Қабрга гул, райҳон ва уруғлар қўйиш

0

381. Қабрга гул, райҳон ва уруғлар қўйиш

Қабрларга гуллар, райҳонлар ва уруғлар экиш Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобалари қилмаган бидъатдир. Уларни табаррук қилиш эса ширкий бидъатлар жумласидан саналади. Шайх Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб деди: «Қабрга гулу райҳонлар экиш жоиз бўлмаган бидъатдир. Чунки бу иш қабрни хушбўйлаш жумласига киради, бундан эса қайтарилган»[1].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Шаҳидлар ё бошқалар қабрига гуллар қўйиш, ёки маълум ё номаълум аскар қабрлари барпо этиш кофир давлатлар билан яқин алоқада бўлган мамлакатларда яшаётган айрим мусулмонлар пайдо қилган бидъатлардандир. Улар кофирлар ўзларининг ўликларига қиладиган бу каби ишларни чиройли санашди. Бу иш кофирларга ўзни ўхшатиш ва улар маййитларини улуғлаш учун ўйлаб топган ишларида уларга эргашиш бўлгани боис шариат наздида жоиз эмасдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дея бу ишлардан огоҳлантирганлар: “Шериксиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиниши учун қиёмат олдидан қилич билан юборилдим. Ризқим найзам сояси остида қилинди. Менинг йўлимга хилоф қилган кимсага хорлик ва ҳақирлик етгай. Ким ўзини бирор қавмга ўхшатса, у ўшалардандир”. Аҳмад, Абу Яъло ва Табароний ривояти[2]. Яна у зот бундай деганлар: “Сизлардан аввал ўтганлар йўлига қаричма-қарич, қадам-бақадам эргашасизлар. Ҳатто улардан бири калтакесакнинг инига кирса, сизлар ҳам кирасизлар. Ҳатто улардан бири кўчада аёлига яқинлик қилса, сизлар ҳам шундай қиласизлар”. Ҳоким ривоят қилган ва «Муслим шартига кўра саҳиҳ», деган[3], Заҳабий уни маъқуллаган. Шунингдек, ҳадисни Баззор ҳам ривоят қилган[4], Ҳайсамий: «Ровийлари «сиқа» (ишончли)», деган[5].

Саҳобалар, тобеинлар ва қолган салафлар разияллоҳу анҳум орасида ҳам шаҳидлар, аслзода ҳамда танилмаган аскарлар бор эди. Уларнинг қабрлари устига гул каби нарсалар қўйганлари маълум эмас. Демак, бу иш янги пайдо қилинган бидъат ҳисобланади. Барча яхшилик уммат салафларига эргашишда, барча ёмонлик улардан кейингилар пайдо қилган бидъатлардадир»[6].

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ деди: «Қабрга гул қўйишга келсак, бу ишни билмай қилган одам ножоиз ишни қилган бўлади. Билиб қилган одам эса қабрни улуғлаш ёки қабрдаги маййитга яқинлашиш учун бу ишни қилади. Эҳтимол унинг бу иши маййитга қурбат ҳосил қилиш даражасига бориб етар, унда бу иш ширк бўлади. Албатта, бу иш маййитга қайсидир иши учун ҳурмат ва таъзим бажо келтириш учун қилинади. Маййитни улуғлашдан асл мақсад унинг шафоатини умид қилишдир. Бу одам ўликларни улуғлаш ортидан ажру савоб умид қилади. Бу иш ҳаромлиги очиқ кўриниб турган ишдир. Унинг бутпарастликка етиб бориши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Жаҳолат ҳам кимдадир кучлироқ, кимдадир заифроқ бўлади»[7].

Шайх Аҳмад Шокир раҳимаҳуллоҳ деди: «Дарҳақиқат, омма далили бўлмаган бу ишга қаттиқ ёпишди, уни қилишда ҳаддидан ошди. Хусусан, Миср юртида насронийларга тақлид ўлароқ қабрлар устига гуллар қўядиган ва бир-бирларига ҳадя қиладиган бўлишди. Одамлар ўлган қариндошлари ва танишлари қабрига гул қўйиб ҳурмат кўрсатишди, тирикларига гул бериб мулозамат кўрсатишди. Ҳатто бу иш давлатлараро алоқаларда салкам расмий урфга айланди. Мусулмонларнинг раҳбарлари Европа давлатларидан бирортасига борсалар, улар улуғлайдиган ёки «номаълум аскар» деб атайдиган қабр пойига гуллар қўяётганини кўрасиз. Баъзилари эса европаликларга тақлид қилиб, кофирлар йўлига эргашиб, қабрга намлиги бўлмаган сунъий гуллар қўядилар. Уларнинг қилаётган бу ишига омма у ёқда турсин, уламолар ҳам танбеҳ бермайди. Балки олимларнинг ўзлари маййит қабрига гул қўяётганини кўрасиз. Қолаверса, «хайрия вақфлари» деб аталадиган аксар вақфлар қабрларга қўйиладиган хурмо барглари ва райҳонлар учун маблағ ажратишидан хабар топдим.

Бу ишларнинг барчаси динда асли йўқ ва Қуръону суннатдан асоси бўлмаган бидъатлардир. Илм аҳли оммани бу ишлардан қайтариши, бу одатларни қўлларидан келганча йўқотмоққа ҳаракат қилиши вожибдир»[8].

Шайх Ҳамуд Тувайжирий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ўзини Исломга нисбат берувчи кишилардан кўплари қабрларга хурмо барги, яна айримлари эса чиройли гуллар қўйишади, бу билан ўликларга ҳурмат изҳор қиляпмиз деб ўйлашади. Баъзилар қабрга сунъий гуллар қўйишса, яна айримлар райҳонлар қўйишади. Баъзилар эса атиргул суви ва ҳар хил хушбўйликлар сепишади. Бу ишларнинг барчаси танбеҳга лойиқ ва европаликлардан кириб келган урф-одатлардир. “Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, албатта у ўшалардандир[9]»[10].

Бинобарин, одамлар шу бидъатга ишлатиши учун қабристонлар олдида анга шундай гуллар, райҳонлар ва уларнинг уруғларини сотиш ҳаром бўлади. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган кишилар уларни бу ишдан қайтаришлари вожибдир.

[1] «Ад-дурарус санийя», 5/87.
[2] Ҳадис тахрижи 226-масалада ўтди.
[3] «Мустадрак», 4/502, 8404-ҳадис.
[4] «Кашфул астор ан завоидил Баззор», 4/98, 3285-ҳадис.
[5] «Буғятур роид фий таҳқиқи мажмаъиз завоид», 7/516, 12105-ҳадис.
[6] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/89-91, 4023-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.
[7] «Мажмуъул фатово», 1/135, 66-рақам.
[8] «Сунани Термизий», 1/103. Муҳаққиқ ва шарҳловчи: Шайх Аҳмад Шокир. «Мактабати Мустафо Ҳалабий» нашри, иккинчи нашр, 1397 ҳ.й.
[9] Ҳадис тахрижи 226-масалада ўтди.
[10] Шайх Ҳамуд Тувайжирий раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1413 ҳ.), «Ал-ийзоҳу ват-табйин лима вақаъа фийҳил аксаруна мин мушобаҳатил мушрикийн», 28-бет. Тақдим этувчи: Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ. «Муассасатун нур» нашриёти, иккинчи нашр, 1405 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг