Муҳаддислар амири – Имом Бухорий (5)

0

Бухорийга берилган синов

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ бениҳоят баланд обрў ва мартабага эришди. Бундай мартабага фақат олимларгина эришиши мумкин. Лекин ҳасадчи ва ғаразгўйлар ҳам тинч туришмади. Зеро, бу Аллоҳ таолонинг илоҳий суннати – қонуни экан; Инсоннинг нафси (агар Аллоҳнинг ўзи асрамаса) ўзидан устунини кўролмас экан.

Бухорий кўп ва узоқ сафарлар қилди, ислом умматининг энг катта шайхларидан дарс олди, китоблар ёзди ва бу нарсалар уни одамлар ўртасида машҳур бўлишига сабаб бўлди. Бухорий роҳимаҳуллоҳ Найсопурга келиб, у ерда яшамоқчи бўлди. Бироқ у ердаги баъзи уламолар ҳасад қилиб, унга ҳар хил туҳматлар қилишди ва ундан шаҳар волийсига шикоят қилишди. Шунда у Найсопурдан чиқиб, киндик қони тўкилган ватани Бухорои шарифга қайтди. Бухороликлар уни тантанали равишда кутиб олдилар. Шаҳарга кираверишда қуббалар тикилди ва Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг устидан тилла тангалар сочилди.

Аллоҳнинг суннати шундай экан, Бухорий роҳимаҳуллоҳ ўзининг ватанига ҳали жойлашиб улгурмасидан Бухоро амири Холид ибн Муҳаммад Зуҳалий ундан саройга келиб ҳадис айтиб беришини сўради. Бухорий роҳимаҳуллоҳ амирнинг элчисига олимларга ярашадиган услубда жавоб бериб, шундай деди: “Амирга бориб айт, мен илмни хорлаб, султонларнинг саройида эшикма-эшик юрмайман. Агар ҳадис ўрганмоқчи бўлса, масжидга ёки уйимга келсин. Агар бу гапим унга ёқмаса, султон сифатида, мени дарс беришдан ман қилиб қўйиши мумкин. Лекин мен қиёмат кунида Аллоҳнинг ҳузурида илмни яширганликда айбланмайман”.

Мутакаббир ҳоким Бухорий роҳимаҳуллоҳга ёмон муносабатда бўлиб, одамларни унга қарши гижгижлашдан бошқа чора тополмади. Ҳатто баъзи нодонлар Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг ҳаққига ёмон гаплар гапириб, одамларни унга қарши қўзғашликка султонни кўндиришди. Шу тариқа улар Бухорий роҳимаҳуллоҳни Бухоро шаҳридан қўвғин қилишди.

Бухорийнинг вафоти

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ бу мусибатларга сабр қилди ва Самарқанддаги Хартанг қишлоғида, ватани Бухородан узоқда ҳижрий 256 йил рамазон ойининг 30-куни, милодий 869 йил 31-августда жон берди. У ўзидан бутун инсониятга фойдаси тегадиган илм қолдирди. Уммат қиёмат кунигача бу китоблардан фойдаланади. Аллоҳ таоло Имом Бухорийни Ўз раҳматига олсин ва қилган амалларига яраша мукофотласин!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг