Пайғамбар уйида бир кеча: бешинчи ва олтинчи аёлнинг ҳикояси

1

Аёлидан ҳамма нарсани сўрайвермаслик

Кўрганин сўрамас ҳеч он, дея бешинчи аёл гапини тугатди. Яъни аёлига: “Мен сенга бир дона банан бергандим. Шуни нима қилдинг?” – демайди. Айтишларича, баъзи бахил одамлар уйига гўшт олиб келса, неча бўлак эканини санаб қўяр, келиб санаганида уч-тўрт бўлак кам чиқса: “Қолгани қани?” – деб сўрар экан. – Мушук еб қўйди, деса, тарози олиб келиб, гўштни ҳам, мушукни ҳам тортиб кўрар экан. Эркак киши бунақа бўлмаслик керак. Аксинча, сахий бўлиши керак. Аёл киши ўз уйдагиларига бирор нарса бериб юборган ёки садақа қилиб юборган бўлиши мумкин, уни уялтирманг! Аксинча, аёлингиз шундай ишлар қилишига йўл қўйиб беринг. Бу аёл эри ҳақида: “Кўрганин сўрамас ҳеч он” – деди. Бу аёл эрининг саховати ва аёлига эрк берганини айтиб, уни мақтамоқда.

Олтинчи аёлнинг ҳикояси

–  Эрим ейди қўшиб-қўшиб, ичса ичар симириб, ётса олар ўраниб. Хабар олайин дебон, узатмас қўлин ҳеч бир замон, деди олтинчи аёл.

Эрим ейди қўшиб-қўшиб”, яъни унинг эри қўйилган овқатнинг биронтасини қолдирмай, ҳаммасидан ейди. “Ичса ичар симириб”, яъни бирор нарса ичса, қолдирмай ичади. Демак, унинг эри олдига қўйилган ҳамма нарсани еб, ичимликларни қолдирмай ичиб қўяр экан. Бу эса олтинчи аёлнинг пазандалигига далолат қилади. Бироқ бу нотавон эркак шундай пазанда аёлга раҳмат айтиб, унинг кўнглини кўтариб қўйиш ўрнига ётганида бир ўзи ўраниб ётар экан. Бу аёл эридан шикоят қилмоқда.

Инсон еганида дастурхоннинг ҳар тарафига қўлини узатиб, ҳамма нарсадан еявериши суннатга хилофдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Салама розияллоҳу анҳуга: “Эй бола, “Бисмиллаҳ” – дегин, ўнг қўлинг билан олдингдан егин” – деганлар. Уйимизга келган меҳмонни суннатга хилоф қилишига сабабчи бўлмаслигимиз учун дастурхондаги яхши нарсаларни меҳмоннинг олдига қўйишимиз меҳмонга нисбатан кўрсатилган ҳурмат ва одоб ҳисобланади.

Аёл киши куни билан рўзғор ишларини қилиб, толиққанидан кейин чарчайди ва эридан яхши гап эшитишни хоҳлайди. Агар эри унга икки оғиз ширин сўз айтса, барча чарчоқларини унутади. Ахир, инсон ўз жуфти ҳалолига “овқатинг жуда ширин бўлибди, қўлинг дард кўрмасин” дейиши қийин эмас-ку! Агар аёл шу гапни эшитса, тоғни жойидан силжитган бўлса ҳам, чарчоғи чиқиб кетади. Афсуски, баъзи бахил эркаклар хотинидан шу бир оғиз сўзни ҳам қизғанишади. Шуни билиб олишимиз керакки, аёл бизга қуллик қилгани эмас, балки уйимиз маликаси бўлиш учун яратилган. Тўғри, эркак ҳам кўчада куни билан ишлайди, чарчайди, унинг ягона мақсади аёли ва болаларига ҳалол ризқ топиш. Лекин аёл бу нарсани ҳис қилиши учун эркак унинг қилаётган ишларини қадрлаши лозим.

 “Хабар олайин дебон, узатмас қўлин ҳеч бир замон”, яъни хотини хурсандми, хафами, бу уни қизиқтирмайди, севишган турмуш ўртоқлар каби “қўлини узатмайди”, яъни қучоқламайди. У хотини толиққанини билса ҳам, гўёки бошқа бир оламда ҳаёт кечираётгандек ундан ҳол-аҳвол сўрамайди.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 комментарий

  1. Pingback: Пайғамбар уйида бир кеча: бешинчи аёлнинг ҳикояси

Изоҳ қолдиринг