Тафсири муяссар, Анфол сураси, 41-54 оятлар

0

Ўнинчи жуз

وَٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّمَا غَنِمۡتُم مِّن شَيۡءٖ فَأَنَّ لِلَّهِ خُمُسَهُۥ وَلِلرَّسُولِ وَلِذِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡيَتَٰمَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينِ وَٱبۡنِ ٱلسَّبِيلِ إِن كُنتُمۡ ءَامَنتُم بِٱللَّهِ وَمَآ أَنزَلۡنَا عَلَىٰ عَبۡدِنَا يَوۡمَ ٱلۡفُرۡقَانِ يَوۡمَ ٱلۡتَقَى ٱلۡجَمۡعَانِۗ وَٱللَّهُ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ قَدِيرٌ ﴿٤١﴾

41. Эй мўминлар, сизлар Аллоҳнинг бирлигини тан олиб, Унга итоат қилсангиз ҳамда У Бадрда ҳақ билан ботил ўртасини ажратган кун, яъни мўминлар ва мушриклар қўшини тўқнашган кунда бандаси Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган оятлари, мадади ва нусратига иймон келтирган бўлсангиз, билингларки, Аллоҳ йўлидаги жиҳодда душманларингиздан қўлга киритган ўлжаларнинг бешдан тўрт қисми шу жангда ҳозир бўлган жангчиларга берилади. Қолган бир қисми эса беш қисмга бўлинади: Биринчиси Аллоҳ ва Расулининг ҳаққи бўлиб, мусулмонларнинг умумий эҳтиёжларига сарф қилинади. Иккинчиси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қариндошлари бўлмиш Бани Ҳошим ва Бани Мутталиб уруғига берилади. Уларга бир қисм ажратилиши садақанинг ўрнигадир, чунки уларга садақа ейиш ҳалол эмас. Учинчиси етимларга – оталари вафот этган балоғатга етмаган болаларга, тўртинчиси кундалик эҳтиёжларига етарли маблағга эга бўлмаган мискинларга, бешинчиси маблағсиз қолган мусофирларгадир. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир зот, Уни ҳеч ким ожиз қолдира олмайди.

إِذۡ أَنتُم بِٱلۡعُدۡوَةِ ٱلدُّنۡيَا وَهُم بِٱلۡعُدۡوَةِ ٱلۡقُصۡوَىٰ وَٱلرَّكۡبُ أَسۡفَلَ مِنكُمۡۚ وَلَوۡ تَوَاعَدتُّمۡ لَٱخۡتَلَفۡتُمۡ فِي ٱلۡمِيعَٰدِ وَلَٰكِن لِّيَقۡضِيَ ٱللَّهُ أَمۡرٗا كَانَ مَفۡعُولٗا لِّيَهۡلِكَ مَنۡ هَلَكَ عَنۢ بَيِّنَةٖ وَيَحۡيَىٰ مَنۡ حَيَّ عَنۢ بَيِّنَةٖۗ وَإِنَّ ٱللَّهَ لَسَمِيعٌ عَلِيمٌ ﴿٤٢﴾

42. Эслангиз, ўшанда сизлар водийнинг Мадинага яқин тарафида эдингиз. Душманингиз водийнинг нариги тарафига тушган, тижорат карвони эса сизлардан қуйи тарафда, Қизил денгиз соҳилларига туташ томонда эди. Агар сизлар бу тўқнашув учун аввалдан вақт ва жойни ваъдалашиб олганингизда ҳам бу даражада келиша олмаган бўлардингиз. Лекин Аллоҳ дўстларига нусрат бериш, душманларини эса қатл ва асир этиб, хор қилиш билан амалга ошиши керак бўлган ишни рўёбга чиқариш учун сизлар билан уларни бир жойга жамлаб, тўқнаштириб қўйди. Бу эса улар ичидан ҳалок бўладиган кимсалар очиқ ҳужжат билан, яъни Аллоҳнинг ҳужжати уларга собит бўлиб, уни кўзлари билан кўриб, узрлари қолмаган ҳолда ҳалок бўлиши учун, тирик қолувчилари ҳам уларга Аллоҳнинг ҳужжати собит ва зоҳир бўлган ҳолда яшашлари учун эди. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло ҳар икки гуруҳнинг сўзларини эшитувчи, уларнинг ниятлари ва амалларини билувчидир. Унга ҳеч нарса махфий қолмайди.

إِذۡ يُرِيكَهُمُ ٱللَّهُ فِي مَنَامِكَ قَلِيلٗاۖ وَلَوۡ أَرَىٰكَهُمۡ كَثِيرٗا لَّفَشِلۡتُمۡ وَلَتَنَٰزَعۡتُمۡ فِي ٱلۡأَمۡرِ وَلَٰكِنَّ ٱللَّهَ سَلَّمَۚ إِنَّهُۥ عَلِيمُۢ بِذَاتِ ٱلصُّدُورِ ﴿٤٣﴾

43. Эй Пайғамбар, Аллоҳ сизга тушингизда душманларингиз сонини кам қилиб кўрсатганини эсланг. Сиз мўминларга бу ҳақда хабар бердингиз, уларнинг қалблари қувватланди ва душманларга қарши жангга журъатланишди. Агар Раббингиз уларнинг сонини кўп қилиб кўрсатганда эди, асҳобларингиз улар билан тўқнашишдан қўрқиб, тараддудланиб қолар ва жанг борасида орангизда келишмовчилик ҳосил бўлар эди. Лекин Аллоҳ таоло муваффақиятсизликдан ва бунинг ёмон оқибатидан ўзи сақлади. Шубҳасиз, У диллардаги яширин сирларни ва нафсларнинг табиатларини яхши билувчи зотдир.

وَإِذۡ يُرِيكُمُوهُمۡ إِذِ ٱلۡتَقَيۡتُمۡ فِيٓ أَعۡيُنِكُمۡ قَلِيلٗا وَيُقَلِّلُكُمۡ فِيٓ أَعۡيُنِهِمۡ لِيَقۡضِيَ ٱللَّهُ أَمۡرٗا كَانَ مَفۡعُولٗاۗ وَإِلَى ٱللَّهِ تُرۡجَعُ ٱلۡأُمُورُ ﴿٤٤﴾

44. Эсланг, душманлар жанг майдони узра кўринган пайтда сизлар уларнинг сонини кам кўриб, улар билан жанг қилишга журъатландингиз. Сизларга қарши урушга ҳозирлик кўрмасликлари учун Аллоҳ сизларни ҳам улар кўзига оз кўрсатиб қўйди. Аллоҳ таоло азалда битилган иш амалга ошиши ва Унинг сизларга берган ғалаба ва нусрат ҳақидаги ваъдаси рўёбга чиқиши учун шундай қилди. Натижада Аллоҳнинг калимаси олий, кофирларнинг сўзлари эса паст-тубан бўлди. Барча ишлар охир-оқибат Аллоҳга қайтади. У ҳар кимга ўзига лойиқ жазо ва мукофотларни беради.

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِذَا لَقِيتُمۡ فِئَةٗ فَٱثۡبُتُواْ وَٱذۡكُرُواْ ٱللَّهَ كَثِيرٗا لَّعَلَّكُمۡ تُفۡلِحُونَ ﴿٤٥﴾

45. Эй Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган ва Унинг шариатига амал қилган кишилар, сизларга қарши урушишга ҳозирланиб турган кофирлар гуруҳи билан тўқнашган пайтингизда сабот билан туринг ва улардан чекинманг. Душманингиз устидан сизларга ғалаба ва зафар туширишини сўраб Аллоҳга ёлвориб дуо қилинг, шу ҳолда Аллоҳни кўп зикр қилинг! Шояд нажот ва зафарга эришсангиз.

وَأَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥ وَلَا تَنَٰزَعُواْ فَتَفۡشَلُواْ وَتَذۡهَبَ رِيحُكُمۡۖ وَٱصۡبِرُوٓاْۚ إِنَّ ٱللَّهَ مَعَ ٱلصَّٰبِرِينَ ﴿٤٦﴾

46. Барча ҳолатингизда Аллоҳ ва Расулига итоат қилинглар. Ихтилоф қилманглар, акс ҳолда гапларингиз бир жойдан чиқмайдиган, қалбларингиз тарқоқ бўлиб қолади. Заифлашиб қоласиз, куч-қувватингиз кетади, ғалабани қўлдан бой бериб қўясиз. Душман билан тўқнашганда сабр-матонатли бўлинглар. Шубҳасиз, Аллоҳ ўз ёрдами, нусрати, қўллаб-қувватлаши билан сабр қилувчилар билан биргадир ва ҳаргиз уларни ёрдамсиз ташлаб қўймайди.

وَلَا تَكُونُواْ كَٱلَّذِينَ خَرَجُواْ مِن دِيَٰرِهِم بَطَرٗا وَرِئَآءَ ٱلنَّاسِ وَيَصُدُّونَ عَن سَبِيلِ ٱللَّهِۚ وَٱللَّهُ بِمَا يَعۡمَلُونَ مُحِيطٞ ﴿٤٧﴾

47. Одамларни Аллоҳнинг динига киришдан тўсиш учун диёрларидан риё ва кибр билан чиққан мушриклар каби бўлманглар. Аллоҳ улар қилаётган барча ишларни атрофлича билади, бирор иш Унга махфий эмасдир.

وَإِذۡ زَيَّنَ لَهُمُ ٱلشَّيۡطَٰنُ أَعۡمَٰلَهُمۡ وَقَالَ لَا غَالِبَ لَكُمُ ٱلۡيَوۡمَ مِنَ ٱلنَّاسِ وَإِنِّي جَارٞ لَّكُمۡۖ فَلَمَّا تَرَآءَتِ ٱلۡفِئَتَانِ نَكَصَ عَلَىٰ عَقِبَيۡهِ وَقَالَ إِنِّي بَرِيٓءٞ مِّنكُمۡ إِنِّيٓ أَرَىٰ مَا لَا تَرَوۡنَ إِنِّيٓ أَخَافُ ٱللَّهَۚ وَٱللَّهُ شَدِيدُ ٱلۡعِقَابِ ﴿٤٨﴾

48. Эсланглар, ўшанда шайтон мушрикларга қасд қилиб келган ишларини чиройли кўрсатиб: “Бугун сизларга ҳеч ким ғолиб бўла олмайди, албатта мен сизларга ёрдам бераман”, деди. Икки гуруҳ, яъни мушриклар шайтон ҳамроҳлигида ҳамда мусулмонлар фаришталар билан биргаликда ўзаро тўқнаш келган пайтда шайтон ортига қараб қочди ва мушрикларга: “Сизлар билан орамиз очиқ, зеро, мен сизлар кўрмаётган нарсани – мусулмонларга фаришталар мадад учун келганини кўрмоқдаман, мен Аллоҳдан қўрқаман”, деди ва уларни ёрдамсиз ташлаб қўйди. Аллоҳ Ўзига осий бўлган ва чин тавба қилмаган кимсага азоби қаттиқ зотдир.

إِذۡ يَقُولُ ٱلۡمُنَٰفِقُونَ وَٱلَّذِينَ فِي قُلُوبِهِم مَّرَضٌ غَرَّ هَٰٓؤُلَآءِ دِينُهُمۡۗ وَمَن يَتَوَكَّلۡ عَلَى ٱللَّهِ فَإِنَّ ٱللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٞ ﴿٤٩﴾

49. Эсланглар, ўшанда мушрик ва мунофиқлар ҳамда қалби мараз кимсалар мусулмонларнинг камсонли, душманларнинг эса сони кўплигини кўриб: “Бу мусулмонларни динлари алдаб қўйди ва уларни ҳалокат ёқасига олиб келиб қўйди”, дейишган эди. Ўша мунофиқлар Аллоҳга суянган ва Унинг ваъдасига ишонган кишиларни Аллоҳ ҳеч қачон ёрдамсиз қўймаслигини англаб етишмади. Зотан, Аллоҳ Уни ҳеч нарса ожиз қила олмайдиган қудратли, бошқарувида ва барча ишларида ҳикматли зотдир.

وَلَوۡ تَرَىٰٓ إِذۡ يَتَوَفَّى ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ ٱلۡمَلَٰٓئِكَةُ يَضۡرِبُونَ وُجُوهَهُمۡ وَأَدۡبَٰرَهُمۡ وَذُوقُواْ عَذَابَ ٱلۡحَرِيقِ ﴿٥٠﴾

50. Эй Расул, фаришталар кофирларнинг жонларини суғуриб олаётганларида, олдинга интилаётганларининг юзларига, ортга қочаётганларининг сиртларига уриб, уларга: “Куйдирувчи дўзах азобини тотинглар!” деб айтаётганларини кўрганингизда эди, ўта даҳшатли ҳолатни кўрган бўлар эдингиз.

Оятнинг нозил бўлиш сабаби Бадр урушига оид бўлса-да, аслида оят маъноси барча кофирларга тааллуқлидир.

ذَٰلِكَ بِمَا قَدَّمَتۡ أَيۡدِيكُمۡ وَأَنَّ ٱللَّهَ لَيۡسَ بِظَلَّٰمٖ لِّلۡعَبِيدِ ﴿٥١﴾

51. Эй мушриклар, сизларга бу жазо дунё ҳаётида қилган ёмон қилмишларингиз сабабли келди. Аллоҳ ҳеч бир бандасига заррача зулм қилмайди. У асло зулм қилмайдиган одил ҳакамдир.

كَدَأۡبِ ءَالِ فِرۡعَوۡنَ وَٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِهِمۡۚ كَفَرُواْ بِـَٔايَٰتِ ٱللَّهِ فَأَخَذَهُمُ ٱللَّهُ بِذُنُوبِهِمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ قَوِيّٞ شَدِيدُ ٱلۡعِقَابِ ﴿٥٢﴾

52. Ўша куни мушриклар бошига тушган жазо Аллоҳнинг жазо борасидаги қонуниятига кўра бўлди. Аввал ҳам Фиръавн ва бошқа золимлар Аллоҳнинг пайғамбарларини ёлғончига чиқарган ва Унинг оятларини инкор қилган пайтда шу қонуниятга кўра азобга дучор бўлган эди. Шубҳасиз, Аллоҳ уларга гуноҳлари сабабли азоб туширди. Аллоҳ асло мағлуб бўлмас куч-қудрат соҳибидир, Унга осий бўлган ва гуноҳига тавба қилмаган кимсаларга азоби қаттиқ зотдир.

ذَٰلِكَ بِأَنَّ ٱللَّهَ لَمۡ يَكُ مُغَيِّرٗا نِّعۡمَةً أَنۡعَمَهَا عَلَىٰ قَوۡمٍ حَتَّىٰ يُغَيِّرُواْ مَا بِأَنفُسِهِمۡ وَأَنَّ ٱللَّهَ سَمِيعٌ عَلِيمٞ ﴿٥٣﴾

53. Бундай ёмон азобга дучор бўлиш сабаби шуки, Аллоҳ бир қавмга неъмат ато этган бўлса, то улар ўзларининг яхши ҳолатларини ёмон ҳолатга ўзгартирмагунларича у неъматни улардан олиб қўймайди. Шубҳасиз, Аллоҳ бандаларининг сўзларини эшитувчи, ҳолатларини яхши билувчи зотдир. У уларга Ўз илми ва хоҳиши тақозо қилган нарсани жорий қилади.

كَدَأۡبِ ءَالِ فِرۡعَوۡنَ وَٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِهِمۡۚ كَذَّبُواْ بِـَٔايَٰتِ رَبِّهِمۡ فَأَهۡلَكۡنَٰهُم بِذُنُوبِهِمۡ وَأَغۡرَقۡنَآ ءَالَ فِرۡعَوۡنَۚ وَكُلّٞ كَانُواْ ظَٰلِمِينَ ﴿٥٤﴾

54. Ўша кофирларнинг бу борадаги ҳоли Мусони ёлғончига чиқарган Фиръавннинг ва ундан аввалги халқлар ичидан ўз пайғамбарларини ёлғончига чиқарган кимсаларнинг ҳолига ўхшайди. Аллоҳ уларни гуноҳлари сабабли ҳалок қилди ва Фиръавн оиласини денгизга ғарқ қилди. Улардан ҳар бири қилмаслик керак бўлган ишларни қилган, яъни Аллоҳнинг пайғамбарларини ёлғончига чиқарган, Унинг оятларини инкор қилган, ибодатда Унга бошқаларни шерик қилган эди.

Изоҳ қолдиринг