Алининг санамларга ибодат қилмаганини ҳамма бир овоздан таъкидлаган. Гўдаклигидан Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонларида униб-ўсган Али қандай қилиб бут-санамларга сиғиниши мумкин?!
Абу Толибнинг камбағаллиги сабабли Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам, Аббос ва Ҳамзалар унинг учта боласини ўзларига олиб тарбия қилишган. Ҳамза Жаъфарни, Аббос Ақилни ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Алини олганлар. Бу воқеа рисолатдан аввал бўлиб ўтган. Ўшанда Алининг уч-тўрт яшар бўлгани тахмин қилинади. Уч ёшидан Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларида катта бўлган бола санамларга сиғиниши мумкинми?!
Санамларга сиғинмаган фақат Али эмасди. Абу Бакр ҳам санамларга асло ибодат қилмаган. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Умар, Ибн Аббос, Ибн Зубайр ва кичик ёшли саҳобаларнинг биронтаси бут-санамларга топинмаганлар.
Мана биз ҳам санамларга сажда қилмаганмиз-ку?! Замон ва макон сабабли санамларга сиғинмаган кишилар санамларга топиниб, сўнг тавба қилган инсонлардан афзал бўлиб қоладиларми?!
Ақил, Жаъфар, Аббос ва Убайда ибн Ҳорислар жоҳилиятда санамларга сиғинишган. Исломга кирганларидан сўнг улар қандай улуғ одамларга айланишган!