(Бу мақола Шайх Содиқ Самарқандийнинг “Саҳобаларнинг фазилати” номли аудио дарслари асосида ёзилди)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан мадад сўраб, бугун янги бир мавзу ҳақида дарс бошлаймиз. Бу дарсимиз саҳобаларнинг фазилати ҳақида бўлиб, қуйидаги оятни асос қилиб оламиз: “Сизлардан Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд этган кишилар учун Расулуллоҳда гўзал ибрат бор” (Аҳзоб: 21). Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун башариятни даъват қилиш, иймонга чақириш, уларга ҳақни танитиш, залолат қоронғулигидан ҳидоят нурига олиб чиқиш учун юборди, у кишига Ўз китоби – Қуръони Каримни нозил қилди ва мана шу китоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга ибрат ва намуна эканларини баён қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари, юриш-туришлари, одамлар ва қўни-қўшнилар билан бўлган муомалалари, аёллари билан муносабатлари, хуллас у кишининг ҳаётлари бошидан охиригача бизга ибрат бўлиши керак. Масалан, Расулуллоҳнинг аёллари туҳмат қилиниб, зинода айбландилар, фарзандлари оламдан ўтди, ҳаттоки у кишидан фақат битта фарзанд – Фотима онамиз қолди, унга ҳам Расулуллоҳ вафот этганларидан олти ой ўтиб, оламдан ўтиши хабари берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сеҳргар, каззоб ва шоир деб ҳақорат қилиндилар, камбағал бўлиб яшадилар, касал ҳам бўлдилар, сеҳр ҳам қилиндилар, душманлари билан жанг ҳам қилдилар, сафарга ҳам чиқдилар, совуқда қолдилар, хиёнатни ҳам кўрдилар. Мунофиқлар, мушриклар ва кофирлар билан муомала қилдилар. Бу нарсаларнинг барчаси бизга ибрат бўлиши керак. Шуни таъкидлаб ўтишимиз керакки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларидан ибрат олиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди, балки бу фақатгина “Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд этган кишилар”га насиб этади.
Шу ўринда муҳим бир масалани айтиб ўтмоқчиман. Юқорида айтиб ўтилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари бошидан охиригача бизга ибрат ва мана шу ибратларни бизга етказиб берувчилар саҳобалар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мен саҳобаларнинг ким эканлиги ва улар ҳақида қандай тушунчада бўлишимиз кераклигини батафсил айтиб ўтмоқчиман.
Саҳобалар тарихини ўқишдан олдин биз улар тўғрисидаги эътиқодимизни тўғрилаб олишимиз жуда ҳам муҳимдир. Чунки саҳобалар тўғрисидаги ақида бизнинг иймонимизнинг асосий ва ажралмас бир қисми ҳисобланади. Ақида борасида ёзилган барча китобларда саҳобалар ҳақида сўз юритилишининг сабаби ҳам шунда. Шунинг учун ҳам ақида китобларида, китобнинг ҳажми катта ёки кичиклигидан қатъий назар, ҳатто бир саҳифадан ташкил топган мақола бўлса ҳам, саҳобалар тўғрисида албатта сўз юритилган.
Discussion1 dona sharh
Ассаламу алейкум ва рахматуллахи ва баракатуху оллох рози булсин хакикатда хам схоболар фазилатлатларини укуб урганиб уни кунлик хаетимизга амалга оштириши акида ибодот ахлок ва кунлик хаетимизни тугри йулга йунашилига бир мухим дарслардан деб уйлайман
Аллох таоло манашу бошлаган ишингизни холисона кабул етиб хуснул хотима бирла барчаларимизга унинг амалга оштиришини насиб етсун