Бани Исроил (26): Бани Исроилнинг охирги пайғамбари таваллуд топиши

0

Аллоҳнинг пайғамбарлари Яҳё ва Закариё алайҳимассалом қатл этилдилар. Эътибор беринг, Пайғамбар қатл этилди, деб осонгина айтяпмиз. Бани Исроил тарихида пайғамбарларни қатл этиш жудаям осон иш эди. Кўплаб пайғамбарларнинг қони тўкилди.

Марям ҳамон ибодат билан машғул. У Имрон қизи, Қуръонда Оли Имрон сураси деб бир сурага номи берилган солиҳ оиланинг қизи. Марям Байтул Мақдисдан чиқмай Аллоҳга ибодат қиларди. Фақат зарурий ҳожатлари учун чиқар эди. Энди Аллоҳ таоло Бани Исроилнинг охирги пайғамбари чиқишига изн берди. Ана энди Бани Исроилнинг сўнг пайғамбари чиқиб, шу билан улардан пайғамбар чиқиши ниҳоясига етади. Бани Исроилга неча минг пайғамбар юборилганини ёлғиз Аллоҳнинг ўзи билади. Лекин энди сўнгги пайғамбари келади. Марям Байтул Мақдисдан эҳтиёжи учун чиқар экан, йўлда бир одамни кўрди. Марям ёлғиз эди. «У (Марям): «Агар сен Аллоҳдан қўрқадиган кишилардан бўлсанг, менга бирон ёмонлик қилишингдан Аллоҳга сиғинаман», деди» (Марям, 18).

У Жаброил алайҳиссалом эди. Инсон эмас эди. «Фаришта деди: «Мен фақат Раббингнинг бир элчисиман, холос. У мени сенинг ҳузурингга гуноҳлардан пок бир болани ҳадя қилишим учун юборди» (Марям, 19). Марям ҳануз бокира қиз эди. Бутун олам аёлларининг саййидаси эди. Лекин турмушга чиқмаган эди. Шунинг учун: «Қандай қилиб менда бола бўлсин, бирон инсон ҳалол никоҳ билан менга яқинлик қилмаган бўлса, ўзим бузуқ аёл бўлмасам?!» деди. Фаришта деди: «Иш сен айтганингдек, лекин Раббинг: «Бу иш Мен учун жуда осон. Биз бу болани одамларга бир мўъжиза ўлароқ яратамиз», деди» (Марям, 20-21).

Марямнинг бўлажак фарзанди Исо алайҳиссаломдир. Унинг пайғамбарлиги ҳам ўтмиш пайғамбарлардан фарқлидир. У умматлар ўртасини ажратувчи бўлади. У сабабли жамоатлар, гуруҳлар ихтилофлашади ва у Бани Исроилнинг сўнгги пайғамбари бўлади. Исо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ўша даврда инсон ақли бовар қилмайдиган улкан мўъжизалар ато этди. «Биз бу болани одамларга мўъжиза ва Биз томонимиздан раҳмат бўлиши учун яратамиз, деди. Бу тақдирда битилган ва амалга ошиши муқаррар ишдир» (Марям, 21).

Марям болага ҳомиладор бўлди. Жаброил алайҳиссалом унинг енгига пуфлаган эди, дарҳол ҳомила бўлди. Эркак кишининг ҳеч қандай алоқаси бўлмади. «Сўнг Марям ҳомиладор ҳолида одамлардан узоқ бир маконга четланди» (Марям, 22). Одамлардан узоқлашди. Токи биров уни кўриб, ҳомиладорлигини билиб қолмасин. Фарзанд туғилишга яқин қолганда одамлардан олис ерга борди. Бечора қиз бундан кейин содир бўладиган муаммолардан қутқаришини сўраб Аллоҳ таолога дуолар қилди. «Кейин тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахти ёнига етказди. У: «Кошки шу кун келмай туриб ўлиб кетсам, унутилиб, ном-нишонсиз бўлиб кетсам эди!» деди. Шунда Жаброил – ёки Исо – унга: «Ғамгин бўлма», деб нидо қилди» (Марям, 23-24). Яъни нидо қилган киши Жаброилмиди ёки ўғли Исо бўлганмиди, бу борада ихтилоф бор. Исо алайҳиссалом ҳали туғилмасидан онасига гапира бошлаган экан. Валлоҳу аълам.

«Шунда Жаброил – ёки Исо – унга нидо қилди: Ғамгин бўлма. Раббинг оёғинг остида бир жилғани оқизиб қўйди. Хурмо танасини силкитгин, сенга янги пишган хурмосидан тўкади» (Марям, 24, 25).

Яна бир масала ҳозиргача ҳам ихтилофли бўлиб келади. Насронийлар милодий йил қишда бошланган, дейишади. Қишда хурмо мева бермайди. Меваси ёзда пишади. Хўп, унда қандай қилиб хурмо дарахтини силкитиб, ундан янги пишган мевасини тушириб ейди? Яна қиш фаслида?

Бунинг икки эҳтимоли бор. Биринчиси, бу Аллоҳнинг мўъжизаларидан бири бўлган эди. Бешикда ётган гўдакни гапиртирган Аллоҳ таоло қишда дарахтдан мевани чиқаришга ҳам қодир. Бу Исо алайҳиссаломнинг туғилган пайтидаги мўъжизаларидан биридир. Яъни қишда туғилди ва дарахт ёзги мевасини берди. Иккинчиси, насронийлар тарих борасида, яъни воқеа қайси пайт бўлганида янглишганлар, деган гап ҳам бор. Аллоҳ билувчироқ.

Марям боласини туғди. Лекин энди нима қилади? Айтишларича, боласини олиб, бир неча кун олис ерда қолди. Сўнг боласини кўтариб, Байтул Мақдисга келди. Бани Исроилнинг олдидан ўтар экан, катта мусибат бошланди!

Бани Исроил ким эканликларини биласизларми? Улар Аллоҳга даъват этаётган пайғамбарни ҳеч қандай сабабсиз қатл этардилар. Пайғамбар келиб, уларга бирон нарсани ҳаром деса, уни сўйиб ташлар эдилар. Бани Исроил фосиқ, золим, ҳаддан ошган миллат, ер юзида фасод қўзғайдиган халқ. Боласини кўтариб келган покиза ёш аёлни нима қилишди, деб ўйлайсизлар?

«Марям чақалоғини кўтариб, қавми ҳузурига келди. Улар уни бу ҳолда кўргач: «Эй Марям, сен жуда катта айб иш қилиб қўйдинг!» дедилар» (Марям, 27). Ҳеч иккиланмай уни зинокорликда айбладилар. Аллоҳ асрасин! Зинокорсан, дедилар. Хўп, бироз сабр қилинглар! Шошилманглар! «Биз уларни куфрлари ва Марямни зинога нисбатлаб бўҳтон қилишгани сабабли лаънатладик» (Нисо, 156).

Улар шу даражада пасткаш эди ва ҳар қандай фурсатни ғанимат билишарди. Солиҳа, покиза аёлни, ўзлари унинг оиласини, Имрон оиласини яхши била туриб, унга мана шундай бўҳтон қилишди. Ҳолбуки, бу оила оддий оила эмас. Унинг опасининг эри пайғамбар эди. Уни ҳам ўлдиргансизлар. Мана шундай покиза оиланинг қизи, масжиддан ҳечам ташқарига чиқмаган покиза аёлнинг номуси ҳақида бўлмағур гап айтасизларми?

«Эй Марям, сен жуда катта айб иш қилиб қўйдинг! Эй Ҳорундек яхши инсоннинг синглиси, сенинг отанг бузуққа юрадиган ёмон одам эмас, онанг ҳам бузуқ хотин эмас эди-ку!» дедилар» (Марям, 27).

Айтишларича, Ҳорун солиҳ кишилардан бўлган. У Мусо алайҳиссаломнинг акаси Ҳорун эмас. Солиҳ кишиларни Ҳорун деб аташ Бани Исроилда урфга айланган эди. Яъни эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг аканг Ҳорун каби солиҳ одам эди, дегани бўлади. Яъни Марямни ҳақорат қилиб: «Нега отангга ўхшаб солиҳ бўлмадинг? Ота-онангга иснод келтирдинг-ку!» дейишди. Марям уларга болани кўрсатиб, ишора қилди. Чунки у ҳеч кимга гапирмасликка назр қилган эди. Шунинг учун гўдак болага ишора қилди. Бани Исроил унинг бу ишидан қотиб-қотиб кулишди, уни эрмак қилишди. Бешикда ётадиган болага қандай қилиб гапирамиз? – дейишди. «Шунда Марям чақалоғини кўрсатиб, ундан сўранглар, у жавоб беради, деб ишора қилди. Улар инкор қилиб: «Қандай қилиб ҳали бешикда ётадиган эмизикли бола билан сўзлашар эканмиз?!» дедилар» (Марям, 29).

Ҳамма одамлар йиғилдилар. Бани Исроил қараб турибдилар. Солиҳа аёл боласини кўтариб турибди. Шу ҳолатда мўъжиза юз берди. Бирданига бола тилга кириб, гапира бошлади. «Исо деди: «Мен Аллоҳнинг бандасиман, У менга Китоб – Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди. У мени қаерда бўлсам ҳам, кўп яхшилик ва баракотлар соҳиби қилди ва модомики тирик эканман, намозни адо этишга ва закотни ўташга амр этди. Ва У мени онамга меҳрибон фарзанд қилди, кибрли ва Раббига осий бўлувчи бадбахт кимса қилмади. Менга туғилган кунимда ҳам, вафот этадиган кунимда ҳам, қиёматда қайта тириладиган кунимда ҳам Аллоҳ томонидан саломатлик ва омонлик бўлгай». Эй Пайғамбар, бу Исо ибн Марямдир. Яҳудий ва насронийлар Исо ҳақида шак-шубҳа қилаётган ҳақ сўз шудир» (Марям, 30-34).

Шу ўринда Бани Исроил орасида динда ҳақиқий бўлиниш юзага келди. Бу ақидавий бўлиниш эди. Илгари Бани Исроилда сиёсий бўлинишлар, мулк учун курашлар бўлиб турарди. Лекин бу ерда диний бўлиниш, ҳақиқий ажралиш пайдо бўлди. Бир қисми ҳаққа мойил бўла бошлади. Бир қисми эса Марямни зинокор деб ҳақоратлай бошлади. Болани эса валади зино деб атай бошладилар.

Бола сут эмиб, улғая бошлади. Ўшанда чақалоқлигида бир марта гапирган, ундан кейин улғайгунича гапирмаган, дейилади. Лекин ўсиб-улғаяр экан, унда баъзи мўъжизалар содир бўлиб турарди. Яҳудийлар уни қатл этишга қарор қилдилар. Аллоҳ таоло Марямга гўдак боласи билан Байтул Мақдисдан чиқиб кетишга рухсат берди. Марям баланд, теп-текис, сувли бир ерга борди. У Миср ери эди. Марям боласи билан Мисрга бориб, у ердан паноҳгоҳ топди. Мисрда дарё, экин-тикинлар, боғу роғлар бор. У ерга боргач, бир қанча вақт қолиб кетди. Бани Исроил унинг фарзандига бирон ёмонлик етказиб қўйишларидан қўрқди. Ҳикоямиз  давом этади.

Изоҳ қолдиринг