Баҳсимиз якунида ҳар бир инсонда табиий равишда туғиладиган саволларни санаб ўтмоқчимиз.
Халифалик масаласида Алининг ҳаққини одамлар беркитган бўлишса, уларни шу иш атрофида нима бирлаштирган? Хўш, Алининг ҳаққини яширишдан уларга қандай манфаат бор эди?! Одамлар Алига нисбатан шунча ноҳақлик қилган бўлсалар, Усмоннинг ўлимидан сўнг нега унга байъат бериб, хайрихоҳлик қилишди?
Али халифаликка сайлангач нега Абу Бакр ва Умарнинг ҳукмларини ўзгартирмади?
Ансорийлар даставвал Абу Бакр билан Умарнинг фикрига қўшилмаган эдилар, нима учун Али ҳам норозилик билдирмади?
Нега одамлар Абу Бакрни бирдек қабул қилишди, ваҳоланки, Абу Бакр уларни қўрқитгани ёки қизиқтиргани йўқ, одамлардан ҳимоя қиладиган қариндош-уруғи ҳам кўп бўлмаган-ку? Эсланг, у ансорлар ҳузурига бор-йўғи икки киши – Умар ва Абу Убайда ҳамроҳлигида борган эди.
Абу Бакр халифаликни ноҳақ эгаллаб олган бўлса, нега саҳобалар жим қараб туришди, нега Алининг ўзи қаршилик кўрсатмади? Абу Бакр одамларни мол-дунёси билан ўзига оғдириб олгани ёки қўриқчи ва қўшини қуршовида иш юритгани йўқ эди-ку!
Ҳамма-ҳамма уларга ташланишини билган ҳолда барча арабларга, балки бутун ер юзига қарши юришдан тап тортмаган, Аллоҳ ва Расулининг чин ёрдамчилари бўлган, ҳақ йўлида моллари ва жонларини фидо этган ансорлар нега Алининг тарафини олишмади? Али ансорлардан ҳеч кимни ўлдирмаган, ҳатто чертмаган бўлса, нега улар охиратларини бировларнинг дунёсига алиштирдилар? Муҳожирлар-чи? Ҳақ букилиб, ботил гердайса, уларнинг иши йўқмиди?
Агар сизлар айтгандек Абу Бакр билан Умар Алини халифаликдан узоқлаштиришга ҳаракат қилган бўлсалар, нима учун Умар Алини Шўрога киритди? Нима учун уни янада узоқроқ қилишга уринмади? Алининг ўзи-чи, нега Шўрога киришдан бош тортмади?
Абу Бакр ва Умар халифалик қилган даврда Али бирон марта уларга қарши чиқмаган. Нега ўз ихтиёри билан уларга байъат бериб, Аллоҳ йўлида мудом ёрдамчи бўлиб турди?
Жасорати ва мардлиги билан донг таратган Бани Ҳошим уруғи нега Алининг тарафини олмади? Алининг ҳаққи поймол этилган бўлса, ҳошимийлар қараб туравердими?
Абу Бакр, Умар ва Усмон халифа бўлиб ўзлари учун нима орттирдилар?
Абу Бакр халифа бўлиб бойлик тўпламади, мол-мулк қолдирмади, биронта қариндошига мансаб бермади. Умар ва Усмон ҳам Абу Бакрнинг йўлини тутдилар. «Усмон яқин қариндошларини мансабга ўтқазди» деган айбловга келсак, биз бунга ва Усмонга қўйилган бошқа айбловларга ўз ўрнида батафсил жавоб бериб ўтганмиз. Саҳобаларнинг барчаларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.