Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ мўйловни қисқартириш борасида шундай дейди:
“Уламолар мўйловни олиш суннат эканига иттифоқ қилишган” (“Ал-мажмуъ”, 1/287).
Бироқ мўйловни бутунлай олиш ёки қисқартиришдан қай бири суннат экани хусусида уламолар икки хил фикр билдиришган.
Биринчи фикр:
Ҳанафий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра, мўйловни қиртишлаб олиш суннатдир. Улар бунга шу бобда келган ҳадисларнинг зоҳирини далил қилишган. Улар қуйидаги ҳадислардир: “Мўйловни қиртишлаб олинглар” (Бухорий: 5892, Муслим: 259), “Мўйловни яхшилаб олинглар” (Бухорий: 5893), Муслим ривоят қилган бошқа бир лафзда: “мўйловни олиб ташланглар” (Муслим: 206).
Таҳовий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мўйловни қиртишлаб олиш уни қисқартиришга қараганда афзалдир. Бу Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин) фикридир” (“Шарҳи маонил осор”, 4/230).
Ибн Обидийн роҳимаҳуллоҳ мутааххир[1] уламолардан қисқартириш афзал эканини нақл қилиб шундай дейди: “Ҳанафий мазҳабининг мутааххир уламолари наздида мўйловни қисқартириш афзалдир. “Бадоиъ” китобида мазкур фикр рожиҳ дейилган” (“Раддул мухтор”, 2/550).
Ибн Муфлиҳ айтади: “Имом Аҳмаддан ривоят қилинган фикрга кўра, мўйловни қиртишлаб олиш афзалдир” (“Ал-фуруъ”, 1/100).
Ҳанбалий мазҳаби имомларидан Баҳутий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Мўйловни қиртишлаб олиш ёки фақат лаб устидаги тукларни қиртишлаб, қолган жойини қисқартириш суннатдир. Лекин мўйловни барчасини қиртишлаб олишни Имом Аҳмад афзал деган” (“Кашшофул-қонаъ”, 1/75).
Иккинчи фикр:
Моликий ва Шофеий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра мўйловни қисқартириш суннат, қириш эса макруҳдир.
Улар бу фикрни исботлаш учун қуйидаги ҳадисларни далил қилишган:
1) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Фитрат беш нарсадир: 1. Хатна қилмоқ; 2. Авратдаги тукларни тозаламоқ; 3. Мўйловни қисқартирмоқ 4. Тирноқларни қисқартирмоқ; 5. Қўлтиқ ости тукларини юлмоқ” (Бухорий: 5891, Муслим: 257).
2) Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтади: “Менинг мўйловим ўсиб кетгани боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (лабим устига) мисвокни қўйиб мўйловимни қисқартириб қўйдилар” (Абу Довуд: 188, Шайх Албоний “Саҳиҳи Абу Довуд” китобида саҳиҳ деган).
Имом Байҳақий Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Авсийдан ривоят қилади: “Имом Молик баъзи инсонларнинг мўйловларини қиртишлаб олишларини зикр қилиб шундай деди: “Бундай қилган киши калтакланиши лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган ҳадислар қиртишлаб олиш деган маънода эмас, балки оғиз ва лабнинг четлари кўриниб туриши керак деган маънодадир”.
Молик ибн Анас айтади: “Мўйловни қириш одамлар орасида пайдо бўлган бидъатдир” (“Сунанул Кубро”, 1/151).
Абул Валид Божий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Абдулҳакам Моликдан ривоят қилади: “Мўйловни қиртишлаш дегани, уни қириб олиб ташлаш дегани эмас. Мўйловини қирган кишига таъзир берилиши лозим, деб ўйлайман“.
Ашҳаб Моликдан ривоят қилади. Молик роҳимаҳуллоҳ шундай деди: “Мўйловни қириш бидъатдир” (“Ал-мунтақо шарҳул Муватто”, 7/266).
Молик роҳимаҳуллоҳ айтади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у бирон нарсадан ранжиса, мўйловларини бурар экан. Агар мўйлови қирилган бўлганида, бурайдиган мўйловнинг ўзи бўлмас эди” (“Тамҳид”, 21/62-68).
Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Бизнинг (яъни Шофеий) мазҳабимизга кўра, мўйловни қисқартиришнинг йўли – уни лабнинг чети кўрингунича қисқартириш, буткул қириб олиб ташлаш эмас” (“Ал-мажмуъ”, 1/287).
Шофеий мазҳаби имомларидан бўлмиш Аҳмад Рамлий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Мўйловни қиртишлаб олиш макруҳдир” (“Ниҳоятул муҳтож”, 8/148).
Мўйловни қисқартириш фикри бир гуруҳ салаф уламоларидан ҳам нақл қилинган.
Имом Байҳақий ўзининг “Сунан” китобида Шураҳбил ибн Муслим Хавлонийдан ривоят қилади: “Мен саҳобалардан беш нафарини мўйловларини қисқартириб, соқолларини ўстириб қизилга бўяганларини кўрдим. Улар Абу Умома Боҳилий, Абдуллоҳ ибн Буср, Утба ибн Абд Суламий, Ҳажжож ибн Омир Сумалий ва Миқдом ибн Маъдякриб Киндийлардир. Улар мўйловларини лабларининг устки қисми кўрингунча қисқартирар эдилар” (“Сунани Кубро”, 1/151).
Иккинчи фикр тарафдорлари биринчи фикрнинг далилларига қуйидагича раддия билдиришган:
1) Ҳадисларда келган “қиртишлаб олмоқ” ва “яхшилаб олмоқ” деган сўзлардан мурод, лаб устидаги тукларни қисқартириш, мўйловни тагидан қириб олиш эмас. Бунга бошқа ривоятларда келган “қисқартириш” лафзи ҳам далолат қилади.
Абул Валид Божий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Қосим Моликдан ривоят қилишича, Имом Молик шундай дейди: “Ҳадисларда келган “мўйловни қиртишлаб олмоқ” сўзидан мақсад лабнинг юқори қисмидаги қизариб турган жойнинг кўриниб туришидир” (“Ал-мунтақо шарҳул Муватто”, 7/266).
Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Мўйловни қиртишлаб ёки яхшилаб олинглар” деган ривоятлар бизнинг (яъни Шофеий) мазҳабга кўра, лабнинг атрофидаги тукларни олиш дегани, тагидан қириб олиш дегани эмас” (“Ал-мажмуъ”, 1/340).
2) Луғатда қиртишлаб ёки яхшилаб олмоқ дегани, мўйловни буткул олиб ташламоқ деган маънони билдирмай, балки баъзисини олмоқ деган маънони ифодалайди.
Абу Валид Божий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Мўйловни яхшилаб олиш дегани, унинг барчасини олиб ташлашни тақозо қилмай, балки баъзисини олишни англатади, холос” (“Ал-мунтақо шарҳул Муватто”, 7/266).
Мўйлов борасидаги рожиҳ фикр иккинчи фикр эгаларининг қарашидир. Яъни, мўйловни қириш эмас, балки қисқартириш суннатдир, валлоҳу аълам.
Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида келганидек, мўйловни қисқартириш афзал бўлиб, қириб олиш эса суннат ҳисобланмайди. Баъзи уламолар мўйловни қиришни ҳаж ёки умрада соч олишга қиёс қилишади. Ҳаж ёки умрада сочни қисқартиришдан кўра уни қириб олиш афзал бўлганидек, мўйловни ҳам қириб олиш уни қисқартиришдан афзал дейишади. Бироқ бу мўйлов хусусида келган очиқ далилга тескари бўлгани боис, уларнинг қиёслари ноўрин ва фикрлари инобатга олинмайди. Шунинг учун ҳам Имом Молик: “Мўйловни қириб олиш одамлар орасида пайдо бўлган бидъатдир” – деган. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида келган нарсадан юз ўгириш тўғри эмас. Албатта у зотнинг суннатларига эргашишда ҳидоят, саодат ва нажот бор” (“Мажмуул фатово”, 11-жилд, мисвок ва фитрат суннатлари, 54 – савол).
Саудия Арабистони “Доимий Фатво Қўмитаси” уламоларига шундай савол йўлланган эди:
“Бир қанча ҳадисларда “мўйловни қисқартиринг” деган буйруқ келган. Қириб олиш билан қисқартириш ўртасида фарқ борми? Баъзи инсонлар лабнинг юқори қисмидаги тукларни узунасига қарийб мўйловининг ярмигача олиб, қолган қисмини олишмайди. Ҳадисларда “мўйловни қисқартиринг” деган сўздан мақсад шуми ёки мўйловнинг барчасини қириб олиш назарда тутилганми? Мўйловни қай тарзда қисқартириш керак эканини баён қилишингизни сўрайман.
Қўмита ушбу саволга қуйидаги тарзда жавоб беради:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган саҳиҳ ҳадислар мўйловни қисқартириш жоизлигига далолат қилади. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўйловни қисқартириб, соқолни ўстириб мушрикларга хилоф иш тутинглар” [муттафақун алайҳ], “Мўйловни олиб (баъзи ривоятларда: “қиртишлаб олиб”) ва соқолни ўстириб мажусийларга хилоф иш тутинглар”– деганлар.
Мўйловни то лабнинг юқори қисми кўрингунга қадар қисқартириш ҳам ёки уни бутунлай қиртишлаб олиш ҳам жоиздир. Чунки бу борада келган ҳадислар ҳар икки кўринишнинг жоизлигига далолат қилади. Мўйловнинг ўртасини қисқартириб икки четини қолдириш жоиз эмас. Балки, суннатга мувофиқ бўлиши учун ё барчасини қисқартириш ёки бутунлай қиртишлаб олиш лозим” (“Доимий Фатво Қўмитаси” аъзолари: Шайх Абдулазиз ибн Боз, Шайх Абдурразоқ Афифий ва Шайх Абдуллоҳ ибн Қууд, 5/149).
Имом Табарий ва Қози Иёз ҳар иккала кўриниш – қиртишлаб олиш ва қисқартириш – ҳам жоизлигини ихтиёр қилишган. Ҳофиз Ибн Ҳажар ҳам “Фатҳул Борий” (10/347) китобида ушбу фикрни ёқлаган, валлоҳу аълам.
[1] Ҳанафий мазҳабининг мутақаддим (яъни олдин ўтган) уламолари дейилганда, уч имом: Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад роҳимаҳумуллоҳлардан бирини кўрган уламолар назарда тутилади. Мутааххир уламолар эса, мазкур уч имомни кўрмаган, улардан кейинги асрларда яшаган уламолардир. Баъзи фикрларга кўра, ҳижрий учинчи асрга қадар яшаб ўтган уламолар мутақаддим уламолар, ундан кейингилар эса мутааххир уламолар ҳисобланадилар. Бу борадаги бошқа бир фикрга кўра, Аллома Шамсул-Аимма Ҳулвонийдан (вафоти ҳижрий 448 йил / милодий 1056 йил) бошлаб, то Ҳофизуддин Бухорийга (ҳижрий 615 – 693 йилларда яшаб ўтган) қадар бўлган оралиқдаги уламолар ҳанафий мазҳабининг мутааххир уламолари саналадилар, валлоҳу аълам.