Аёлларнинг фитнес клуб ва бассейнларга бориши ҳақида

1

Савол:

Маълумингизким, бугунги кунда аёллар учун махсус FITNESS CLUB лар, яъни бассейн, сауна ва шунга ўхшаш мажмуалар мусулмонобод диёрларда кенг тарқалди. Аёлларнинг маҳрамсиз ушбу мажмуаларга бориши жоизми?

Маҳрам билан борган тақдирда ҳам, эркакларни ичкарига киритмайдилар ва аёл киши маҳрами бўлмаган жойда ечиниши ва чўмилиши қандай бўлади?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оилалари ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!

Ислом шариати муслима аёл, унинг ҳаё ва иффатини сақлаши ҳамда унинг фитна ўринларидан йироқ туришига катта эътибор қаратди. Шариат муслима аёлни уйда ўтиришга, зарурат бўлмаса кўчага чиқмасликка буюрди. Мақсад унинг иффатини сақлаш, аёллик қадр-қимматини ҳимоя қилиш ва уни ҳар қандай ёмонликлар ва ёвуз кўзлардан асраб авайлашдир.

Муслима аёлнинг эркак ва аёллар аралаш оммавий клубларга бориши катта мункар ишдир. Абул Малиҳ Ҳузалийнинг ривоят қилишича, Ироқнинг Ҳимс шаҳри ёки Шом аҳлидан бўлган бир қанча аёллар Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига кирадилар. Ойша розияллоҳу анҳо уларга шундай дейди: “Сизларми, аёллари ҳаммомларга кирадиган қавм? Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:Қайси бир аёл эрининг уйидан бошқа жойда кийимларини ечса, шубҳасиз, Раббиси уни тўсиб турган пардани йиртган бўлади– деганларини эшитганман[1].

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирса аёлини ҳаммомга киритмасин[2].

Юқоридаги ҳадисларда зикр қилинган ҳаммомдан мақсад, қадимда мавжуд бўлган оммавий ҳаммомлардир. У пайтларда уйларда ҳаммомлар йўқ бўлган. Аёл кишининг мазкур ҳаммомларга киришдан ман қилишнинг сабаби, унинг ўзгалар олдида авратини очиши, қараш ҳаром бўлган жойларга кўз тушиши ва турли фитналарга дучор бўлишининг олдини олишдир. Шуни таъкидлаш ўринлики, у даврларда эркак ва аёллар аралаш бўлган ҳаммомлар мавжуд бўлмаган.

Бугунги кундаги авратлар очиқ ҳолда кириладиган ҳаммомлар, эркак ва аёллар аралаш бассейнларга киришнинг ҳукми нима бўлади деб ўйлайсиз?!

Баъзи жойларда аёллар учун махсус бассейнлар ташкил қилинган.  Албатта бундай бассейнларга бориш аралаш бассейнларга киришдан гуноҳи ва хатари озроқ бўлсада, бироқ бундай бассейнларга кириш ҳам жоиз эмас. Негаки, бу бассейнларда ҳамма аёллар ҳам авратини тўсиб юрмайдилар. Муслима аёл ҳар қанча шаръий либосга эътибор бермасин, барибир ўша яланғоч аёлларга кўзи тушади. Устига устак, уларни бундай ношаръий ишлардан қайтаролмайдилар. Ундан ташқари ҳозирги фисқу фасод замонида бу клубларда ишлайдиган хизматчилар ва клуб аъзолари орасида Аллоҳдан қўрқмайдиган, диёнатсиз кимсалар ҳам кўп учрайди. Замонавий тасвирга олиш воситалари тараққий этган бир даврда, билдирмасдан аёлларни суратга олиш ва шу тариқа уларни обрўсизлантириш, жамиятда фисқ-фасодни ёйиш жуда қулай ишдир. Бундай кимсаларнинг бу каби ишларга қўл урмаслигига ким кафолат бера олади?!

Қолаверса, бундай клубларга қатнаган муслима аёллар, ўзларининг диний ва дунёвий бурч ва вазифаларидан чалғийдилар. Доимий тарзда бундай клубларга қатнаш, гарчи аёллар жамоати ичида бўлсада кийиниб ечиниш оқибатида аёлларнинг ҳаё ва иффати йўқолиб боради. Аксар ҳолатларда бундай аёллар дугоналар даврасида ва бошқа турли давраларда  бу клубларда кечган “саргузаштлар”ни ҳикоя қилиш билан даврани қизитадилар. Бу бора-бора аёллар ўртасида турли ижтимоий иллатларнинг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади. Шу боис, имкон қадар, зарурат бўлмаса муслима аёл фитна ўринларидан узоқ туриши, Аллоҳ ҳаром қилган ишлар содир этиладиган жойларга қадам босмаслиги вожибдир, валлоҳу аълам.

[1] Абу Довуд (4010) ва Термизий (2803) ривоят қилишган. Термизий ҳадисни ҳасан деган. Шунингдек,  Албоний “Саҳиҳи Термизий” китобида саҳиҳ деган.

[2] Термизий (2801) ривояти. Албоний ҳадисни “Саҳиҳи Термизий” китобида ҳасан деган.

Discussion1 комментарий

  1. Ассаламу алейкум ва рахматуллахи ва баракатуху аллох рози булсин мухим бир замонави масалага чавоб берибсиз
    шу саволда ухшаш айолларнинг денгизларга бориб кийимлари билан булсаямда чумилиши кандай булади?
    Яне денгизлар хам фитна урунларига кирадими

Изоҳ қолдиринг