Қабристонда турли маросимлар ўтказиш

0

383. Қабристонда турли маросимлар ўтказиш

«Қабристонни муайян кунда зиёрат қилиш, у ерда маросимлар ўтказиш, қабрлар олдида яшаш ва эътикоф ўтириш каби ишлар Ислом динидан эмас, балки бутпарастлар динидандир. Муайян вақтларда қабристонга давомли бориб туриш ёки қабрларни байрамгоҳ қилиб олиш ҳам шулар жумласидандир. Бу иш талай ёмонликлар келтириб чиқаргани боис ҳадисларда тақиқланди ва ундан огоҳлантирилди.

Шунинг учун ширк эшигини беркитиш ва тавҳидни ҳимоя қилиш мақсадида ҳадисларда бу ишдан очиқ қайтарилди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Уйларингизни қабристонга айлантирманг, менинг қабримни қайта-қайта зиёрат этиладиган байрамгоҳ қилиб олманг. Менга салавот айтинг. Зеро, қаерда бўлманг салавотингиз менга етиб боради[1].

Қабр олдида яшаш, эътикоф ўтириш ва турли маросимлар ўтказишга келсак, бу ишлар Лот ва Уззога сиғинувчилар ўша бутлари олдида қиладиган ишларнинг айни ўзидир. Мўмин-мусулмон бу ишлар ҳаром эканида заррача шубҳа қилмайди. Аллоҳ таоло мушриклар ҳақида: “Улар бут-санамлари олдида эътикоф ўтирган эдилар” (Аъроф, 138), деган. Бошқа оятда: “Бутларга ибодат қиламиз ва улар учун эътикоф ўтиришда давом этаверамиз” (Шуаро, 71), дея уларнинг тилидан ҳикоя қилган.

Абу Воқид Лайсий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Ҳунайнга йўлга чиқдик, куфрдан қутулганимизга ҳали кўп бўлмаган эди. Мушрикларнинг «сидра» номли бир дарахти бўлиб, унинг олдига бориб сиғинишар ва ирим қилиб, қуролларини унга боғлашар ва у «зоту анвот» деб аталарди. Йўлда ўшандай дарахтлардан бири ёнидан ўтдик. Шунда биз: «Ё Расулуллоҳ, бизга ҳам «зоту анвот» қилиб берсангиз», дедик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Субҳаналлоҳ! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, худди Бани Исроил Мусога айтгандек сўзларни айтмоқдасизлар. Улар: “Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер”, дедилар. У айтди: “Шубҳасиз, сизлар билмайдиган жоҳил қавмсизлар”. Сизлар ҳам илгари ўтган умматларнинг йўлларини тутмоқдасиз!» дедилар”[2]»[3].

[1] Ҳадис тахрижи 271-масалада ўтди.
[2] Ҳадис тахрижи 320-масалада берилди.
[3] Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ, «Мажмуъул фатово», 1/121-122, 62-рақам.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг