Қодир бўлганда қабр устига қурилган қубба, масжид ва биноларни бузиш вожиблиги (2)

0

Ибн Касир ҳижрий 236 йил воқеалари ҳақида бундай дейди: «Бу йили халифа Мутаваккил Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толибнинг қабри ва қабр атрофида жойлашган уйлар ва ҳовлиларни бузишга буйруқ берди. Кейин одамларга: “Ким уч кундан кейин бу ерда қўлга тушса, зиндонга ташланади”, дея нидо қилинди. Натижада у ерда одам зоти қолмади. Кейин у жой шудгор қилинадиган ва фойдаланиладиган экинзорга айлантирилди»[1].

Ҳаттоб Моликий деди: «Саййидимиз Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Мисрнинг Қарофасини мусулмон маййитлар кўмиладиган жой этиб белгилади. Шундай қилиб, у жой қабристон бўлиб қолди, у ерга бино қуриш тақиқланган эди. Айрим «сиқа» (ишончли) кишилардан нақл этилишича, Султон Зоҳир замонасидаги уламолардан бу жойда қурилган биноларни бузиб ташлаш ҳақида фатво сўраттиради. Уларнинг барчалари бир овоздан иттифоқ қилишадики, мусулмонлар раҳбари мазкур биноларнинг барчасини бузиб ташлаши ва одамларига у ердан чиққан тупроқни Киймонга тўктириши вожибдир. Уламолардан ҳеч бири бу борада ихтилоф қилмади»[2].

Биригвий Ҳанафий айтади: «Шайтоннинг энг катта макрларидан бири одамлар учун «ансоб»лар қилиб берганидир. Ансоблар шайтон чиройли кўрсатадиган нопок ишлардандир. Аллоҳ таоло мўминларни ундан четланишга буюрди ва ушбу четланиш уларнинг нажоти эканини бундай хабар берди: “Эй мўминлар! Билингки, ҳар қандай маст қилувчи нарса, қимор, ансоб ва фол очадиган чўплар – шуларнинг ҳаммаси шайтон чиройли кўрсатадиган гуноҳ ишлардир. Бу гуноҳлардан четланинг, шоядки (дўзахдан) нажот топсангиз!” (Моида, 90). Аллоҳдан ўзгага сиғиниш учун ўрнатилган ҳар қандай нарсага «ансоб» дейилади. Ансоб – дарахт, тош, бут-санам ёки қабр бўлиши мумкин. Мужоҳид, Қатода ва Ибн Журайж бундай деган: “Каъба атрофида тошлар бор эди. Жоҳилият аҳли шу тошларни улуғлар, уларга сиғинар, уларга атаб қурбонлик сўяр ва шу қурбонлик гўштларини тошларнинг устига ёйиб қўяр эди. Бу тошлар санам эмасди. Чунки санамга сурат ва шакл берилади. Тошлар эса шунчаки бут эди”.

Ансоб сўзининг асли «уни кўрган кимса олдига қасд қилиб борадиган тикланган нарса» деган маънони билдиради.

Шайтон одамлар учун тиклаган дарахт, устун ёки қабр каби нарсалар ҳам ансоблар жумласидандир. Буларнинг барчасини бузиб ташлаш ва изини йўқотиш вожибдир. Ҳудайбияда саҳобалар унинг остида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилган дарахтни одамлар зиёрат қила бошлагани хабари Умар разияллоҳу анҳуга етганида, одам юбориб, дарахтни кестириб ташлади[3].

Умар разияллоҳу анҳу бу ишни саҳобалар унинг остида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат берган ва Аллоҳ таоло Қуръонда: “Эй Пайғамбар, мўминлар дарахт остида сизга байъат берган пайтларида Аллоҳ улардан рози бўлди” (Фатҳ, 18) дея уни зикр этган дарахт билан қилган экан, одамларга жуда катта фитна ва бало бўлаётган мана бу ансоблар ҳукми нима экани маълум. Бундан ҳам очиқроқ далил: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам зирор масжидини буздилар. У зотнинг бу ишлари ўша масжиддан кўра фитнаси каттароқ маконлар, масалан, қабр устига қурилган масжидлар бузилишга ва ер билан текис қилинишга маҳкум эканига далил бўлади. Исломнинг ҳукми шудир.

Шунингдек, қабрлар устига қурилган қуббалар ҳам бузиб ташланиши вожибдир. Чунки улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлиш устига қурилгандир. У зотга осий бўлиш эвазига қурилган ҳар қандай бино бузиб ташланишга зирор масжидидан кўра ҳақлироқдир. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар устига бино қуришдан қайтарганлар, қабрлар устини масжид қилиб оладиганларни лаънатлаганлар, ердан бир қаричдан баланд кўтарилган қабрларни бузишга ва ер билан баробар қилишга буюрганлар. Шундай экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қуришдан қайтарган ва қурганларни лаънатлаган биноларни бузиб ташлашга шошилиш вожиб бўлади.

Шунингдек, қабр устига ёқилган ҳар қандай қандил, чироқ, шамларни ва қабр тепасига ёпилган матоларни олиб ташлаш вожибдир. Бу ишларни қилганлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг лаънатларига учраган кимсалардир. Албатта, Аллоҳ таоло ўзининг дини ва Расулининг суннатини бу иккисига ёрдам берадиган ва уларни ҳимоя қиладиган кишилар билан ғолиб қилади»[4].

[1] «Бидоя ва ниҳоя», 10/763.
[2] «Мавоҳибул жалил», 3/61.
[3] Ториқ ибн Абдураҳмондан ривоят қилинади: «Ҳаж қилиш учун чиқдим. Намоз ўқиётган қавм олдидан ўтиб қолдим. “Бу қандай намозгоҳ?” деган эдим, “Бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ризвон байъатини олган дарахт”, дейишди. Саид ибн Мусаййиб олдига келиб, бу ҳақда айтиб бердим. Саид деди: “Менга отам сўзлаб беришича, у дарахт остида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат берган кишиларнинг бири эди. У: «Келаси йили ҳажга йўл олганимизда дарахтни унутдик, уни таний олмадик», деди. Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари танимаган дарахтни сизлар таниб қолдингизми?! Сизлар улардан кўра билувчироқмисиз?!”» (Бухорий ривояти, 4163-ҳадис). Ибн Ҳажар деди: «Ибн Саъд ривоятида Нофеъга борадиган саҳиҳ санад билан ушбу асарни топдим: “Бир жамоа одамлар дарахт олдига келиб, ўша ерда намоз ўқиётгани хабари Умарга етиб борди. Шунда Умар уларга қаттиқ дашном берди, кейин дарахтни кесиб ташлашни буюрди ва у кесиб ташланди”» («Фатҳул Борий», 7/448).
«Саид ибн Мусаййиб разияллоҳу анҳу саҳиҳ ҳадисда айтганидек, саҳобалар дарахт ўрнини унутиб юборган эдилар. Бироқ шайтон бир жамоа кишиларни бир дарахтга йўллаб, уни байъат дарахти деган ёлғон фикр уйғотди. Лекин Умар разияллоҳу анҳу тавҳидни ҳимоя қилиш ва одамлар ўша дарахт остида намоз ўқиш билан уни табаррук қилишининг олдини олиш мақсадида у дарахтни кестириб ташлади» (Шайх Муҳаммад Фарид, «Мустанадотут табаррукил мамнуъи вал-жавобу анҳа» номли мақола. «Ал-баён» журнали, 309-адад, 55-бет, жумодал увло, 1434 ҳ.й.)
[4] «Зиёратул қубур», 56-58-бетлар.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг