Қодир бўлганда қабр устига қурилган қубба, масжид ва биноларни бузиш вожиблиги (1)

0

365. Қодир бўлганда қабр устига қурилган қубба, масжид ва биноларни бузиш вожиблиги

Ибн Таймия айтади: «Пайғамбарлар, солиҳлар, подшоҳлар ва улардан бошқалар қабри устига қурилган бу масжидлар дарҳол бузиб ташланиши ёки бошқа ҳар қандай йўл билан йўқотилиши шарт. Бу борада мўътабар уламолар орасида ихтилоф борлигини билмайман»[1].

Суютий деди: «Қабрлар устига қурилган масжидлар дарҳол бузиб ташланиши керак. Мўътабар уламолар ўртасида бу борада ихтилоф йўқ. У жойда намоз ўқиш макруҳ эканида ҳам келишмовчилик йўқ»[2].

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бундан ҳам каттароғи Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам зирор масжидини буздилар[3]. Бу иш зирор масжидидан кўра каттароқ фасодга сабаб бўладиган нарсани бузиш мумкинлигига далил бўлади. Қабр устига қурилган масжидлар шулар жумласидан. Ислом бундай масжидларни бузиб ташлаб, ер билан битта қилишга ҳукм қилади. Қабр устига қурилган масжид зирор масжидидан кўра бузилишга ҳақлироқдир. Шунингдек, қабр устига қурилган қуббалар ҳам битта қўймай бузиб ташланишга маҳкум. Чунки бу қуббалар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга исён ўлароқ қурилгандир. Зеро, у зот қабрлар устига бино қуришдан қайтарганлар»[4].

Яна бундай дейди: «Йўқ қилишга ва бузишга қодир бўлингандан кейин Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган зиёратгоҳлар ва ширкхоналарни бир кун ҳам ўз ўрнида қолдириш жоиз эмас. Чунки улар ширк ва куфрнинг кўзга кўринган маконларидир. Улар энг катта ёмонликдир. Уларни йўқ қилишга қодир бўлган ҳолатда тек қўйиш жоиз бўлмайди. Аллоҳни қўйиб, уларга сиғиниш учун бут қилиб олинган қабр устига қурилган сағаналар ва тоғутлар ҳукми шудир.

Улуғлаш, табаррук қилиш, назр қилиш ва ўпиш мақсад қилинадиган тошларни йўқ қилишга қодир бўлатуриб улардан бир парчасини ҳам ер юзида қолдириш жоиз эмас. Буларнинг аксари Лот, Уззо ва уларнинг учинчилари бўлмиш Манотнинг даражасидадир, ёки буларнинг олдида қилинаётган ширклар Лот ва Уззоларнинг олдида қилинганидан ҳам каттароқдир, Аллоҳнинг ўзи ёрдам берсин.

Мазкур тоғутларнинг сиғинувчиларидан ҳеч бири улар яратади, ризқ беради, ўлдиради ва тирилтиради деб эътиқод қилмас эди. Улар ҳам шунчаки ҳозирги мушрик биродарлари тоғутлари олдида қилган ишларни ўзларининг бутлари қошида қилишар эди. Ҳозирги мушриклар ўзларидан аввал ўтганларнинг суннатига ва йўлига қадам-бақадам эргашди, уларнинг жойларини қаричма-қарич ва қулочма-қулоч эгаллашди. Илм яшириниб, жаҳолат бўй кўрсатгач, аксар одамлар қалбини ширк эгаллади. Натижада яхши ёмонга, ёмон яхшига, суннат бидъатга, бидъат суннатга айланди. Ёшлар ушбу ширк эътиқодда улғайди, қарилар шу эътиқод билан қартайди. Ҳидоят белгилари ўчирилди, Ислом ғариблиги кучайди, уламолар озайди, беақллар кўпайди, муаммо жиддий тус олди, зарар ошиб кетди, одамларнинг қилмишлари сабабли қуруқлигу денгизда фасод урчиди.

Лекин Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам уммати орасида ҳақ узра қойим бўлган ва ширку бидъатга қарши курашишдан толмайдиган жамоа ҳалигача бор. Аллоҳ таоло ерни ва ундаги нарсаларни мерос қилиб олмагунча улар шу зайл давом этаверадилар. Албатта, Аллоҳ ворисларнинг энг яхшисидир»[5].

Ибн Ҳажар Ҳайтамий деди: «Қабр устига қурилган масжид ва қуббаларни бузишга шошилиш вожибдир. Зеро, улар зирор масжидидан кўра зарарлироқдир. Чунки улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлиш устига қурилган. Чунки у зот бундан қайтарганлар, ердан бир қаричдан баланд кўтарилган қабрларни бузишга буюрганлар[6]. Қабр устига қўйилган ҳар қандай қандил ва чироқни йўқотиш вожибдир. Уларни қабрга вақф қилиш ёки назр аташ жоиз эмас»[7].

Имом Ибн Ҳазм айтади: «Қабрга бино қуриш, уни гипслаш ва қабрдан чиққан тупроққа тупроқ қўшиш жоиз эмас. Буларнинг барчаси бузилишга маҳкум»[8].

[1] «Иқтизоус сиротил мустақим», 2/187.
[2] Суютий, «Ал-амру бил-иттибоъ ван-наҳю анил ибтидоъ», 143-бет.
[3] Мунофиқлар мўминларга зарар бериш ва мусулмон жамоасини бўлиб ташлаш учун бир масжид қурдилар. Аллоҳ таоло уни «зирор» (зарар, зиён) масжиди деб атади. Уларнинг мақсади мўминлардан баъзилари барча мусулмонлар намоз ўқийдиган Қубо масжидини ташлаб, шу масжидда намоз ўқишга келиши, шу билан мусулмонлар орасида бўлиниш пайдо бўлиши ва бу жой мусулмонларга қарши макр ўчоғига айланиши эди. Ушбу масжид Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан бузиб ташланди ва ёқиб юборилди. (Тарж.)
Қаранг: «Тафсири Табарий», 14/468; Ҳоким, «Мустадрак», 4/638, 8763-ҳадис.
[4] «Иғосатул лаҳфон», 1/194.
[5] «Зодул маод», 3/443.
[6] Ҳадис тахрижи 84-масалада ўтди.
[7] «Аз-завожир ан иқтирофил кабоир», 1/323.
[8] «Ал-муҳалло», 3/356, 577-рақам.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг