Талоқ лафзини айтмаса ҳам талоқ тушадими?

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Синглимизни узоқ шаҳарга турмушга берган эдик. У ерда домлалар ва аҳли илмлар бўлмагани учун диний масалаларни қандай ҳал қилишни билишмаяпти. Жуда зарур, оилага алоқадор бўлган масала билан илм аҳлига мурожаат қилмоқдаман. Саволим қуйидагича:
1. Эр ўз аёлига “сен менга ҳаромсан”, “бор, кетавер”, “сени тан олмайман” ёки “сенга юз марта жавоб” каби сўзларни бир ёки икки марта эмас, йиллар давомида айтиши билан талоқ тушадими? “Талоқ деб айтмайман, чунки талоқ дейилса, арш ларзага келар экан”, деган баҳона билан талоқ сўзини айтмасачи?
2. Аёл шунча гапларни эшитгани етмаганидек, эри унга: “Кет, кетмасанг ўзингга қийин бўлади” – деса, сўнг аёл эрининг уйидан чиқиб, отасининг уйига кетиб қолса гуноҳкор бўладими?

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин, ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Биринчи саволингизга келсак, эр-хотин муносабатларига чек қўйиш учун эр талоқ сўзини айтиши шарт эмас. Балки юқоридаги каби шунга далолат қиладиган сўзлар билан ҳам талоқ тушаверади. Зеро, талоқ сўзининг маъноси “қўйиб юбориш” дегани. Демак, худди шу маънони ифодалайдиган сўзларни айтиш билан талоқ тушади. Агар айтилган сўз талоқ маъносини ифодалаш билан бирга бошқа маънони ҳам ифодаласа, у ҳолда эрдан қайси маънони назарда тутгани сўралади. Агар эр ажралишни қасд қилган бўлса, у ҳолатда ҳам талоқ тушади. Масалан, эр хотинига: “Бор, онангникига кет” – деса-ю, мақсади ажралиш бўлмаса, хотини онасиникига кетса ҳам, бир икки кундан кейин қайтариб олиб келишни ният қилган бўлса, у ҳолда талоқ тушмайди. Бироқ бу сўзи билан хотинига талоқ айтишни назарда тутган бўлса, унда талоқ тушади. Демак, саволингизга биноан, синглингиз аллақачон талоқ бўлиб бўлган. Бунақа воқеа учинчи марта содир бўлганидан кейин синглингиз эри билан яшаши никоҳсиз яшаш ҳисобланади. Синглингиз бу ишларни билмай қилгани учун Аллоҳ таолодан унинг гуноҳларини кечиришини умид қиламиз!
Шунингдек, арш титрашидан қўрқиб, талоқ айтмаслик ҳам нотўғри тушунчадир. Чунки Табароний роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган: “Уйланинглар, талоқ қилманглар, чунки талоқ сабабли Раҳмон арши ларзага келади” ҳадиси тўқима ҳадисдир. Борди-ю, саҳиҳ деб эътиборга олинган тақдирда ҳам, бундан мақсад талоқ сўзини нутқ қилиш эмас, балки эр-хотин ажралиши назарда тутилган. Қолаверса, “аёлимга талоқ айтсам гуноҳ бўлади” деган даъво билан аёлга зулм қилиш, унга эрлик бурчини адо этмаслик, талоқ ҳам қилмаслик катта гуноҳ бўлиши билан бирга учига чиққан худбинлик ҳамдир.
Иккинчи саволга келсак, бу воқеа учинчи марта такрорланиши билан синглингиз эрига уч талоқ бўлган. Агар шу воқеа учинчи марта такрорланганидан кейин аёл уч бор ҳайз кўриб, покланган бўлса, унда иддаси тугаган ҳисобланади. Иддаси тугаган аёлнинг эрининг уйида қолиши бегона эркакнинг уйида қолиш билан баробар бўлиб қолади. Шунга биноан, синглингиз отасининг уйига кетиши билан шариатга хилоф иш қилмай, аксинча, шариатда буюрилган ишни қилган, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг