Закотнинг вожиб бўлиш шартлари

0

Закотнинг вожиб бўлиш шартлари

Закот вожиб бўлиши учун қуйидагилар шарт қилинади:

1) Инсоннинг мусулмон бўлиши:

 Аллоҳ таоло шундай дейди: “Уларнинг мол-мулкларидан садақа (закот) олинг” [Тавба: 103]. Оятдаги закот олинувчилардан мақсад мусулмонлардир. Шунингдек, Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумладан шундай дейдилар: “... Агар улар бу нарсага итоат этсалар, у ҳолда Аллоҳ таоло уларга бойларидан олиниб камбағалларига бериладиган садақа (закот)ни фарз қилганини билдиргин…[1].

2) Кишининг ҳур бўлиши:

 Инсонга закот вожиб бўлиши учун унинг ҳур ва озод бўлиши, яъни қул бўлмаслиги шарт қилинади. Шунга кўра, қулга закот вожиб эмас. Негаки, унинг мол-мулки йўқ. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “…Кимда ким мол-мулки бор қулни сотиб олса, ундаги мол-мулк уни сотган эгасиникидир. Фақат харидорнинг шарт қилиши бундан мустасно (бўлиб, бу ҳолатда қулнинг ёнидаги мол-мулки харидорники бўлади)[2].

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Қул гуёки мол-мулкка эга бўлмаган фақир ўрнида бўлади. Маълумки, уламолар иттифоқи билан фақир одамга закот вожиб эмас[3].

“Рожиҳ фикрга кўра, кишига закот вожиб бўлиши учун унинг балоғатга етган ва эс-ҳуши жойида бўлиши шарт эмас. Шунга биноан, ёш бола ва ақлдан озган кишига ҳам закот вожиб бўлаверади. Сабаби, закот юқоридаги оят ва ҳадисда айтилганидек, мол-мулк соҳибига эмас, балки мол-мулкнинг ўзига боғлиқ бўлган фарздир. Шунга кўра, улардан ҳар бирининг валийси улар номидан закот бериши вожибдир”[4].

3) Мол-мулкнинг нисобга етиши:

Нисоб дегани муайян миқдор мол-мулкдан иборат бўлиб, киши бу миқдор мол-мулкка эга бўлса, унга закот вожиб бўлади. Келажак мавзуларда закотга оид мол-мулклар: тилла, кумуш, чорва моллари, полиз маҳсулотлари ва бошқа мол-мулкларга тегишли нисоблар тафсилоти келади, иншааллоҳ.

4) Ҳавл айланиши:

Ҳавл айланиши деганда, мол-мулк нисобга етгандан кейин роппа-роса бир йил ўтиши назарда тутилади. Бунга далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган қуйидаги ҳадисдир: “Бирон мол-мулкда, то унга бир йил айланмагунча закот йўқдир[5]. Ҳавл айланиши милодий тақвимда эмас, балки ҳижрий тақвимда ҳисобланади. Киши нисобга молик бўлган кундан эътиборан ҳавл айланиши бошланиб, то ҳавл ниҳоясига қадар нисоб комил равишда қолиши шарт. Агар нисоб ҳавл ўртасида озайиб, сўнгра яна комил бўлса, у ҳолда жумҳур уламоларнинг рожиҳ фикрларига кўра, нисоб комил бўлган кундан бошлаб, ҳавл айланиши янгидан бошланади. Чунки мол-мулк нисобдан камайиши  натижасида ҳавл айланиши тўхтайди.

Қуйидаги мол-мулкларда ҳавл айланиши шарт қилинмайди:

А) Экин ва мевалар: Аллоҳ таоло шундай дейди: “ва ўрим-терим кунида ҳаққини (яъни закотини) беринглар” [Анъом: 141]. Демак, экин ва меваларнинг закоти ўрим-терим куни берилади.

Б) Ёш чорва моллари: агар ҳавл ўртасида чорва моллари туғса, туғилган болалари ҳам нисобга қўшилади. Негаки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам чорва молларидан закот олиш учун ходимларини юборар эканлар, бу чорва моллари орасида янги туғилган болалари ҳам бўлар эди.  Закот йиғиш учун келган ходим эгаларидан уларнинг қачон туғилгани ҳақида сўраб ўтирмас, одамлар ҳам янги туғилган чорва молларини катталарига қўшиб ҳисоблаб, закотини чиқарар эдилар[6].

В) Тижоратдан келган фойда: бундан мурод – ҳавл айланиши мобайнида тижорат учун тикилган сармоядан келган даромадлардир. Бундай даромадлар асл сармояга қўшиб ҳисобланади. Негаки, даромадлар сармояга тобе бўлади.

Г) Рикоз – жоҳилият аҳлига оид топилма бойликлар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Рикоз (яъни жоҳилият аҳлига оид топилма бойликлар)нинг бешдан бирини бериш вожибдир[7]. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рикоз учун ҳавл айланишини шарт қилмадилар. Балки бундай мол-мулк қўлга киритилиши биланоқ, унинг бешдан бир қисмини закот сифатида чиқариш вожибдир.

[1] Бухорий (1458), Муслим (19), Абу Довуд (1584), Термизий (625), Насоий (2\5) ва Ибн Можа  (1783) ривояти.

[2] Бухорий (2379) ва Муслим (1543) ривояти.

[3] “Аш-шарҳул мумтеъ” (6/19).

[4] “Аш-шарҳул мумтеъ” (6/ 202-203).

[5] Ушбу ҳадис бир гуруҳ саҳобалардан ривоят қилинган. Ҳадисни Ибн Можа (1893) Ойша розияллоҳу анҳодан, Термизий (626) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан, Дорақутний (2/90) Анас розияллоҳу анҳудан ва Абу Довуд (1573) Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Ҳофиз Ибн Ҳажар ҳадис ҳақида шундай дейди: “Санади ёмонмас, (саҳоба ва тобеинларнинг сўзларидан иборат) асарлар унинг маъносини қўллаб-қувватлайди ва шунга кўра ҳужжатликка ярайди”. Зайлаий (2/328) айтади: “Демак, ҳадис ҳасандир”. Албоний “Ал-ирво”да (3/254) Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси ортидан шундай дейди: “Ҳадис саҳиҳдир”.

[6]  Қаранг: “Аш-шарҳул мумтеъ” (6/ 23).

[7] Бухорий (1499), Муслим (1710), Абу Довуд (3085) ва Термизий (642) ривоят қилганлар.

Изоҳ қолдиринг