Мақбара тепасига масжид қуриш

0

360. Мақбара тепасига масжид қуриш

Мақбара томига масжид қуриш жоиз эмас. Чунки бу иш қабр устига масжид қуриш ҳисобланади. Қабр устида намоз ўқишдан қайтарилган. Ширкка олиб борувчи сабаблар йўлини тўсиш учун бу ишдан четланиш вожибдир.

Шайхимиз Муҳаммад Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мақбара томида ўқилган намоз дуруст эмас. Қабр устига хона қурилган бўлса, шу хона томига чиқиб намоз ўқисак бўладими? Йўқ, чунки ҳаво қатлами остидаги ерга тобедир. Бирон жой устидаги ҳаво қатлами то дунё осмонига қадар ўша жойга тобедир. Бироқ бу ерда қабристонга оид бошқа кучлироқ сабаб ҳам бор. Унга кўра, қабристонда намоз ўқишдан қайтариш боиси бу иш бора-бора қабрларга ибодат қилишга олиб бориши хавфидир. Қабристон ичида қурилган хона тепасида намоз ўқиш ҳам шундай сабаблардан бири бўлиши мумкин. Айниқса, қабр устига бино қуриш аслида ҳаром ишдир. Шунда киши ҳаром бино тепасида намоз ўқиган бўлади»[1].

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Мақбара тепасига келадиган бўлсак, агар қабрлар тепасига масжид каби қуриш қайтарилган бино қурилган бўлса, ёки умумий тарзда фойдаланиш учун мўлжалланган қабристонга қурилган бино бўлса, бу бинолар устида ўқилган намоз ҳаром жойда ўқилган намоз бўлади. Омма халқ фойдаланиши учун мўлжалланган қабристонда қурилган бино устида ўқилган намоз ноҳақ тортиб олинган ерда ўқилган намоз бўлади. Масжид томида ўқилган намоз эса қабр ичидаги масжидда ўқилган намоз бўлади.

Шунингдек, мазкур бинолар устида намоз ўқиш қабрларни масжид қилиб олиш ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг лаънатлари остига кириш демакдир. Чунки у зот бу иш учун аҳли китобларни лаънатладилар. Улар пайғамбарлари ва солиҳ кишилари қабрлари устига бино қурганлари учун лаънатландилар. Бино ичида намоз ўқиш билан унинг томида намоз ўқишнинг ҳукми баробардир.

Агар маййит уй ичига кўмилган бўлиб, уйнинг юқори қисми яшаш учун ҳозирланган бўлса, асҳобларимиз айтишича, бундай уйда намоз ўқиш жоиз. Чунки у жойнинг асли қабристон эмас ва қабристонга алоқадор ҳам эмас…

Агар бино яшаш учун ҳозирланмаган бўлса, бу худди маййит бировнинг мулки бўлган ерга кўмилиб, кейин устига яшаш учун ҳозирланмаган бино қурилганга ўхшаб қолади. Натижада Имом Аҳмад ва мазҳабнинг аксар уламолари сўзига кўра у ерда намоз ўқилмайди. Чунки бу бино қуриш тақиқланган бино бўлади ва у исмда остидаги ерга тобе бўлади. Яъни у ернинг тепасига ҳам, пастига ҳам «мана бу қабр», «мана бу мақбара» деб айтилади. Маййитга нисбатан бу жойнинг тепасида намоз ўқиш пастида намоз ўқиш билан баробар. Чунки қабр олдида намоз ўқишдан қайтаришдан кўзланган ҳикмат бу иш бутга ибодат қилишга ўхшаб қолиши ва бора-бора қабрларни бут қилиб олишга сабаб бўладиган улуғлаш келиб чиқиши эди.

Бино жойлашган жойнинг ичида намоз ўқилса ҳам, устида намоз ўқилса ҳам мазкур ҳикмат ўз кучини йўқотмайди. Намозхон буни қасддан қиладими ёки буни қасддан қиладиганларга ўзини ўхшатиб шундай қиладими, фарқсиз. Бу иш қабр олдини намозгоҳ қилиб олишга сабаб бўлиши хавфи бор. Асҳобларимиздан бу бинога рухсат берган ва унинг тепасини ўша жойга тобе қилмаган кишилар у жойда намоз ўқишга ҳам рухсат бериши керак бўлади»[2].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳ яҳудий ва насронийларни лаънатласин, улар пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олдилар[3], деган сўзларининг умумига кўра, қабристон ичида ва қабр тепасида намоз ўқиш жоиз эмас. Маълумки, қабр устидаги ҳаво қатлами ҳам қабрга тобе бўлади»[4]. Демак, «қабристонда ва унинг тепасига қурилган бинода намоз ўқиш дуруст эмас. Чунки бу ишдан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарганлар. Шариатда бирон ишнинг тақиқланиши ўша ишнинг дуруст бўлмаслигини, бажарилса ҳам инобатга олинмаслигини тақозо этади»[5].

[1] «Аш-шарҳул мумтеъ», 2/249.
[2] «Шарҳул умда», 4/474-475.
[3] Ҳадис тахрижи 181-масалада ўтди.
[4] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 5/252, 13905-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.
[5] Аввалги манба, 5/253, 18805-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг