Масжиднинг олд тарафини қабристонга айлантириш

0

361. Масжиднинг олд тарафини қабристонга айлантириш

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Масжид девори олдида қабристон бўлса, Омудий ва бошқалар: “Масжид девори билан қабристон ўртасида бошқа бир тўсиқ бўлмагунча қибласи қабристонга қараган масжидда намоз ўқиб бўлмайди”, дейди. Яна баъзилар бу гап Имом Аҳмаддан ҳам нақл қилинганини айтади»[1].

Яна айтади: «Қабристон ичида ва қабристонга юзланиб намоз ўқиб бўлмайди. Ширк эшигини беркитиш мақсадида бу иш тақиқланган»[2].

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Масжиднинг қибла тарафида ёки яқинида қабристон бўлиши шаръан жоиз эмас. Далили Абу Марсад Ғанавий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисдир: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қабрларга қараб намоз ўқиманглар ва қабрлар устига ўтирманглар», дедилар”. Муслим ривояти[3]»[4].

«Саҳобалар на Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари ва на бошқа бировнинг қабри олдида намоз ўқир эдилар»[5].

«Қабристонда намоз ўқиш дуруст бўлмаганидек, қабристонга юзланган ҳолатда намоз ўқиш ҳам дуруст эмас. Намозхон билан қабристон ўртасини масжид ёки қабристон деворининг ажратиб туриши кифоя қилмайди, балки масжид билан қабристон ўртасида бошқа мустақил тўсиқ бўлиши шарт»[6]. «Масалан, йўл каби»[7]. «Масжид ва қабрлар ўртасига иккаласининг орасини ажратиб турувчи тўсиқ қилиш имкони бўлса, шундай қилиш керак. Акс ҳолда, иккаласидан кейин қурилгани бузиб ташланади»[8].

[1] «Шарҳул умда», 4/483.
[2] «Ал-ихтиёротул фиқҳийя», 67-бет.
[3] Ҳадис тахрижи 33-масалада ўтди.
[4] «Мажмуъул фатово», 2/175, 511-рақам.
[5] Шайхулислом Ибн Таймия, «Мажмуъул фатово», 11/501.
[6] Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ, «Мажмуъул фатово», 2/176, 513-рақам.
[7] Аввалги манба, 2/176, 512-рақам.
[8] Аввалги манба, 2/177, 513-рақам.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг