Али бўлган, дейилса, бу бошқа гап. Лекин шунинг ўзи халифаликни Али эгаллаши учун сабаб бўлолмайди. Қолган уч халифа қариндошликдан бенасиб эмасдилар. Усмон Абдуманофда Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шажараларига қўшилса, Абу Бакр ва Умар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Каъб ибн Муррада учрашадилар.