Маййитлар учун мавлидлар ўтказиш

0

382. Маййитлар учун мавлидлар ўтказиш

Азҳар собиқ шайхи Шайх Маҳмуд Шалтутдан сўралди: «Машойихлар учун мавлид ўтказиш, уларнинг қабрларига шам ва рўмолчалар қўйишнинг Ислом наздидаги ҳукми нима?»

Шайх жавоб берди: «Аллоҳ сизу бизни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган амалларга муваффақ айласин, одамларни ҳақ сўз билан фойдалантирсин.

Якка Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбарларнинг охиргиси Муҳаммадга, у зотнинг оиласи ва асҳобларига салавоту саломлар бўлсин.

«Мавлид» деб авлиёларни қадрлаш ва уларнинг мартабаларини юксалтириш мақсадида мусулмонлар кейинги асрларда ўйлаб топган шовқин-суронли тантаналар ёки оммавий бетартиб йиғилишларга айтилади. Бунинг учун қурбонликлар сўйилади, назрлар аталади ва зикр ҳалқалари уюштирилади. Бу ҳалқаларда валийнинг ҳаётини ва унинг валийлик мартабалари орасида қандай кўтарилиб борганини тасвирловчи хутбалар, қиссалар, мақтовлар, қўшиқлар ва одамларнинг валий ҳақида айтган гаплари зикр этилади, буларга турли ақл бовар қилмас кароматлар қўшиб-чатилади.

Бу тантаналар турли шаҳар ва қишлоқ авлиёлари шарафига уюштирилади. Гоҳида мавлид тантанаси бир валий учун бир йилда икки ё ундан кўп марта ўтказилади. Умуман олганда, бу мавлидларнинг ўз ишқибозлари, ошиқлари бор. Улар мавлид тантанасини валий орқали Аллоҳга яқинлаштирадиган диний амалларнинг олд қаторларига қўядилар. Мавлид санасини ёд биладилар, йил бўйи унга тайёргарлик кўрадилар. Ҳатто мавлид вақти келганида сафар анжомларини ҳозирлаб, бутун лаш-лушларини кўтариб, эркагу аёл, ёшу қари бўлиб, бир-икки ҳафта муддатга қишлоқдаги уйларию ишлари ва экинзорларини ташлаб, барчалари мавлид маросими сари отланадилар.

Авлиё машойихлар одамларнинг уларга боғланиши ва мавлидларига эътибор қаратиши жиҳатидан турли даражаларга бўлинадилар. Улардан баъзиларининг одамлар наздидаги обрўси жуда баланд, салтанати чексиз бўлади, ҳаётнинг турфа рангларию тоифаларнинг ҳар турли истакларини бағрига сиғдира олади. Зокирларга оид мавлид маросимлари билан бир қаторда ҳатто эркагу аёлдан иборат қиморвозлар, ароқхўрлар, ахлоқсизлар ва раққосларнинг мавлид маросимларини ҳам кўришингиз мумкин. Бундай маросимлар тиланчию чўнтаккесарлардан ҳам холи бўлмайди. Бу ишларнинг барчаси мавлид маросимларида қилинади. Мавлидлар шу ишлар билан ўтади. Одамлар валийлик ва машойихлар эҳтироми номида бу мавлидларга ошиқадилар.

Мавлидлар ошиқлари ва бу мавлидлар ортидан даромад топадиган ҳамда одамлар орасида мавлидларни тарғиб қиладиган кимсалар бу маросимларда Аллоҳнинг зикри, ваъз-насиҳатлар, эҳсону садақалар ва фақирларни тўйдириш каби ишлар бўлиши ҳақида ҳар қанча бонг урмасинлар, у жойларда содир бўлаётган ва каттаю кичик бирдек кўриб турган ҳар хил фисқу фужур ишлар, шармандагарчиликлар, уятсизликлар ва исрофгарчиликлар шуни кўрсатадики, ижтимоий масалалар ҳамда диний ва ахлоқий тузатиш ишларига бош-қош бўлган ислоҳотчи кишилар мазкур мавлидларни дарҳол тугатишлари ва тақиқлашлари, бу шармандагарчиликларга чек қўйишлари ва юртни бундай мавлидларнинг иллатларидан тозалашлари шартдир. Дарҳақиқат, уламолар бу ишлардан сукут сақлагани ва ҳокимлар ҳам бундай мавлидларда иштирок этганлари бу маросимларни ҳаром ишлар тап тортмай қилинадиган, ҳаё ва ор-номуслар пардаси ертиладиган, ибодатнинг юзи бузиб кўрсатиладиган, бидъатлар ва қабиҳ ишлар ҳалол саналадиган ёмонлик ўчоғига айлантирди. Фаҳш тарғиботчилари у жойларда оммавий бузуқликнинг бир ёки икки кўриниши билан чекланмай, одамларни бузадиган ва фазилатни булғайдиган янгидан янги бузуқликларни нафс-ҳаволари хоҳлаганча ихтиро қилишди.

