Қабристонларда ширк ва бидъатларни тақиқлаш, қабрлар ва мақбараларни ювиш, қабр олдида никоҳ ўқитиш

0

367. Бақеъ ва бошқа қабристонларда ширк ва бидъатларни тақиқлаш вожибдир

Имом Ибн Таймия айтади: «Бақеъ аҳли ва бошқа мўминлар қабрларига келсак, бу қабрлар олдида ширк ва унга олиб борадиган ишлар қилинмайди. Мабодо у ерларда бу ишлар содир бўлса, қилувчилар ундан ман этилади ва қабрлар устига қурилган масжидлар бузиб ташланади. Агар фитнага барҳам бериш учун саҳобалар ва бошқа мўминлар қабрларини текислаб, билинмайдиган ҳолатга келтиришдан бошқа чора қолмаса, шундай қилинади. Бунга саҳобалар разияллоҳу анҳум Умар разияллоҳу анҳу амрларига биноан Дониёл пайғамбар қабрини текислаганлари далил бўлади[1]»[2].

368. Қабрларни ювиш

Маййитни кўмишдан аввал қабрни ювиш бидъатдир. Чунки бундай қилиш Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам, саҳобалардан ҳам ривоят қилинмаган[3].

369. Сағаналар ва мақбараларни ювиш

Сағаналар ва мақбараларни ювиш ширкка ва ғулувга олиб борадиган сабаблардандир. Бу иш Аллоҳ таоло ҳаром қилган ёмон ишлар жумласидан саналади[4].

370. Қабр олдида никоҳ ўқитиш

Қабрлар олдида никоҳ ўқитиш ва бу иш сабабли Аллоҳ томонидан барака ҳосил бўлади, деб ишониш бидъат ва ширкка элтувчи воситалардандир. «Агар қабрда ётган маййит унинг қабри олдида ўқилган никоҳга хайру барака ёғдиради ва эр-хотинга турмушларида бахт-саодат ато этади, деб эътиқод қилсалар, мушрик бўлишади ва никоҳлари кофирлар никоҳи жумласидан бўлади. Бу никоҳ насл-насаб ва мерос каби масалаларда кофирлар никоҳи ўлароқ эътиборга олинади. Агар эр-хотин Исломга кириб, холис мусулмон бўлсалар, эски никоҳларида қолаверадилар»[5].

[1] Ҳофиз Ибн Касир деди: «Бизга ривоят қилиб берилишича, мўминлар амири Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу замонида Ироқда Дониёл пайғамбар қабри топилганида уни одамлардан беркитишга, унинг қабридан топилган бир парча терига ёзилган ёзувни ҳам қўшиб кўмишга буюради. Унда Бани Исроилнинг қирғинбаротларига оид ҳамда бошқа гаплар битилган бўлади» (Ибн Касир, «Тафсирул Қуръонил азим», 5/147. Муҳаққиқ: Сомий Салома. «Дор Тайба» нашриёти, иккинчи нашр, 1420 ҳ.й.)
[2] «Ар-радду алал-Ихноий», 278-279-бетлар. Шунингдек, қаранг: «Ас-соримул мункий», 171-бет.
[3] Шайх Абдураҳмон Баррок ҳафизаҳуллоҳ фойдаларидан.
[4] Қаранг: Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ, «Фатово нурун алад-дарб», 2/264. Тўпловчи: Шувайъир.
[5] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 18/118, 4029-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг