Маййитни масжидга кўмиш

0

363. Маййитни масжидга кўмиш

«Қари бўлсин, ёш бўлсин, қориндаги ҳомила бўлсин, ҳеч бир маййитни масжидга кўмиб бўлмайди. Зеро, масжидларни қабристонга ўхшатиш жоиз эмас»[1]. «Бу иш Ислом динига, Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига ва мусулмонлар ижмосига зиддир. Бу иш катта ширкка элтувчи воситадир. Дарҳақиқат, у сабабли уммат орасига катта ширк оралади ва тарқалди»[2]. «Бу иш ҳаром ва тақиқланган иш эканига саҳиҳ ва очиқ ҳадислардан далиллар жуда кўп. Чунки бу иш ширкка олиб борадиган энг катта воситалардандир. Шу иш сабабли авом ва жоҳил кимсаларнинг аксари ўша қабр эгаларига қалбини боғлади, улар билан фитналанди, Аллоҳни қўйиб ўшаларга дуо қилди, фойда келтириш, зарарни кетказиш ва ҳожатларни раво қилиш борасида уларни Аллоҳга шерик деб билди, ваҳоланки, буларни Аллоҳдан ўзгадан талаб қилиш асло жоиз эмасдир. Бадавий ва Ҳусайннинг қабри ҳамда бошқа улуғланадиган қабрлар олдида авом ва жоҳил кимсалар тарафидан содир бўлаётган воқелик бунга гувоҳдир»[3].

«Агар қабр қибла тарафда бўлса, бу ишнинг ҳаромлиги янада кучлироқ ва Аллоҳга ширк келтиришга янада яқинроқ бўлади. Чунки бу ҳолатда қабрдаги маййитга сиғинилаётган бўлади. Бунинг далили Бухорий ва Муслим «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу ҳадисдир: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ яҳудий ва насронийларни ҳалок қилсин, улар пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олдилар», дедилар”[4]. Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қабрларга қараб намоз ўқиманглар ва қабрлар устига ўтирманглар”, дедилар[5]. Муслим ривоят қилган бошқа ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан аввалгилар қабрларни масжид қилиб олишар эди. Сизлар қабрларни масжид қилиб олманглар, бундан огоҳ бўлинглар. Албатта, мен сизларни бундан қайтараман”, деганлар[6]»[7].

«Бир дона қабр устига қурилган масжид билан кўп қабрлар устига қурилган масжид орасида фарқ йўқлиги борасида уламолар ихтилофлашмаган. Мисол учун Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам лаънатлаган кимсалар бир нафар пайғамбар ёки солиҳ кишининг қабри устига масжид қуришар эди. Қабристонда намоз ўқишдан қайтарилгани боиси у жой нажосат бўлгани учундир деган баъзи кишилар ҳам қабр устига қурилган масжидда намоз ўқиб бўлмаслигини нажосатга боғламайдилар. Балки мазкур фикрда бўлган Имом Шофеий ва бошқалар ҳам бунинг сабаби қабр билан фитналаниб, ширкка тушиб қолиш хавфи борлиги, дейдилар»[8].

Миср диёри собиқ муфтийси Шайх Абдулмажид Салим (вафоти: 1374 ҳ.) айтади: «Дарҳақиқат, ўликни масжидга дафн этиш масжиднинг фарз ва нафл намозлар учун, зикр ва илм ўрганиш учун ажратилган бир қисмини масжидликдан чиқариш демакдир. Бу эса шаръан жоиз эмас… Ибн Қаййим деди: “Имом Аҳмад ва бошқалар масжидга дафн этилган маййит ковлаб олинади, деганлар”. Ибн Таймия деди: “Ислом динида қабр ва масжид бирлашмайди. Балки у иккисидан қай бири кейин келган бўлса, ўшаниси ман этилади ва ҳукм аввалгисига берилади”. «Зодул маод» китобида батафсил келган… Хуллас, бу иш ножоиз эканида шак-шубҳа бўлмаган ишлардандир»[9].

[1] Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ, «Мажмуъул фатово», 22/203.
[2] Шайх Солиҳ Фавзон ҳафизаҳуллоҳ, «Ал-мунтақо минал фатово», 1/201.
[3] Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ, «Мажмуъул фатово», 10/301.
[4] Ҳадис тахрижи 306-масалада ўтди.
[5] Ҳадис тахрижи 33-масалада берилди.
[6] Ҳадис тахрижи 99-масалада ўтди.
[7] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 1/423, 1448-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳбарлиги остида.
[8] Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ, «Жомеул масоил», учинчи тўплам, 43-бет.
[9] «Ал-фатово ал-исломийя мин дорил ифто ал-мисрийя», 2/650-651, 319-рақамли фатво, 48-йил, 376-жилд, 16/05/1359 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг