Шукр саждаси ҳақидаги тўқима ҳадис

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Шукр саждасининг фазилати ҳақида ривоят қилинган қуйидаги ҳадис борми?

“Дарҳақиқат, агар банда намоз ўқиб бўлиб, сўнгра шукр саждасини адо қилса, Аллоҳ таоло банда билан фаришталар орасидаги ҳижобни (яъни тўсиқни) очар экан. Аллоҳ таоло айтади: “Эй фаришталарим, мана бу бандамга эътибор қилинг. Фарзимни адо этиб, ибодатимни маромига етказиб қилди. Унга берган неъматимга шукр қилиб, менга сажда қилди. Эй фаришталарим, унга нимани тортиқ қилай?”. Фаришталар айтади: “Эй Раббим, раҳматингни”. Аллоҳ таоло айтади:

-Яна нимани?

-Эй Раббим, жаннатингни.

-Ундан кейинчи?

-Ғам-қайғуларини кифоя этишингни.

-Ундан кейинчи?

Фаришталар ҳеч бир яхшиликни қолдирмай айтиб ўтадилар. Аллоҳ: “Эй фаришталарим,яна нима?” – деб сўрайди. Фаришталар: “Эй Аллоҳ, бундан ортиқ билишга бизнинг илмимиз етарлича эмас” – дейишади. Шунда Аллоҳ таоло: “Менга шукр айтганидек, Мен ҳам унга шукр айтаман. Фазлим билан ундан қабул қилиб, раҳматимни кўрсатаман” – дейди..

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин. Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Авваламбор, шуни айтиб ўтишимиз лозимки, бандага бирон бир неъмат етса ёки у бирон азобдан қутилса, Аллоҳ таолога шукр қилиб, бир марта сажда қилиши мустаҳабдир. Бу сажда шариатимизда “шукр саждаси” дейилади. Бу амални Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар қилишган. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурсандчилик хабарини эшитсалар, Аллоҳ таолога шукр қилиб, сажда қилар эдилар (Абу Довуд ривояти, 2774-ҳадис). Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилганини эшитганида сажда қилган (Бухорий (4418) ва Муслим (2769) ривояти).

Моликий ва ҳанафий мазҳабларида шукр саждаси макруҳ саналади. Фақат моликийларда макруҳ таҳримий, ҳанафийларда эса макруҳ танзиҳийдир. Бироқ шукр саждасининг шариатда бор эканига далиллар мавжудлиги, уни макруҳ деганларнинг эса далиллари кучсиз бўлгани учун бу хилоф эътиборга олинмайди.

Юқорида зикр қилинган ҳадиси қудсий бирон бир ҳадис китобларида келмаган. Бу ҳадис “من لا يحضره الفقيه” (“Ман ла яҳзуруҳул фақиҳ”, 1/333, 979), “تهذيب الأحكام” (“Таҳзибул-аҳком”, 2/110) ҳамда “بحار الأنوار” (“Биҳорул-анвор”, 82/325) каби шиаларнинг китобларидагина ривоят қилинган. Қолаверса, фарз намозларидан кейин бу амални одат қилиб олиш динда асли бўлмаган бидъатлардан ҳисобланади. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, саҳобалар ҳам, тўрт мазҳаб имомлари ҳам, ҳатто бошқа бирон бир ишончли ва мўътабар олимлар ҳам қилишмаган.

Демак, шукр саждасининг фазилати борасида айтилган юқоридаги гапни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериш, одамлар орасида уни ҳадис деб тарқатиш шаръан ҳаром иш бўлиб, одамларни бидъатга тарғиб қилиш ҳисобланади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг