Масжидларга солиҳ кишилар қабрлари суратини осиш

0

364. Масжидларга солиҳ кишилар қабрлари суратини осиш

«Масжидларга солиҳ кишилар қабрини чизиш ёки бундай суратларни масжид деворига осиш, ёки солиҳ кишилар суратини масжидга қўйиш уларни масжидга дафн қилиш ёки қабрлари устига масжид қуриш ҳукмида бўлади. Чунки бу ишларнинг барчаси жоҳилият бутпарастлигига олиб борадиган ва Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишга чақирадиган воситалардир. Тавҳид ақидасини ҳимоя қилиш ва одамларни залолат домидан қутқариб қолиш йўлида ёмонликка элтувчи ҳар қандай эшикни ёпиш мусулмонлар учун вожибдир.

Умму Ҳабиба ва Умму Салама Ҳабашистон заминида кўрган, ичида суратлар бўлган насронийлар ибодатхонаси ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эслашганида, у зот бундай дедилар: “Ўша одамлар ичларида бирон солиҳ инсон ёки солиҳ банда вафот этса, унинг қабри устига масжид қуриб, бу масжидга ўша суратларни чизадилар. Улар қиёмат куни Аллоҳ таолонинг наздида энг ёмон одамлардир[1].

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (ўлим соати яқинлашиб) келган вақтда юзларига йўл-йўл ёпинчиқларини ташлаб олдилар, нафаслари бўғилиб кетгач, юзларини очдилар ва шу ҳолатда туриб: «Яҳудий ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, улар пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишди», деб, уларнинг қилмишларидан (умматларини) огоҳлантирдилар. Агар шу иш бўлмаганида, у зотнинг қабрлари очилиб, кўрсатиб қўйилган бўлар эди. Бироқ у зотнинг қабрлари масжид қилиб олинишидан қўрқилди”[2].

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан аввалгилар қабрларни масжид қилиб олишар эди. Сизлар қабрларни масжид қилиб олманглар, бундан огоҳ бўдинглар. Албатта, мен сизларни бундан қайтараман”, деганлар[3].

Имом Молик «Муватто»да ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳ, қабримни сиғиниладиган бут қилиб қўймагин! Пайғамбарларининг қабрларини масжидга айлантириб олган қавмга Аллоҳ қаттиқ ғазаб қилади”, дедилар[4].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Уйларингизни қабристонга айлантирманг, менинг қабримни байрамгоҳ қилиб олманг. Менга салавот айтинг. Зеро, қаерда бўлманг салавотингиз менга етиб боради[5]. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қаерда бўлмайлик у зотга салавот айтишимизга буюрдилар. У зотга қаерда салавот айтмайлик, салавотимиз етиб боришини хабар бердилар. Бунинг учун у зотнинг қабрлари ёки қабрларининг сурати олдида бўлишимиз шарт қилинмади. Бундай суратларни пайдо қилиш ва уларни масжидларга жойлаштириш ширкка олиб борадиган ёмон бидъатлар жумласидандир, Аллоҳдан паноҳ сўраймиз.

Бундай қиладиган одамларни бу ишдан қайтариш мусулмонлар уламолари зиммасидаги вожибдир. Мусулмонлар раҳбарлари фитнага барҳам бериш ва тавҳидни ҳимоя қилиш йўлида масжидлардан қабрлар суратини олдириб ташлаши лозим»[6].

[1] Ҳадис тахрижи 310-масалада ўтди.
[2] Ҳадис тахрижи 280-масалада берилди.
[3] Ҳадис тахрижи 99-масалада ўтди.
[4] Ҳадис тахрижи 99-масалада берилди.
[5] Ҳадис тахрижи 271-масалада ўтди.
[6] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 1/455-458, 236-рақамли фатво, биринчи тўплам.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг