Қабристонда ўзи учун қабр чизиш, аёлни эрининг қабрини тавоф қилдириш, қабр олдида китоб ёзиб ва ўқиб табаррук қилиш

0

384. Зиёратчи қабристонга борганида ўзи учун қабр чизиши

Айрим жоҳил кишилар Бақеъ ёки бошқа бирор машҳур қабристон зиёрати учун кетаётган одамга ўша қабристон ерига ўзи учун кичик қабр расмини чизишини тайинлайди. Бу билан ўлимидан сўнг ўша жойга кўмилиш насиб қилишини ният қилади. Бу иш бидъат ва хурофотлар жумласидандир.

385. Маййитнинг аёлини кўтариб, эрининг қабрини тавоф қилдириш

Вафот этган кишининг аёлини кўтариб, эрининг қабрини ўнг тарафга етти марта, чап тарафга етти марта тавоф қилдириш «ҳаромдир. Чунки бу иш бидъатдир»[1].

«Тавоф ибодатдир. Уни Аллоҳ таолога яқинлашиш мақсадида Каъбадан ўзгасига қилиш жоиз эмас»[2].

386. Қабр олдида китоб ёзиб табаррук қилиш эътиқоддаги нуқсондир

Шайх Абдулкарим Хузайр деди: «Кирмоний бир ўринда қайд этишича, у китобнинг ўша қисмини Тоифдаги Ибн Аббос қабри олдида оққа кўчирган. Яна айрим жойларини Ҳужраи набавийяда қоғозга туширган. Яъни бу одамда шу каби нарсаларга озми-кўпми мойиллик бўлган. Дарҳақиқат, бу нарса эътиқодда нуқсон борлигига далолат қилади»[3].

387. Қабрлар олдида китоб ўқиб табаррук қилиш бидъатдир

Қосим ибн Қутлубғо Ҳанафий айтади: «Отам ва фарзандларимни саййидим Уқба ибн Омир Жуҳаний разияллоҳу анҳу қабри ёнига дафн этганимдан сўнг у кишининг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадислари қабри олдида ўқилсин дея, уларни қўлимдан келганича жамлашга бел боғладим. Маълумки, баъзи аҳли илмлар ривоят қилган ёки тасниф этган китоблар ана шундай қабрлари олдида ўқилади»[4].

Саховий деди: «Из Абдулазиз ибн Абдусалом Суламийнинг таржимаи ҳолини Из Абдулазиз ибн Аҳмад Усмон Ҳаккорий ва комилийлар имоми Камол жамлади, кейин унинг қабри олдида ўқилди»[5].

Яна бундай дейди: «Муҳйиддин Абу Закариё ибн Шараф Нававий таржимаи ҳолини шогирди Ало Абул Ҳасан Аттор дафтарга жамлади. Заҳабий «Сияри аъломин нубало»да айтишича, улар олтита дафтар бўлган. Шунингдек, унинг таржимаи ҳолини комилийлар имоми Камол ва Муҳаммад ибн Ҳусайн Лахмий ҳам ёритган. У ҳам Нававийнинг шогирдларидан саналади. Нававийнинг Наво шаҳридаги қабри олдида улар ўқилган»[6].

Бу каби ишлар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларига зид бўлган бидъатлар жумласидандир.

[1] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/78, 12256-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.
[2] Шайх Абдуллоҳ Ғунаймон ҳафизаҳуллоҳ қўшимчаси.
[3] Шайх Абдулкарим Хузайр ҳафизаҳуллоҳнинг «Саҳиҳи Бухорий»га қилган овозли шарҳидан.
[4] Қосим ибн Қутлубғо Ҳанафий (вафоти: 879 ҳ.), «Муснади Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳу» (қўлёзма), 1-бет. Шайх Муҳаммад Туркий кутубхонасидан фотонусха олинган. Қўлёзманинг асл нусхаси Германиянинг Берлин шаҳри кутубхонасида сақланади. Унинг бир фотонусхаси Мадина Ислом университетида ҳам бор, Ф1167-рақам. «Alukah» сайти маълумотларидан фойдаланилди.
[5] Саховий (вафоти: 902 ҳ.), «Ал-эълону бит-тавбихи лиман замма аҳлат таърих», 375-бет. Муҳаққиқ: Шарқшунос Франс Розентал. «Дорул кутубил илмийя» нашриёти, нашр йили ва санаси кўрсатилмаган.
[6] Аввалги манба, 381-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг