Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Азиз исмининг маъноси

1

Азиз исмининг маъноси

Азиз сўзи араб тилида кучли, қувватли, қудратли, енгилмас ҳамда ғолиб маъноларини ифодалайди.

Аллоҳ таолонинг Азиз исми Қуръони Каримда тўқсон икки  марта зикр қилинган. Жумладан:

Билингки, Аллоҳ Азиз ва Ҳакимдир” (Бақара: 260).

Аллоҳ Азиз ва интиқом соҳибидир” (Оли Имрон: 4).

Албатта Раббингиз Азиз ва Алим (илмли)дир” (Шуаро сурасида бир неча маротаба такрорланган).

Аллоҳ Азиз ва мағфиратли зотдир” (Фотир: 28).

Қатода роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Азиз – агар интиқом-ўч олса кучли интиқом олувчи, дегани”[1].

Ибн Жарир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Азиз – душманларидан қаттиқ ўч оладиган зот”[2].

Ибн Кайсон роҳимаҳуллоҳ айтади: “Азиз – ҳеч нарса уни ожиз қолдира олмайдиган зот. Бунга қуйидаги оят далил бўлади: “Аллоҳни осмонларда ҳам, ерда ҳам бирон нарса ожиз қолдира олмайди” (Фотир: 44).

Қуртубий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Азиз – қудратли, ҳеч кимса унга қарши чиқа олмайдиган зот”[3].

Демак, Аллоҳ таолонинг “Азиз” исми тўртта маънони ифодалайди:

1.     Қарши чиқиб бўлмайдиган Қудратли;

2.     Мағлуб бўлмайдиган Ғолиб;

3.     Кучли ва Қувватли;

4.     Унга ҳеч нарса тенг келмайдиган.

Аллоҳ таолонинг Азиз эканига иймон келтириш мўмин кишига беназир шижоат ва жасорат ато этади. Чунки Раббисининг кучли, енгилмас, барчадан ғолиб эканига ишонган киши асл куч манбаи Аллоҳ экани, Унинг хоҳлагани бўлиб, хоҳламагани бўлмаслиги, Унинг хоҳишининг қаршисида одамлар хоҳишининг заррача ҳам аҳамияти йўқ эканини тушуниб етади. Бу нарсани пайғамбарлар тарихида кўришимиз мумкин. Масалан, Фиръавн Мусо алайҳиссалом туғилиши ва у сабаб ўз ҳукмронлигининг ниҳоясига етишидан қўрқиб, Бани Исроилдаги барча ўғил чақалоқларни қатл қилишга фармон берди. Бироқ унинг бу қилмиши бефойда эди. Чунки Мусо алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборган зот Азиз – ҳеч кимдан мағлуб бўлмайдиган, қудратли зот эди. Фиръавн ўз мулкини сақлаб қолишга ҳар қанча чиранмасин, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни нафақат сақлаб қолди, балки Фиръавн қасрида, Фиръавннинг ўзига тарбия қилдирди!!

Юсуф алайҳиссаломнинг акалари уни ўлдириш мақсадида қудуққа ташлашди. Бироқ уларнинг бу қилмишлари бефойда эди. Чунки Юсуф алайҳиссаломга Азиз бўлган зот акаларини унга сажда қилдиришни ваъда қилган эди!

Яҳудийлар Исо алайҳиссаломни ўлдириб, хочга михламоқчи бўлишганида, Аллоҳ таоло у кишини осмонга кўтарди. Яҳудийларнинг тузган режалари пучга чиқди. Чунки Исо алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборган зот Азиз – ҳеч ким унга қарши чиқа олмайдиган зот эди!

Макка мушриклари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириш учун қўлларидан келганича ҳаракат қилиб, бу ишни рўёбга чиқариш йўлида шайтон бошчилигида режалар тузишди. Уларни қўрқитаётган ягона нарса – араблар исломни қабул қилиб, улар ўз мансабларидан ажраб қолишлари эди. Бироқ Иблис бошчилигида тузилган бу режа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижрат қилишлари, Мадинада ислом ривожланиб, бу дин бутун дунёга ўз нурини таратишига сабаб бўлди. Чунки бу дин Азиз – ҳаммадан устун ва бутун куч-қудрат манбаи бўлган зотнинг дини эди!

Демак, асл куч ва қудрат манбаи Аллоҳ таолодир. Агар биз хорлик ботқоғидан чиқиб, азизлик сари интилмоқчи бўлсак, унда шу азизликни ҳақиқий эгаси бўлмиш Аллоҳ таолодан сўрашимиз лозим. Азизликка эришиш учун гуноҳ ишларни эмас, балки Аллоҳни рози қиладиган ишларни қилишимиз керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида: “Айтинг: “Мулкнинг эгаси бўлмиш Аллоҳим, Сен хоҳлаганинга мулкни берасан, хоҳлаганингдан мулкни қайтариб оласан, хоҳлаганингни азиз қиласан, хоҳлаганингни хор қиласан. Яхшилик сенинг қўлингдадир. Албатта Сен барча нарсага қодир зотсан”, Фотир сурасида эса “Ким азизлик истаса, азизликнинг барча тури Аллоҳнинг қўлидадир” – дейди.

Демак, инсон қанчалик Аллоҳ таолога итоат қилса, шунчалик азиз бўлиб бораверади. Энг азиз инсонлар – пайғамбарлардир.

Аллоҳ таолонинг “Азиз” исми кўп ўринда “Раҳим” (Раҳмли) исми билан бирга айтилган. Бу шуни кўрсатадики, инсон азизликка эришиши учун кечиримли бўлиши керак. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис ҳам, худди шу маънони ифодалайди: “Садақа туфайли мол-давлат камаймайди. Бандаси кечиримли бўлгани сари Аллоҳ таоло уни азиз қилаверади. Аллоҳ Унга товозе қилган банданинг обрўсини кўтараверади” (Муслим ривояти, 2588-ҳадис). Банда ўч олишга кучи етса ҳам, кечириши уни одамлар олдида азиз қилади, шунингдек, бу иши учун олган савоблари билан охиратда ҳам азиз бўлади.

Аллоҳ таолодан гуноҳ ишларимиз туфайли қўлимиздан бой берган азизликни қайтадан қўлга киритиш йўлида бизларга тафвиқ беришини сўраймиз. Аллоҳ таоло ҳаммамизни ёлғиз Ўзидан қўрқадиган, фақат Ўзидан азизлик истайдиган бандалари қаторида қилсин, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам барчамизни азиз қилсин!

[1] Ибн Жарир роҳимаҳуллоҳ ўзининг тафсирида ривоят қилган (28/36).

[2] “Жомеул баён” (7/90).

[3] “Тафсири Қуртубий” (2/131).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 dona sharh

Изоҳ қолдиринг