Қабр қуббасини олиб ташлашга тўсқинлик қилган кишининг ҳукми

0

366. Қабр қуббасини олиб ташлашга тўсқинлик қилган кишининг ҳукми

Шайх Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабрлар устига қуббалар қуриш куфрнинг белгилари ва рамзларидандир. Чунки Аллоҳ таоло Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни бут-санамларни бузиш учун юборди, гарчи у солиҳ кишининг қабрига тикланган бўлса ҳам. Масалан, Лот солиҳ инсон бўлган эди. У ўлгач, одамлар унинг қабрига келиб, эътикоф ўтиришди, қабри устига бино қуришди ва уни улуғлашди. Тоиф аҳли мусулмон бўлгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан Лотнинг ҳайкалини бузишни бир ойга кечиктириб туришларини сўрашди. Аёллари ва фарзандлари динга тўлиқ кириб олгунларича уларни қўрқитиб юбормасликни сабаб қилишди[1]. Бироқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга кўнмадилар. Тоиф аҳли вакилларига Муғира ибн Шуъба ва Абу Суфён ибн Ҳарбни қўшиб юбордилар ва уларга бутни бузишни буюрдилар.

Уламолар айтишича, қабрлар устига қурилган ва бут қилиб олинган ушбу қуббаларни бир кун ҳам кечиктириш жоиз эмаслигига мазкур ҳадисда далил бордир. Чунки бу қуббалар куфрнинг белгиларидир.

Саҳиҳ ҳадисда келади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар устига бино қуриш, уларни гипслаш, хушбўйлаш ва устига ёзишдан қайтардилар”[2]. Аллоҳ таоло деди: “Пайғамбар сизларга нимани келтирса, уни маҳкам ушланглар, нимадан қайтарса, ундан дарҳол тийилинглар” (Ҳашр, 7).

Қабр устидаги қубба уни қурган одамнинг кофирлигини билдирадими? Бу масала тафсилотга муҳтож:

Агар унга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр устига қурилган биноларни бузишга буюрганлари ва бу ишни қилишдан қайтарганлари етиб борган бўлса-ю, бироқ қайсарлик билан бўйин товласа ва уни бузмоқчи бўлган кишига тўсқинлик қилса, бу унинг кофир экани аломатидир. Аммо кимдир Аллоҳ ва Расули саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан қайтарганини билмасдан жоҳиллик билан қилган бўлса, бу унинг кофир эканини кўрсатмайди. Балки унинг жоҳил ва бидъатчи эканини, Аллоҳ ва Расули саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар борасида нима деганларини қидирмагани ва ўрганмаганини билдиради.

Бу биноларни қурмаган, аммо қурганларнинг фарзандлари ва авлодлари бўлган кейинги давр одамлари ҳукмига келсак, гуноҳ-маъсиятга рози бўлиш уни қилиш билан баробардир. Уни қурганларга оид тафсилот буларга ҳам тааллуқли. Буни яхши англаб олинг. Бу ҳукм мазкур қуббали қабрларга ибодат ва дуо қилинмаган, уларнинг фойда келтириши ва мусибат аритиши умид қилинмаган ҳолатга тегишли. Агар бу қабрларга сиғинилса, ширк бўлади. Аллоҳ таоло у ҳақда шундай дейди: “Ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади. Унинг борар жойи дўзах бўлади” (Моида, 72)»[3].

Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб раҳимаҳуллоҳ деди: «Қалбларимизни ҳам билиб турувчи Аллоҳ гувоҳки, тавҳидга амал қилган ҳамда ширк ва унинг аҳлидан безор бўлган ҳар ким қай замон ва маконда бўлмасин, мусулмондир. Биз фақат Аллоҳга унинг илоҳлигида бошқани шерик қиладиган кишини – унга ширкнинг ботил экани ҳақида далилни баён қилганимиздан сўнггина – кофир санаймиз. Ширкни одамларга чиройли кўрсатган ёки ботил шубҳалар билан уни жоиз қилишга уринадиган кишиларни ҳам кофир деб биламиз. Шунингдек, унинг ҳузурида Аллоҳга ширк келтирилаётган бу сағаналар ҳимояси учун қилич кўтарган ҳамда уларни тан олмаган ва йўқотишга бел боғлаган кишиларга қарши урушган одамлар ҳам кофирдир»[4].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Бир ёки бир неча қабрлар устига масжид ёки кичик намозхоналар қуриш ҳаромдир. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан қайтарганлар ва бундай қилганларни лаънатлаганлар[5]. Мабодо қурилса, мусулмонлар раҳбарларига уни бузиш, мункарни йўқотиш вожиб бўлади. Чунки бу масжидлар тақво асосига қурилмагандир.

Шунингдек, бирон мусулмон жамоатда куч-қудрат ва ҳокимият бўлса, бундай бинони бузиш уларга ҳам вожиб бўлади.

Бу ишларнинг барчаси у масжидни бузиш ортидан ўчириб бўлмас даражада катта фитна олови чиқиши хавфи бўлмаган ҳолатга тааллуқлидир. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватнинг аввалида тавҳидга чақириб турган ва мушрикларнинг бутга сиғинишлари калтафаҳмлик эканини айтиб турган ҳолларида Каъба усти ва ичига жойлаштирилган бут-санамларга тегмадилар. Мусулмонлар шавкатли бўлгач, Макка фатҳ этилган йили Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бутларни йўқ қилдилар[6]»[7].

[1] Қаранг: Муҳаммад ибн Исҳоқ, «Сийратун набавийя», 2/618. Муҳаққиқ: Аҳмад Мазидий. «Дорул кутубил илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1424 ҳ.й.
[2] Ҳадис тахрижи 189-масалада ўтди.
[3] «Ад-дурарус санийя», 5/88-90.
[4] Аввалги манба, 10/128.
[5] Ҳадис тахрижи 181-масалада ўтди.
[6] Қаранг: «Саҳиҳи Бухорий», 4720-ҳадис. «Саҳиҳи Муслим», 1781-ҳадис.
[7] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 1/395-396, 3201-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг