Қабр эгаси ё тупроғи билан қасам ичиш (2)

0

Шайх Ибн Боз яна бундай дейди: «Махлуқотлардан бирортаси билан қасам ичиш жоиз эмас. Жумҳур уламолар фикрига кўра, на Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам, на Каъба, на омонат ва на булардан бошқа бирон нарса билан қасам ичиш жоиздир. Баъзи олимлар бу тўғрида ижмо борлигини айтган. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан қасам ичиш жоиз экани ҳақида шоз ихтилоф ривоят қилинган, бироқ бу гапнинг далили йўқ. Аксинча, у ботил гап бўлиб, аввалги уламолар ижмосига ва бу бобда келган саҳиҳ ҳадисларга зиддир»[1].

Имом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мусулмонларнинг аввалгию кейинги уламолари тўғри деб билган фикр шуки, махлуқотлардан ҳеч бирининг номига қасам ичиб бўлмайди. Қасам ичилаётган кимса пайғамбарлардан, фаришталардан, подшоҳлардан, машойихлардан ё оддий одамлардан бири бўладими, фарқи йўқ. Аксар уламолар наздида, жумладан, Абу Ҳанифа ва бошқалар мазҳабида мазкур тақиқ ҳаромни ифода этадиган тақиқлар сирасига киради. Аҳмад мазҳабидаги икки фикрдан бири ҳам шудир»[2].

Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий Моликий айтади: «Ким бўлишидан қатъи назар махлуқотлардан бирортаси билан ичилган қасам инобатга олинмайди. Қолаверса, бундай қасам динда олим ҳисобланган кишилар ижмосига ва Аллоҳдан ўзгага қасам ичиб бўлмаслиги тўғрисида келган очиқ далилларга кўра жоиз эмасдир»[3].

Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг икки ўғли Шайх Абдуллоҳ ва Шайх Ҳасан раҳимаҳумуллоҳдан сўралди: «Аллоҳдан бошқа билан, масалан, бирор пайғамбар ёки валий билан, ёки фалончининг боши ёки хоки билан қасам ичса нима бўлади, бу иш ширкми ёки макруҳ?» Уларнинг жавоби қуйидагича бўлди: «Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш кичик ширк турларига киради. Бироқ айтувчининг ҳолати ва мақсадига кўра катта ширкка айланиши ҳам мумкин. Куфр ва ширк бир неча хил бўлади. Айримлари диндан чиқармайди. Мисол учун Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо Аллоҳ таолонинг: “Ким Аллоҳ нозил қилган нарса шариат билан ҳукм қилмаса, ана ўшалар кофирдирлар” (Моида, 44) ояти тафсирида: “Куфр даражасига етмаган куфр, зулм даражасига етмаган зулм, фисқ даражасига етмаган фосиқлик”, деган[4]. Агар кимдир билмасдан ё унутиб Аллоҳдан бошқанинг номи билан қасам ичса, Аллоҳдан мағфират сўрасин ва «лаа илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ), десин. Бу ҳақда «Саҳиҳи Бухорий»да[5] ҳадис келган: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким қасам ичса ва қасамида «Лот ва Уззога қасам» деса, дарҳол «Лаа илаҳа иллаллоҳ» десин”»[6].

Шавконий деди: «Бизга етиб келган ва тўғрилигида шубҳа бўлмаган талай хабарларга кўра, ўша қабрпарастларнинг кўпларидан Аллоҳ номига қасам ичиш талаб қилса, Аллоҳ номига тап тортмай ёлғон қасам ичаверади. Шундан сўнг унга: “Энди ўзинг эътиқод қиладиган фалончи шайх ёки валий номига қасам ич” дейилса, тили тутилиб, қасам ичишга ботинолмай қолади ва ноилож ҳақни тан олади. Шу нарса уларнинг ширклари «Аллоҳ иккитанинг иккинчиси» ёки «учтанинг учинчиси» дейдиганларнинг ширкидан ҳам ўзиб кетганига очиқ-ойдин далил бўлади»[7].

Ҳазрамавтлик тарихчи Салоҳ Бакрий айтади: «Аксар одамлар қабрларга қасам ичади. Агар қасамларини бузиб қўйишса, ўша қабрдан Аллоҳдан қўрққандан кўпроқ қўрқади. Кўпинча низолашиб қолган инсонлар рақибидан Аллоҳ ёки Қуръон билан қасам ичганидан кўра қайсидир муқаддас қабр номи билан қасам ичишини талаб қилади. Чунки улар агар қасамларини бузиб қўйишса, ўша қабр улардан ўч олиш қудратига эга деб эътиқод қилишади»[8].

[1] Аввалги манба, 3/142.
[2] «Мажмуъул фатово», 27/349.
[3] «Азвоул баён фий изоҳил Қуръони бил Қуръон», 1/423.
[4] Байҳақий «Кубро»да (15854) ривоят қилган.
[5] 4860-ҳадис.
[6] «Ад-дурарус санийя», 10/148-149.
[7] «Найлул автор», 4/102-103.
[8] Пр. Салоҳ ибн Абдулқодир Бакрий Ёфеий (вафоти: 1414 ҳ.), «Тарихи Хазрамавт ас-сиёсий», 2/120. «Мустафо Бобий Ҳалабий» матбааси, биринчи нашр, 1355 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг