Идрис алайҳиссалом қиссаси (1)

2

Идрис алайҳиссалом қиссаси

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Яна ушбу Китобда Идрис (қиссасини) зикр қилинг!  Дарҳаҳиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди. Ва Биз уни юксак мартабага кўтардик” [Марям: 56-57].

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Идрис алайҳиссаломни мақтаб, уни набийлик ва сиддиқлик ила сифатлади.

Бир гуруҳ уламоларнинг айтишича, Муовия ибн Ҳакам Ас-Суламийнинг ҳадисида ишора қилинган пайғамбар Идрис алайҳиссаломдир. Мазкур ҳадисда Муовия розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қумга чизиб фол очиш тўғрисида сўраганида, у зот шундай жавоб берадилар: “Пайғамбарлардан бири қумга чизиб фол очар эди. Кимда ким (унинг қумга чизган чизиғи) ўша пайғамбарнинг чизиғига тўғри келса, ана ўша (тўғри топгандир)[1].

Кўпгина тафсир ва фиқҳ уламоларининг даъво қилишича, дастлаб қумга чизиб фол очган киши Идрис алайҳиссалом бўлиб, уни “Ҳурмусул ҳаромиса”, яъни “Донолар доноси” деб аташган. Улар Идрис алайҳиссаломдан бошқа анбиёлар, уламолар, донолар ва авлиёлар ҳаққига ёлғон гапларни айтишганидек, Идрис алайҳиссалом ҳақида ҳам ана шундай кўпгина ёлғон нарсаларни нақл қилганлар.

Аллоҳ таолонинг “Биз уни (яъни Идрисни) олий маконга кўтардик” –деган сўзига келсак, бунинг тафсири “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да ривоят қилинган Исро ҳадисида зикр қилинганидекдир. Ҳадисда зикр қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Идрис алайҳиссалом билан тўртинчи осмонда кўришадилар.

Мужоҳид роҳимаҳуллоҳдан Аллоҳ таолонинг “Биз уни (яъни Идрисни) олий маконга кўтардик” – деган сўзи тўғрисида шундай ривоят қилинади: “Идрис алайҳиссалом ўлмаган, балки Мусо алайҳиссалом сингари осмонга кўтарилган![2].

Мужоҳид роҳимаҳуллоҳ бундан унинг ҳозирга қадар ўлмаганини назарда тутган бўлса, у ҳолда унинг бу фикри қониқарсиздир. Ҳолбуки, Идрис алайҳиссаломнинг тўртинчи осмонда экани зикр қилинган муттафақун алайҳ бўлган ҳадис саҳиҳроқдир. Мужоҳид роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган бу фикр[3], унинг ва бир қанча уламоларнинг фикридир.

Бухорий роҳимаҳуллоҳ айтади[4]: “Ибн Масъуд ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Илёс бу Идрис алайҳиссаломдир”.

Бу фикрни ёқлаган уламолар Исро ҳодисаси тўғрисида Зуҳрий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда келган сўз билан ўз фикрларини қувватлашга уринадилар. Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Идрис алайҳиссалом яқинидан ўтган вақтда Идрис алайҳиссалом у зотга қарата Одам ва Иброҳим алайҳимассалом сингари: “Хуш келибсиз, солиҳ пайғамбар ва солиҳ ўғил”,- демасдан, балки: “Хуш келибсиз, солиҳ пайғамбар ва солиҳ ука“ – дейди.

Бу уламоларнинг айтишича, агар Идрис алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насаб шажараларида (яъни, у зотнинг аждодларидан) бўлганида эди, у ҳолда  Одам ва Иброҳим алайҳимассалом каби “солиҳ ўғил”, дея қарши олган бўлур эди.

Бироқ, ҳадис айнан улар айтган фикрга далолат қилиши зарур эмас. Эҳтимол, ҳадис ровийси ҳадисни яхши эслаб қолмаган бўлиши ёхуд Идрис алайҳиссалом камтарлик қилиб, башарият отаси бўлмиш Одам алайҳиссалом ва Раҳмоннинг халили ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин (рисолатни халойиққа еткизиш йўлида кўп азият чеккан ва алоҳида сабр ва матонат кўрсатган) “Улул азм” пайғамбарларнинг энг каттаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом сингари ўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан ота ўрнида кўрмаган бўлиши мумкин.

[1] Муслим ривоят қилган (537-ҳадис).

[2] Табарий “Жомеул баён” асарида саҳиҳ ровийлар шажараси ила ривоят қилган (16/ 72-бет).

[3] Саврий  тафсирида (575-бет), Ибн Абу Шайба “Мусаннаф” асарида (11/ 550-бет/ 11933-ҳадис) ва Табарий “Жомеул баён” асарида саҳиҳ ровийлар шажараси  ила ривоят қилганлар.

[4]  “Фатҳул Борий” асари (6/ 373-бет). Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг сўзига келсак,  бу асарни Абд Ибн Ҳумайд ва Ибн Ҳотимлар ҳасан ровийлар шажараси ила Ибн Масъудга улаганлар. Асарда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Илёс – бу Идрис, Яъқуб эса Исроилдир”. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг сўзига келсак, бу асарни Жувайбир ўз “Тафсир”ида Заҳҳокдан ва у Ибн Аббосдан ривоят қилган бўлиб, асар ровийлар шажараси заифдир”.

Discussion2 fikr

    • Абу Анас Ҳабибуллоҳ

      Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ!

Reply To Абу Анас Ҳабибуллоҳ Cancel Reply