Мусулмонга қаттиқ алам қиладиган нарсалардан бири шуки, мазкур бузуқлик манзараларининг аксари шаҳарларда илм ва дин ўргатиладиган даргоҳларда, ибодат ва тақво маскани бўлмиш масжидларда уламолар, ҳокимлар, даъват ва иршод арбоблари кўз ўнгида содир бўлаётганидир.

Авлиёлар мақомлари (сағаналари) устига шам ва фонуслар ёқиш ва қабрларни мато билан ўрашга келсак, аввало шуни билмоқ керакки, ҳақ динимизда «авлиёлар мақоми» деган нарса йўқ. Фақат тақволи мўмин бандалар учун Аллоҳ ҳузурида мартабалар бор. Динимизда авлиёлар қабри билан бошқа мусулмонларнинг қабри ўртасида бирон фарқ йўқ. Авлиёлар қабри ҳам бошқа мусулмон маййитлар қабрлари билан бир хил. Бу қабрлар устига бино қуриш, уларни безаш, устига шийпонча қуриш ҳаромдир. Шунингдек, қабрлар устида, ёнида ёки қаршисида турган ҳолатда намоз ўқиш, қабристонда намоз ўқиш мақсадида масжид қуриш, қабрларни тавоф қилиш, қабрда ётган маййитларга муножот қилиш, қабр деворларини силаш, ўпиш ва унга осилиш ҳаром саналади. Қабр устига парда ёки салла илиш, қабр атрофига шам ёки чироқлар ёқиш ҳаромдир. Бу ишларнинг барчаси одамлар ошиқадиган, ким ўзарга беллашадиган ва Аллоҳга яқинлаштирадиган амаллар деб ўйлайдиган ишлардир. Ваҳоланки, бу ишлар дин чегарасидан чиқиш ва Исломдан аввалги жоҳилият даврига қайтиш, Аллоҳ ва Расули саллаллоҳу алайҳи ва саллам эътиқод ва амалда ҳаром қилган ишларга қўл уриш демакдир. Қолаверса, молни беҳуда сарфлаш, янада аниқроғи шайтон йўлида ва заиф ақл эгаларини адаштириш йўлида сарфлаш, молларни ҳийла-найранг йўли билан ноҳақ ўзлаштириш қабилидандир.

Хулоса қилиб айтганда, мавлидларда ҳамда авлиёлар сағаналарида қилинаётган ишлар борасида Ислом ҳукми шудир.

Мусулмонлар қачон ғафлат уйқусидан уйғониб, ҳақ ва ҳидоят йўлига қайтадилар?! Қачон Аллоҳга Ўзи рози бўладиган, Пайғамбари саллаллоҳу алайҳи ва саллам орқали жорий қилган ва Аллоҳнинг иймонли ва тақволи бандалари тутган йўл билан тоат-ибодат қиладилар?! Дарҳақиқат, энг яхши ҳидоят Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидоятлари, энг ёмон ишлар кейинчалик пайдо қилинган бидъат ишлардир»[1].

[1] Азҳар собиқ шайхи Маҳмуд Шалтут, «Ал-маволид лил-мавта ва вазъуш шамъи вал-манодийли ала мақомотиҳим» номли мақола. «Тавҳид» журнали, 5-сон, 38-39-бетлар, 1998 й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг