Жон ёки молга ҳоким ё бошқа бирор киши тарафидан талафот етишидан қўрққан кимса ўликлар қабри билан ҳимояланиши, улар ҳузурига қочиб бориши бидъатлардандир. Гоҳида бу одам ҳақиқатда бирор жиноят қилган бўлиши, уни таъқиб қилаётган кимса қабр эгаси ундан паноҳ сўраганларни ҳимоясига олади ёки унинг душманларидан ўч олади деган эътиқодда бўлиб, қабр эгаси ҳурматидан уни тинч қўйиши мумкин. Бу тарзда қабрдагилар фойда ё зарар етказа олади, деб эътиқод қилиш катта ширк ҳисобланади.
Абул Аббос Носирий деди: «Сўнг ҳижрий 1201 йил кириб келди. Бу йилда султон Аҳвози Фос минтақасидаги Шароқа қабиласига юриш қилиб, уларни талон-торож қилди ва уйларидан қувиб солди. Улар Фиштоладаги Шайх Абушшитонинг қабрига қочиб боришгач, султон уларни кечирди»[1].
Ибн Нуна Жазоирда Амир Абдулқодирга қарши қўзғолон уюштирди. Мағлуб бўлгач, Аббод қишлоғида Болағус Абу Мадян деб аталадиган кимсанинг сағанасига қочиб борди. Сўнг Амир Тилимсон шаҳрига кирди ва сағанани зиёрат қилиш учун борди. У ерда Ибн Нунани сағана пардаларига осилган, қабрдан паноҳ тилаган ҳолатда топди. Шунда унга омонлик берди, кечирди ва узрини қабул қилди[2].
Ҳижрий 1222 йили Қоҳира волийси ноиби волийлик даъвосида юрган Сулаймон исмли кишини йўқ қилиш пайига тушади. Бундан хабар топган Сулаймон Имом Шофеий мақбарасида паноҳланади. Волий ноиби уни қўлга олмоқчи бўлганида атрофидагилар қўрқитиб: «Унга бу ерда йўлиқишингиз тўғри эмас, ташқарига чиққанида бемалол қўлга тушираверасиз», дейишади. Сўнг ноиб уни кутишга қарор қилади. Бир неча кун ўтгач киши қабрдан чиқади ва уни қўлга олишади. Кейин уни денгизга олиб бориб қатл этишади ва жасадини сувга улоқтиришади[3].
Ҳамдонхўжа ҳижрий 1249 санада Жазоирни мустамлака қилиб турган Франция қуролли кучлари ҳарбий вазирига тақдим этган норозилик нотасида жумладан бундай сўзлар бор: «Динимиз ва сиёсатимиз тақозосига кўра авлиёлар ва уларнинг қабрлари ҳурмат қилинади. Ҳатто валийнинг қабрига қочиб борган кимсанинг бўйнида шаръий қасос жазоси бўлса ҳам уни сағанадан чиқариб олмаймиз. Балки ўзи ихтиёрий равишда чиқиб келишини кутамиз. Буни ўша валийнинг ҳурматидан, Аллоҳга бўйсунган зотнинг шарофатидан, деб биламиз. Бу қабрлар бамисоли жомеъ масжидлар мақомида бўлиб, одамлар уларга ҳурмат назари билан қарайди, зиёратига тўпланади ва бағридан паноҳ топади»[4].
«Шубҳасиз, қадимгиларнинг ширки нари борса шу даражага етган эди. Шундай қилиб, бу кимсалар жон-жаҳдлари билан Аллоҳ номига қасам ичаверадилар. Шунингдек, бирорталарига жавру зулм етса, уни аритишни қабрда ётган ўликлардан сўрайди. Агар ўзи кимгадир зулм қилмоқчи бўлса-ю, шу пайт мазлум Аллоҳ номи билан паноҳ сўраса ёки уйига кириб олса, уни тинч қўймайди. Мабодо қабрдан ёки қабр эгасидан паноҳ тиласа борми, унга қўл кўтаришга ҳеч ким ботинолмайди, унга озор беришга ҳеч кимнинг қўли бормайди. Ҳатто шундай воқеа бўлган: бир одам ҳаж мавсумида тижоратчилардан катта пул олади ва бир неча кундан сўнг касодга учраганини эълон қилади. Шунда пул эгалари уни таъқиб қилади. Ҳалиги одам Жиддадаги «Мазлум» деб аталадиган қабрга қочиб боради, натижада «Мазлум»нинг сиридан қўрққан оломон унга озор етказишга ўзида журъат топмайди. Бу каби қўрқув кишини кофир қилади. Банда бу қўрқувни якка Аллоҳга холис йўналтирмас экан, ҳеч қачон чин мусулмон бўла олмайди»[5].
Киши на кулишини ва на йиғлашини биладиган воқеалардан яна бири: Азҳар шайхи Аҳмад Даманҳурий вафот этганида амирлар ва фақиҳбошилар келишиб, ҳанафий олими Шайх Абдураҳмон Аришийни Азҳар шайхи этиб тайинлашади. Шунда шофеийлар ғазаб отига миниб, амирларнинг бу қарорига эътироз билдириб, мактуб йўллайдилар. Сўнг Ибн Жавҳарий бошлиқ шофеийларнинг катта уламолари Имом Шофеий қабрига бориб, жойлашиб олишади. Амирлар ва олимлар тасдиқлаган қарорларидан қайтиб, шайхлик унвонини шофеийларга қайтармагунча ўша ердан жилмайдилар[6].
Имом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Кимда-ким Нафиса ёки бошқа бирор маййит қўрқувда қолган одамни паноҳига олади, маҳбусни озод қилади, у ҳожатлар эшигидир, деб айтса, бу одам адашган мушрикдир. Чунки Аллоҳ таолонинг ўзигина ҳимоя қилади ва У ҳалок қилишни истаган кимсани ҳеч ким ҳимоя қила олмайди. У зотга самимий ва холис дуо қилиш эса ҳожатлар эшигидир. Аллоҳ таоло айтганидек: “(Эй Пайғамбар,) бандаларим сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман, Менга дуо қилган кишининг дуосини ижобат қиламан” (Бақара, 186)»[7].
[1] Абул Аббос Аҳмад Носирий, «Ал-истиқсо ли-ахбори дувалил мағрибил ақсо», иккинчи қисм, 8/62. Муҳаққиқлар: Жаъфар Носирий ва Муҳаммад Носирий. «Дорул китоб» нашриёти, Дорул-байзо (Касабланка), 1418 ҳ.й. [2] Муҳаммад Пошо ибн Амир Абдулқодир Жазоирий Ҳасаний (вафоти: 1331 ҳ.), «Туҳфатуз зоир фий маосирил амир Абдулқодир ва ахборил Жазоир», 2/106 (бир оз қисқартириб олинди). «Тижорийя» босмахонаси нашри, Искандария, 1903 й. Амир Абдулқодир ҳижрий 1300 йили вафот этган. [3] «Тарихи ажоибил осор», 3/210-213 (қисқартириб олинди). [4] Абдулжалил Тамимий, «Буҳус ва васоиқ фит-тарихил мағрибий мин 1816 ила 1871 м.», 152-бет. «Дор Тунисийя» нашриёти, биринчи нашр, 1972, март ойи. [5] «Тайсирул азизил ҳамид фий шарҳи китобит тавҳид», 2/847-850. [6] «Тарихи ажоибил осор», 2/442 (бир оз қисқартириб олинди). [7] «Мажмуъул фатово», 27/490.
Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.