Нуҳ алайҳиссалом қиссаси (1)

0

Нуҳ алайҳиссалом қиссаси

Нуҳ алайҳиссалом Одам алайҳиссалом вафотидан кейин дунёга келган. Улар иккиси ўртасидаги муддат  ўн асрдир. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши деди: “Эй Расулуллоҳ, Одам пайғамбар бўлганмиди?”. “Ҳа, (у) Аллоҳ унга сўзлаган (пайғамбар эди)” – деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Одам билан Нуҳ ўртасидаги муддат қанча?” – деди ҳалиги киши. “Ўн аср” – деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам”[1].

Мазкур ҳадис  Имом Муслим шартига мувофиқ ҳадис бўлиб, Муслим уни “Саҳиҳи”да ривоят қилмаган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Одам билан Нуҳ алайҳимассалом орасидаги муддат  ўн асрдан иборат бўлиб, (бу муддатда яшаган авлодларнинг) барчаси ислом динида эдилар[2].

Агар ҳадисдаги “қарн”, яъни “аср” сўзидан  кўпчилик одамлар наздида илк хаёлга келадиган нарса – юз йил назарда тутилган  бўлса, у ҳолда, шубҳасиз Одам ва Нуҳ алайҳимассалом ораларида минг йил вақт ўтган бўлади. Бироқ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бу авлодларни мусулмонлиги билан қайдлагани жиҳатидан қаралса, бу муддат ундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Демак, улар иккиси орасида охирги вақтларда яшаган ва мусулмон бўлмаган бошқа аср – авлодлар ҳам бўлиши мумкин. Лекин Абу Умоманинг ҳадиси бу муддатнинг ўн асрда чекланишига далолат қилади. Ибн Аббос бўлса, бу муддатда яшаган авлодларнинг ислом динида эканлигини қўшимча қилади, холос.

Бу каби хабарлар аҳли китоб тарихчилар ва бошқаларнинг “Қобил ва унинг фарзандлари ўтга сиғинганлар”, деган даъвосини инкор этади, валлоҳу аълам.

Агар ҳадисдаги “қарн”, яъни “аср” сўзидан қуйидаги оятлар ва ҳадисдаги каби одамлардан бир авлоди назарда тутилган бўлса, у ҳолда Одам билан Нуҳ алайҳимассалом оралиғидаги муддат бир неча минг йилларга бориб етади. Чунки Нуҳ алайҳиссаломга қадар яшаган биргина авлод умри узоқ асрлар чўзилар эди, валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Нуҳ (қавмидан) кейин ҳам қанча асрларни (яъни авлодларни) ҳалок қилдик.  (Эй Муҳаммад),  Парвардигорингизнинг Ўзи бандаларининг гуноҳларидан етарли хабардор – огоҳдир” [Исро: 17],  “Сўнгра Биз улардан кейин бошқа асрларни (яъни авлодларни – Од қабиласини) пайдо қилдик” [Мўъминун: 31],  “Од,  Самуд (қабилаларини) ва қудуқ эгаларини (яъни Шуайб пайғамбарни ёлғончи қилганлари сабабли қудуққа қулаб ҳалок бўлган кимсаларни) ҳамда шу орадаги кўпдан-кўп аср –авлодларни (эсланг)!”  [Фурқон: 38], “Ҳолбуки Биз улардан илгари қанча мато ва суратлари чиройли бўлган авлодларни ҳалок қилгандирмиз”  [Марям: 74].  Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Авлодларнинг энг яхшиси (мен бирла замондош бўлган) авлод…[3].

Қисқа қилиб айтганда, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни одамлар бут ва санамларга сиғина бошлагач, залолат ва куфр ишларга қўл ура бошлагач, бандаларга раҳмат бўлсин учун пайғамбар қилиб юборди. Нуҳ алайҳиссалом қиёмат кунида маҳшаргоҳ аҳли айтишганидек[4], ер юзига юборилган дастлабки Расул бўлган эди.

[1] Саҳиҳ, Ибн Ҳиббон (6190-ҳадис), Табароний “Ал-кабир” (7545-ҳадис) ва Ал-авсат” (405-ҳадис) асарларида, Ҳоким (2/262-ҳадис) ва Ибн Асокир “Тарихи Димашқ” асарида (7/ 445-446-ҳадислар) ривоят қилганлар. Шунингдек, бу ҳадисни Ҳоким, Заҳабий, Ҳайсамий ва Албоний роҳимаҳумуллоҳлар саҳиҳ деганлар.

[2] Ҳадисни Ибн Жарир “Жомеул баён” асарида (2/ 194-бет) ва Ҳоким (2/ 546-ҳадис) ривоят қилиб, Ҳоким ҳадиснинг ровийлар шажараси Бухорий шартига мувофиқ келишлигини айтган ва бу фикрга Заҳабий ва Албонийлар ҳам қўшилган.

[3] Бухорий  (2651, 2652-ҳадислар) ва Муслим (2533, 2535-ҳадислар) Ибн Масъуд ва Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар.

Бир гуруҳ саҳобалардан мазкур ҳадис мазмунини қувватловчи ҳадислар ривоят қилинган. Шу боис ҳофиз Ибн Ҳажар “Ал-исоба” асарида (1/ 12-бет) мазкур ҳадисга мутавотир ҳадис деб ҳукм чиқарган. Мазкур ривоятларни камина қаламимга мансуб  “Басоиру завиш шараф бишарҳи марвийёти манҳажис салаф” асарида (9-16-бетлар) зикр қилиб, ҳадисда зикр қилинган “хайрул қурун” , яъни “аср-авлодларнинг энг яхшиси” лафзининг нотўғри экани, бу лафзда ровий ўзидан ишончлироқ ровийга хилоф қилганлигини баён қилганман.

[4] Ҳадис тахрижи тез орада зикр қилинади.

Изоҳ қолдиринг