Ғор соҳиблари қиссасини қабрга бино қуриш жоизлигига далил қилувчиларга раддия

0

359. Ғор соҳиблари қиссасини қабрга бино қуриш жоизлигига далил қилувчиларга раддия

«Аллоҳ таоло ғор соҳиблари ҳақида бундай деган: “(Ғор соҳиблари воқеасидан хабардор бўлган) нуфузли ва сўзи ўтадиган кишилар: «Биз уларнинг ётган жойлари устига албатта бир масжид қиламиз», дедилар” (Каҳф, 21). Айрим кишилар бу бобда мазкур оятни далил ўлароқ ушлаб оладилар.

Бу шубҳага қуйидагича жавоб берилади: Бу гапни айтганлар ўша замонда бошлиқ ва ҳукмрон бўлган кишилар эканини Аллоҳ таоло хабар берди. Бундан Аллоҳ уларнинг бу ишларидан рози бўлгани ва унга рухсат бергани келиб чиқмайди, балки уларнинг бу қилмишларини қоралаш, айблаш ва ундан нафратлантириш учун зикр қилгани англашилади. Бунинг далили шуки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини қабрлар устига масжид қуришдан огоҳлантирдилар, бундан қайтардилар ва бу ишни қилганни лаънатладилар, ваҳоланки, мазкур оятлар у зотга нозил бўлган ва бу оятлар маъносини у зот бошқалардан яхшироқ англар эдилар. Бу иш жоиз бўлса эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу даражада қаттиққўл бўлмас ва унинг қилувчисига лаънат айтишдек муболағага бормас[1], бу кимсалар Аллоҳ наздида одамларнинг энг ёмонлари эканини[2] айтмас эдилар. Ҳақни излаган одамга шу гаплар кифоя қилади ва уни қаноатлантиради. Қабрлар устига масжид қуриш биздан аввалгиларга жоиз бўлган деб фараз қилган тақдиримизда ҳам биз уларга бу борада эргашишимиз кераклиги келиб чиқмайди. Чунки бизнинг шариатимиз ўзидан аввалги шариатларни бекор қилиб келган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг охиргиси, шариатимиз эса мутлақ энг комил шариатдир. Пайғамбаримиз бизни қабрлар устига масжид қуришдан қайтардилар ва у зотга қарши чиқиш бизга жоиз бўлмади. Балки у зотга эргашишимиз, у зот келтирган шариатни маҳкам ушлашимиз ва эски шариатлардан ҳамда кимларнингдир наздида чиройли саналган одатлардан бизнинг шариатимизга зид келганини ташлашимиз бизга вожиб бўлди. Чунки Аллоҳнинг шариатидан комилроқ шариат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидоятларидан гўзалроқ ҳидоят йўқдир»[3].

Шайх Аллома Муҳаммад Амин Шинқитий Моликий деди: «Ким эди у “Биз уларнинг ётган жойлари устига албатта бир масжид қиламиз” (Каҳф, 21) деган одамлар?! Эргашиладиган кишилар эдими, ёки уларга эргашиш жоиз бўлмаган кофирлар эдими?!

Дарҳақиқат, Абу Жаъфар Ибн Жарир Табарий раҳимаҳуллоҳ ўша кимсалар ҳақида: “Бу гапни айтганларнинг мусулмон ёки кофир одамлар бўлгани хусусида ихтилофлашилган”, деган.

Хўп, буни билдингиз. Энди улар кофир бўлган деган фикрни оладиган бўлсак, уларнинг қилган ишлари бизга далил бўлмаслиги кундек равшан. Кофирларнинг қилган ишлари далил бўлади деб бирор кимса айтмагани каттаю кичикка маълум. Энди оятда «масжид» деб келгани ва масжид қуриш мусулмонлар ишларидан эканини эътиборга оладиган ва улар мусулмон бўлган деган фикрни қабул қиладиган бўлсак, Аллоҳ қалбини кўр қилиб қўймаган ва озроқ ақли бўлган кишига ҳам маълумки, Исломдан аввал яшаб ўтган мусулмонларнинг «фалон ишни қиламиз» деб айтган гапи Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган очиқ ва саҳиҳ далилларга асло қарши чиқа олмайди.

Ўша кимсаларнинг: “Биз уларнинг ётган жойлари устига албатта бир масжид қиламиз” (Каҳф, 21) деган сўзлари билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлим тўшагида, Рафиқи аълога риҳлат қилишларидан беш кун аввал айтган: “Аллоҳ яҳудий ва насронийларни лаънатласин, улар пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олдилар[4], деган сўзларини таққослаб кўрсангиз, қабрлар устига масжид қуриб олишда ўша кимсаларга эргашган одамлар Содиқул масдуқ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тиллари билан лаънатланган кишилар эканини кўрасиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тиллари билан лаънатлаган кимсалар эса Аллоҳнинг китобида ҳам лаънатлангандир…

Бундан маълум бўладики, қабрлар устига масжид қурадиган кимсалар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тилларидан Аллоҳнинг китобида лаънатланган кишилардир ва “Биз уларнинг ётган жойлари устига албатта бир масжид қиламиз” (Каҳф, 21) оятида қабрларни масжид қилиб олишга далил йўқдир»[5].

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Қуръонда қабрлар мақталган бирор оят йўқ, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда бирор ҳадис ривоят қилинмаган. Фақат Аллоҳ таоло биздан аввал яшаб ўтган кимсалар ғор соҳиблари қабри устига масжид қургани ҳақида хабар берган. У кимсалар ўзимизни уларга ўхшатишдан Аллоҳ бизларни қайтарган кимсалардир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисда айтадилар: “Сизлардан аввалгилар қабрларни масжид қилиб олишар эди. Сизлар қабрларни масжид қилиб олманглар, бундан огоҳ бўлинглар. Албатта, мен сизларни бундан қайтараман[6].

Мазкур ҳадисда қабрпарастлар қораланди. Шунингдек, бу бобда келган бошқа саҳиҳ ҳадисларнинг ҳаммаси шу маънодадир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Яҳудий ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишди”, деб, уларнинг қилмишларидан (умматларини) огоҳлантирдилар[7].

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бундай деганлар: “Ўша одамлар ичларида бирон солиҳ инсон ёки солиҳ банда вафот этса, унинг қабри устига масжид қуриб, бу масжидга ўша суратларни чизадилар. Улар қиёмат куни Аллоҳ таолонинг наздида энг ёмон одамлардир[8]»[9].

[1] Ҳадис тахрижи 181-масалада берилди.
[2] Ҳадис тахрижи 310-масалада ўтди.
[3] Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ, «Мажмуъул фатово», 1/435.
[4] Ҳадис тахрижи 181-масалада берилди.
[5] «Азвоул баён», 3/214-215.
[6] Ҳадис тахрижи 99-масалада ўтди.
[7] Ҳадис тахрижи 181-масалада берилди.
[8] Ҳадис тахрижи 310-масалада ўтди.
[9] «Мажмуъул фатово», 17/500.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг