Масжиднинг ёнига қабристон қилиш

0

362. Масжиднинг ёнига қабристон қилиш

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Асҳобларимиз айтишича, «қабристон» номи ичига кирадиган ва қабрларни ўраб турадиган ҳеч бир жойда намоз ўқилмайди. Бинобарин, тақиқ якка қабр атрофини ва унга уланган ҳовлисини ҳам қамраб олади. Асҳобларимиз айтишича, қабристонда қурилган масжидда намоз ўқиб бўлмайди. Масжид қабрлардан ажратиб турадиган девор билан ўралган бўлсин, деворсиз очиқ ҳолатда бўлсин, баробар. Аммо масжид қабристон ерида бўлмай, қабристон унинг ортида, ўнгида ёки сўлида жойлашган бўлса, бундай масжидда намоз ўқиса бўлаверади. Муҳими масжид қабрдаги маййит учун қурилган бўлмасин. Аммо масжид қабрдаги маййит учун қурилган бўлиб, бундан унинг қабри атрофи ёки ҳовлиси намозгоҳ қилиб олиниши кўзда тутилган бўлса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан қайтарган масжид айнан шудир»[1].

Албоний деди: «Қабристон намоз ўқиладиган жой эмас…

Мазкур ҳадис ва у ҳақда зикр қилинган гаплар қабристонда намоз ўқиш макруҳ бўлишига далолат қилади. Айрим ҳадисларда келган тақиқ зоҳирига кўра, қабристонда намоз ўқиш ҳаром бўлади. Баъзи уламолар қабристонда ўқилган намоз ботилдир, деган. Чунки тақиқ тақиқланган ишнинг дуруст бўлмаслигига, шаръан эътиборга олинмаслигига далолат қилади. Ибн Ҳазм шундай деган, Шайхулислом Ибн Таймия ва Шавконий «Найлул автор»да (2/112) шу фикрни ихтиёр қилганлар.

Ибн Ҳазм (4/27-28) Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг: “Ким қабристонда ёки қабрга юзланган ҳолда намоз ўқиса, намозини қайтариб ўқийди”, деганини ривоят қилган…

Қабристонда намоз ўқиш макруҳлиги қабристонга оид барча жойга тегишли бўлади. Қабр намозхоннинг қаршисида бўладими, ортида бўладими, ўнги ёки чапида бўладими, фарқи йўқ. Чунки тақиқ мутлақ кўринишда келган»[2].

Шайх Ибн Боз айтади: «Қабрда ётган маййитларга фойдаси тегсин деб қабрларга яқин жойга масжид қуриш жоиз эмас. Бироқ агар қабрлар масжиддан ташқарида бўлса ва масжид билан қабрлар ўртасини йўл каби нимадир ажратиб турса ҳамда масжид ушбу қабрлар учун бино этилмаган бўлса, бундай масжидда намоз ўқиса бўлаверади»[3].

«Масжид қабрлардан узоқ ва мустақил бўлиши, қабрлар ҳам масжиддан мустақил бўлиши шарт. Аммо масжид қабристон ичига қурилса ёки масжид ичига маййит дафн этилса, бу ишлар мункардир. Ўликни масжид ичига кўмиш жоиз эмас. Балки масжидлар алоҳида, қабрлар алоҳида бўлиши керак»[4].

[1] «Шарҳул умда», 4/461-462.
[2] «Аҳкомул жаноиз», 271-274-бетлар, 8-рақам.
[3] «Мажмуъул фатово», 13/232.
[4] Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ, «Фатово нурун алад-дарб», 1/401.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг