Сийрат: ваҳий келишидан олдинги диний аҳвол (давоми)

0

Куррайи заминда рисолат нури порлашидан олдин христиан дини аллақачон бу дин олимлари ва роҳиблар тарафидан ўзгартирила бошлаган эди. Бу динда на тавҳид ва на ихлос қолган эди. Шом, Ироқ ва Мисрдаги христианлар ўртасида Исо алайҳиссалом аслида ким бўлгани борасидаги тортишувлар авж олган, бу тортишувлар урушларга ҳам сабаб бўлиб, черковлар эса бу урушга аскар етиштириб берадиган лагерларга айланган эди. Бошқача қилиб айтганда, бутпарастлик йўқолган бўлиб кўринса-да, бироқ у христианлар орасида янги кўринишида тарқаган эди. Ўзларининг ботил динларини ташлаб, христианликни қабул қилганлар жангларда шаҳид бўлган жангчиларнинг хотирасига ҳайкал ясатиб, уни худо даражасига кўтаришар эди. Шу тариқа улар ўртасида ширк қайта тарқала бошлади. Улар бир-бирларини кофир деб, бир-бирлари билан уруша бошлашди. Шу боис, улар бутун дунёни ислоҳ қилиш ва уларга ҳақни етказиш каби ўз вазифаларини адо эта олишмади.

Мажусийларга келсак, улар олдиндан олов каби табиат кучларига сиғиниб келишар эдилар. Мажусийлар диёрида шаҳар бўйлаб олов уйлари – ибодатхоналар қурилган эди. Уларнинг бундай ибодатхоналари ўзига яраша нозик қонун-қоидаларга эга бўлса-да, бу қонун-қоидалар фақат ибодатхона ичида кучга эга бўлиб, ташқарида ҳамма ўз билганини қилар, улар билан динсизлар орасида ҳеч қандай фарқ йўқ эди. Улар оловга қараб ибодат қилишар эди. Уларнинг эътиқодига кўра, ибодатхоналарида олов ўчиб қолиши мумкин эмас эди. Улар икки худога: яхшилик худоси, яъни нурга ҳамда ёмонлик худоси, яъни қоронғуликка ишонишар эди.

У даврда Ҳиндистон ва Ўрта Осиёда бутпарастлик кенг тарқалган эди. Ҳиндистондаги брахманлик дини кўп худолик билан бошқа динлардан ажралиб турарди. Милодий олтинчи аср бу ботил диннинг энг ривожланган даври ҳисобланади.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг