Қабристонда фарз ва нафл намоз ўқиш (1)

0

БЎЛИМ
Қабристонда ва ичида қабр бўлган масжидларда намоз ўқиш

392. Қабристонда фарз ва нафл намоз ўқиш

Қабристонда фарз ва нафл намоз ўқиш на жоиз ва на дуруст саналади. Қабристон кофирлар ё мусулмонлар қабристони бўлсин, қабрлари кўп ё бир донагина қабр бўлсин, баробар[1].

Қабристон девор билан ўралган бўлса ҳам, ўралмаган бўлса ҳам, «намоз қабр устида, қабрга юзланиб ё икки қабр орасида ўқилса ҳам»[2], фарқи йўқ. Сабаби, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар олдида ва қабрларга юзланиб намоз ўқишдан қайтарганлар[3]. Чунки қабр олдида намоз ўқиш ширкка олиб борадиган воситадир.

Шайх Муҳаммад Райсуний Мағрибий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабристонда намоз ўқиш масаласида шариат ўз ҳукмини очиқ баён қилди, бу борада заррача шубҳага ўрин қолдирмади. Ким бу иш ҳаром эканида шубҳага борса, дарҳақиқат ваҳийга шубҳа қилган бўлади. Чунки бу мавзуда келган қатъий тақиқ ва улкан огоҳлантириш бу иш шариат ҳукмида жирканч амал саналишини баён қилади. Бу масалада ўн тўртта саҳиҳ ҳадис келганининг ўзи етарли, аслида. Бу ҳадислар Бухорий ва Муслимнинг «саҳиҳ» тўпламларидан ва бошқа ҳадис китобларидан жой олди»[4].

Жумладан, Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ернинг барчаси масжиддир, фақат қабристон ва ҳаммом бундан мустасно»[5].

Қабристондан мурод «унга кимдир кўмилган жой. Агар қабристон қилиш учун ер сотиб олинса-ю, бироқ у ерга ҳали ҳеч ким кўмилмаган бўлса, у ерда ўқилган намоз дуруст бўлаверади. Аммо агар бир киши кўмилган бўлса ҳам у ерда ўқилган намоз дуруст бўлмай қолади. Чунки у жой энди тўлалигича «қабристон» деб аталади»[6].

Шайхулислом Ибн Таймия деди: «Асҳобларимиз айтадики, «қабристон» номи остига кирган ҳамма жойда, жумладан, қабрлар атрофида ҳам намоз ўқиб бўлмайди. Шу боис якка қабр атрофи ва унга уланган ҳовлиси ҳам мазкур тақиқ остига киритилиши керак»[7].

«Ҳатто биргина қабри бор қабристонда ҳам намоз ўқишдан қайтарилиши тўғридир. Чунки бу жойга маййит кўмилди ва энди ростмана қабристонга айланди. Зеро, қабристонни тўлдириш учун одамлар бирданига ўлмайди, балки бирин-кетин вафот топиб, қабристонни тўлдириб борадилар»[8].

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар орасида намоз ўқишдан қайтардилар»[9].

Шайхулислом Ибн Таймия деди: «Дарҳақиқат, уламолардан бир жамоаси “Қабристонда намоз ўқишдан қайтарилиши боиси у ердаги нажосатдир, чунки қабр тупроғи ўликларнинг йиринглари ва гўштларига қоришиб кетади”, деган гумонга боришди. Шундан келиб чиқиб, бу уламолар эски қабристон билан янги қабристонга фарқли ҳукм беришади, қабрларда тўсиқ бор-йўқлигига қарашади. Бироқ ҳадисда бундай сабаб айтилмади. Ҳадиснинг матни ҳам, зоҳирдаги мазмуни ҳам бу маънога далолат қилмади. Балки у шунчаки гумондан иборат сабабдир. Молик, Шофеий, Аҳмад ва бошқалар даврида салафлар ва кейингилардан иборат уламолар зикр қилган тўғри сабаб шуки, қабристонда намоз ўқиш мушрикларга ўзни ўхшатиш ва ширкка эшик очиш бўлиб қолади. Шу боис Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг қабрларини масжид қилиб олишдан қайтардилар. У зот: “Ўша одамлар ичларида бирон солиҳ инсон ёки солиҳ банда вафот этса, унинг қабри устига масжид қуриб, бу масжидга ўша суратларни чизар эдилар”, дедилар[10]. Бошқа ҳадисда: “Сизлардан аввалгилар қабрларни масжид қилиб олишар эди. Огоҳ бўлинглар, сизлар қабрларни масжид қилиб олманглар”, деганлар[11].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрга қараб намоз ўқишдан ҳам қайтардилар. Маълумки, бу тақиқ фақат нажосат сабабидан бўлса эди, пайғамбарлар қабрлари бундан мустасно бўлар эди. Чунки уларнинг қабрлари сасимайди, жасадлари чиримайди ва қабрларининг тупроғи пок ҳолатда туради.

Қолаверса, намозхоннинг қаршисида нажосат туриши унинг намози дуруст бўлишига таъсир қилмайди. Қабрларни масжид қилиб олган кишилар қабрлар олдига пок гиламлар тўшаб олишар, нажосат билан юзлашмас эдилар. Қабристонда намоз ўқиш жоиз эмаслигига нажосатни сабаб қилиб келтирадиганлар ҳам бу ишда кофирларга ўхшаб қолиш иллати бор эканини инкор қилмайди. Зеро, Шофеий ва бошқалар қабрлар устига масжид қуришдан қайтарган ва бу ишда кофирларга ўхшаб қолиш хавфи борлигини сабаб қилиб келтирган.

Молик, Шофеий ва Аҳмаднинг асҳобларидан бўлган мазҳаб уламоларидан бир нечтаси қабрлар устига масжид қуриш динда қайтарилган иш эканини очиқ баён қилган. Шунингдек, Кўфа уламоларидан кўплари ҳам шу фикрда бўлган. Айрим уламолар бу иш ҳаром эканини таъкидлаган. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишни қилувчиларни лаънатлаганлари ва уни қилишдан ўта муболағали кўринишда қайтарганлари ҳам шу фикр тўғри эканида шубҳага ўрин қолдирмайди»[12].

Яна бундай дейди: «Шариат унинг содир бўлмаслиги учун қабрларда намоз ўқишдан қайтарган иллат кўп одамларни катта ширк ёки ундан кичикроқ ширк тўрига туширди. Дарҳақиқат, одамлар солиҳ кишиларнинг ҳайкалларини, юлдузларнинг тилсимлари деб гумон қилган ҳайкалларни ва бошқа шу каби нарсаларни Аллоҳга шерик қилишди. Пайғамбар ёки солиҳ экани эътиқод қилинадиган кишининг қабри билан ширк келтириш мусибати унинг ёғоч ёки тошдан ясалган ҳайкали билан ширк келтиришдан каттароқдир. Шу боис кўп одамлар ўша қабрлар олдида тавба-тазарру қилаётганини, чин қалбдан ибодат билан машғул бўлаётганини кўрамиз, ваҳоланки, улар масжидларда ва ҳатто ғанимат саналган саҳар вақтларида бу даражада берилиб ибодат қилмайдилар. Баъзилари қабрга сажда қиладилар, яна кўплари қабр олдида ўқилган намоз ва қилинган дуо баракасини умид қиладилар, ваҳоланки, сафар қилиб бориладиган уч муборак масжидда бунчалик умид қилмайдилар. Бу офат, яъни каттаю кичик ширк офати шундай бало эдики, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг томирига болта урдилар, асосига тўсиқ қўйдилар, ҳатто қабристонда намоз ўқишни мутлақо тақиқладилар. Намозхон мазкур уч масжид баракасини мақсад қилгани каби қабристон ери баракасини қасд қилиш-қилмаслигини эътиборга олмадилар. Шунингдек, у зот қуёш чиқадиган, тиккага келадиган ва ботадиган вақтларда намоз ўқишни тақиқладилар. Чунки бу вақтлар мушриклар қуёшнинг баракасини умид қилиб ибодат қиладиган вақтлар эди. Мусулмон инсон гарчи буни қасд қилмаса-да, ширк йўлини тўсиш мақсадида мазкур вақтларда намоз ўқишдан қайтарилди»[13].

[1] Қаранг: Имом Аҳмад, «Масоил» (ўғли Абдуллоҳ ривояти), 62-бет, 241-рақам. Ибн Мунзир, «Авсат», 2/185. «Муҳалло», 2/345, 393-рақам ва 3/365-366, 581-рақам. «Ал-ихтиёротул фиқҳийя», 67-бет. «Умдатул қорий», 4/186.
[2] Ҳофиз Ибн Ҳажар, «Фатҳул Борий», 1/524.
[3] Ҳадис тахрижи 33-масалада берилди.
[4] Муҳаммад Мунтасир Райсуний Мағрибий (вафоти: 1421 ҳ.), «Куллу бидъатин залола», 171-172-бетлар. Ҳадислар тахрижи Абдураҳмон Жумайзийга оид. «Дорул минҳож» нашриёти, биринчи нашр, 1425 ҳ.й.
[5] Ҳадис тахрижи 98-масалада ўтди.
[6] Шайх Муҳаммад Усаймин раҳимаҳуллоҳ, «Шарҳул мумтеъ», 2/238.
[7] «Шарҳул умда», 4/461-462.
[8] «Шарҳул мумтеъ», 2/240.
[9] Ибн Ҳиббон ривояти, 692-бет, 2318-ҳадис. Ҳайсамий: «Ҳадис ровийлари саҳиҳнинг ровийларидир», деган («Мажмаъуз завоид», 2/144, 2062-ҳадис). Шуайб Арноут «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон би-тартиби Ибн Балабон» китоби таҳқиқида (6/89, 2316-ҳадис): «Санади саҳиҳ», деган («Муассасатур рисола» нашри, иккинчи нашр, 1414 ҳ.й).
[10] Ҳадис тахрижи 310-масалада берилди.
[11] Ҳадис тахрижи 99-масалада ўтди.
[12] «Мажмуъул фатово», 27/159-160.
[13] «Иқтизоус сиротил мустақим», 2/192-193.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг