Қабристонда маййитни кўмишга келганларга ва зиёратчиларга садақа қилиш

0

388. Қабристонда маййитни кўмишга келганларга ва зиёратчиларга садақа қилиш

Ўликни кўмгани келган кишиларга қабристонда садақа бериш макруҳдир. Чунки бу иш Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам, саҳобалардан ҳам нақл қилинмаган. Зеро, қабрлар олдида садақа бериш қабр олдида жонлиқ сўйиш маъносидадир[1].

«Агар қабр олдида берилган садақа қабрда ётган маййитга қурбат учун бўлса, бу иш катта ширк бўлади»[2].

Қабрлар устига қўйиладиган таомлардан ейиш мустаҳаб деб эътиқод қилган одам бидъатчи ва адашган бўлади[3].

Имом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шунингдек, қабр олдида садақа қилишни уламолар макруҳ деганлар. Вақф қилувчи одам шуни шарт қилса, бу шарт эътиборли саналмайди. Бундан ҳам ёмонроғи, одамлар олиши учун қабр устига таом ва ичимлик қўйишдир. Дарҳақиқат, бу каби ишлар туркларнинг кофирлари қиладиган ишлардандир, мусулмонларнинг амалларидан эмас»[4].

Яна бундай дейди: «Асҳобларимиз айтишича, аксар замондошларимиз қиладиган қабр олдида нон ёки шу каби нарсалар садақа қилиш қабр олдида қурбонлик қилиш маъносига киради»[5].

Яна айтади: «Маййит билан бирга садақа чиқариш макруҳ бидъатдир. Бу иш қабр бошида жонлиқ сўйишга ўхшайди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилишдан қайтарганлар. «Сунан» китобларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр бошида жонлиқ бўғизлашдан қайтарганлари келади[6]. Бунинг шарҳи қуйидагича: Жоҳилият аҳли ораларида бирор обрўли киши вафот этса, унинг қабри олдида туя, мол ёки қўй каби бирор ҳайвон сўйишар эди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилишдан қайтардилар. Ҳатто баъзи имомлар унинг гўштидан ейишни макруҳ дедилар. Чунки у Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйишга ўхшайди. Баъзи уламолар: “Айрим одамлар нон ва қўй каби садақаларини жаноза билан бирга чиқаришлари қабр бошида жонлиқ сўйиш маъносидадир”, дейдилар»[7].

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ деди: «Қабр олдида садақа қилиш қабр олдида жонлиқ сўйиш маъносида бўлиб, макруҳ бидъат саналади»[8].

Шайх Абдураҳмон ибн Қосим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабр олдида садақа қилиш қабр олдида жонлиқ сўйиш кабидир. Бу иш янги ўйлаб топилган ишдир. Чунки салафлар бундай қилмаган, шариат ҳам бунга буюрмаган. “Ҳар бир янги ўйлаб топилган иш бидъат, ҳар бир бидъат залолатдир[9]. Қолаверса, бу ишда риё бор. Риё эса ҳаром амалдир»[10].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Садақаларни қабристонда тақсимлаш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларига зид бўлган бидъатдир»[11].

Яна айтишича, мева-чева ва сабзавотлар каби нарсаларни қабр олдида ейиш учун ажратиш «Ислом ҳаром қилган амаллардандир. Бу иш билан қабрда ётган валий ёки бошқа бировга яқинлашиш мақсад қилинса, унинг фойда келтириши, зарарни кетказиши, Аллоҳ ҳузурида шафоатчи бўлиши ёки қабрпарастлар қасд қиладиган шу каби нарсалар умид қилинса, катта ширкка қўл урилган бўлади»[12].

Яна бундай дейди: «Маййит номидан садақа қилиш жоиз экани саҳиҳ ҳадисларда айтилган[13]. Бироқ у қабр олдида тарқатилмайди. Чунки на Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва на саҳобалар замонида бундай қилингани маълум. Бинобарин, бу иш ёмон бидъатдир. Зеро, саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким шариатимизда унда бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад этилади”, деганлар[14]»[15].

Қабр олдида садақа қилиш бидъатдир. Садақа маййитни кўмишга келган кишиларга бериладими, қабристон зиёратчиларигами, фарқи йўқ.

Рўзадорларга қабристон ичида ёки атрофида ифтор бериш ҳам қабристонда садақа қилиш жумласидандир. Шунингдек, қушлар ейиши учун қабрлар устига дон сепиш ҳам бидъатлардан саналади. Бу ишлар ортидан Аллоҳга қурбат мақсад қилинса, мункар бидъат иш қилинган бўлади. Агар қабр эгасига қурбат мақсад қилинса, катта ширк қилинган бўлади.

Баъзи одамлар енгил қарайдиган ишлардан яна бири қабристонга маййитни олиб келган кишиларга идишларда сув тарқатишдир. Салафи солиҳлар бундай қилганлари маълум эмас. Қолаверса, дафн вақти қисқадир, у ерда сув тарқатишга эҳтиёж йўқ. Шунингдек, бу иш қабристонларда садақа қилиш бидъатига йўл очиш бўлади. Шундай экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким бизнинг шариатимизда бўлмаган нарсага амал қилса, у рад этилади[16], деган сўзларига биноан мазкур ишни қилмаслик вожибдир»[17].

[1] Қаранг: «Ал-мадхал», 3/261; «Ал-мубдиъ», 2/283; Маръий Кармий, «Шифоус судур», 86-бет.
[2] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 1/417, 8705-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳбарлиги остида.
[3] Қаранг: Шайхулислом Ибн Таймия, «Мажмуъул фатово», 27/23.
[4] Аввалги манба, 26/307.
[5] «Иқтизоус сиротил мустақим», 2/266.
[6] Ҳадис тахрижи 316-масалада ўтди.
[7] Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ, «Жомеул масоил», тўртинчи тўплам, 151-бет.
[8] «Мажмуъул фатово», 3/190, 942-рақам.
[9] Ҳадис тахрижи 163-масалада ўтди.
[10] «Ҳошиятур равзил мурбиъ», 3/143.
[11] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/22, 4990-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.
[12] Аввалги манба, 1/192, 2450-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳбарлиги остида.
[13] Масалан, ушбу ҳадис: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Инсон вафот этса, унинг амали кесилади, фақат уч ўриндан тўхтамай етиб туради…» Ҳадис тахрижи 21-масалада берилган.
[14] Ҳадис тахрижи 77-масалада ўтди.
[15] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/108, 2927-фатво, биринчи тўплам, Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.
[16] Ҳадис тахрижи 83-масалада ўтди.
[17] «Фатово ал-лажна ад-доима», 20380-рақам, 23/4/1419 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг