(Бу мақола Шайх Содиқ Самарқандийнинг “Саҳобаларнинг фазилати” номли аудио дарслари асосида ёзилди)
Биз аҳли суннат ва жамоатнинг саҳобалар тўғрисидаги ақидамиз қайдай бўлиши керак?
Дарҳақиқат, ушбу мавзу бугунги кунда ва бугунги воқелигимизда қанчалик муҳим экани намоён бўляпти. Тарихга назар солар эканмиз, шунга амин бўламизки, саҳобалар тўғрисида нотўғри тушунчада бўлган, уларни айблаган, ҳақоратлаган ёки сўккан кишилар ё ўзлари фосиқ бўлишган, ё қалбида динга нисбатан марази бўлган, ё жоҳил кимсалар бўлган. Ўзини аҳли суннатга мансуб деб билган аксар одамлар саҳобалар тўғрисида нотўғри тушунчада бўлиб, бунга уларнинг жоҳиллигини ва дин душманларининг таъсири остида қолиб кетганлигини сабаб қилиб кўрсатишимиз мумкин. Шунинг учун такрор ва такрор таъкидлайманки, саҳобалар тўғрисидаги тарихни, уларнинг қайси диёрда яшаб ўтганлиги, насл-насабларини ўқиб-ўрганишимиздан аввал, улар тўғрисидаги эътиқодимизни тўғрилаб олишимиз лозим. Биз саҳобалар тарихини бошқа одамлар сингари, улар тарихда ўтган жасоратли, қўрқмас инсонлар бўлишган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофида юришган, ҳеч нарсадан қайтишмаган деб ўрганмаймиз. Балки биз уларни ўзимизга намуна деб ўрганамиз. Чунки динимиз бизга шу саҳобалар орқали етиб келди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Мен бугун сизларга динингизни комил қилдим ва сизларга Ўз неъматимни тўла-тўкис ато этдим” (Моида:6) – дейди. Бу оят айнан саҳобаларга қарата айтилган. Айнан саҳобалар ушлаб турган дин – комил дин эди. Бундан шу хулоса келиб чиқадики, биз комил динга эргашмоқчи бўлсак, саҳобаларнинг йўлини тутишдан бошқа чорамиз йўқ. Зеро, улар бизга диннинг ҳаётдаги амалий татбиқини кўрсатиб беришди.
Биз бу эътиқодимиз билан бошқа фирқалардан ажралиб турамиз. Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганидан кейин фитналар бошланди. Усмон розияллоҳу анҳуни ўлдирган одамлар Миср ва Шомдан келган бузғунчи кишилар бўлишган. Уларнинг бошида Абдуллоҳ ибн Сабаъ деган бир яҳудий турган эди. У ўзини мусулмон қилиб кўрсатиб, исломни бузишга ҳаракат қилган ва атрофида унга ҳамфикр бўлган одамлар йиғилган эдилар. Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилиши билан катта бир фитна эшиги очилди. Али розияллоҳу анҳу хилофатни тиклаймиз, ана ундан кейин биз Усмонни ўлдирган одамлардан ўч оламиз, дедилар. Муовия розияллоҳу анҳу ўша пайтда Шомда волий бўлиб турган эди. Муовия розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг амакиваччаси бўлиб, унинг хунини олишга энг ҳақдор одамлардан бўлган. Муовия розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Мен Усмонни ўчини оламан. Саҳобалар ўртасида Усмон ўлдирилади-ю, бунга барчангиз қараб турасизлар?! Уни ким ўлдирган бўлса, у қотилларни мен ўлдираман. Менга амирлик ҳам, халифалик ҳам керак эмас!”. Унинг бу сўзлари Али розияллоҳу анҳуга етиб келганида, янги халифа тикланмасдан туриб улардан ўч олиш имконсизлиги, аввало халифа сайлаш, сўнгра қотиллардан ўч олиш ва барча ҳақ-ҳуқуқларни жой-жойига қуйиш мақсадга мувофиқлигини айтади. Шу тариқа мусулмонлар иккига бўлинишди ва улар ўртасида катта бир тўқнашув бўлиб ўтди. Албатта бу ишлар Аллоҳнинг қадари билан бўлди. Иншааллоҳ, саҳобалар ўртасида бўлган ўтган бу тўқнашувлар хусусида алоҳида тўхталиб, тарихий жиҳатдан бирма-бир ўрганиб чиқамиз.