Рўза кимларга вожиб?

0

Рўза кимларга вожиб?

Рўза мусулмон, эс-ҳушли, соғлом ва муқим кишиларга вожибдир. Аёллар хусусида юқоридагиларга қўшимча ҳайз ва нифосдан поклиги ҳам шарт қилинади. Бу борада бир неча масалалар бор:

А) Асл кофир ва муртад кимсанинг тутган рўзаси дуруст эмас. Улардан бири кундуз мобайнида исломни қабул қилса, у ҳолда кундузнинг қолган қисмида рўза тутиши вожибдир. Бироқ уламоларнинг рожиҳ фикрига кўра, ўша кунги рўзанинг қазосини тутиш вожиб эмас.

Б) Балоғат ёшига етмаган ёш болага рўза вожиб эмас. Шунга қарамай, агар ёш боланинг рўза тутишга тоқати етса, уни рўза тутишга чиниқтириш мақсадида рўза тутишга буюриш мустаҳабдир. Агар бола кундузи балоғатга етса, куннинг қолган қисмида рўза тутади. Ўша кун рўзасининг қазосини тутиш вожиб эмас.

“Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Рубаййеъ бинти Муаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ошуро куни эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорларнинг қишлоқларига чопар юбориб, одамларга: “Кимда ким рўзадор ҳолида тонг оттирган бўлса, рўзасини давом эттирсин, кимда ким рўза тутмай тонг оттирган бўлса, рўза тутсин (бошқа бир ривоятда: “куннинг қолган қисмида рўза тутсин”)” – дейишга буюрдилар. Биз бу кунда рўза тутар ва ёш болаларга ҳам рўза тутдирар эдик… Уларга жундан ўйинчоқ ясаб, овқат ейман деб йиғласа, қўлига ўша ўйинчоқни тутқазар ва шу тариқа оғиз очиш вақтига қадар уларни овунтирар эдик[1].

Рамазон рўзаси фарз қилинишидан олдин Ошуро (яъни муҳаррам ойининг ўнинчи) куни кундузи рўза тутиш фарз эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунда рўза тутмаганларни кундузнинг қолган қисмида рўза тутишга буюрдилар. Бироқ ўша кун рўзасининг қазосини тутишга буюрмадилар. Ушбу ҳадисда юқоридаги икки масалада зикр қилинган ҳукм: рамазон ойи кундузи мобайнида кофирнинг исломни қабул қилиши ҳамда ёш боланинг балоғатга етиши ва бу ҳолатда иккисига ҳам кундузнинг қолган қисмида рўза тутиш вожиблиги, шунингдек, уларга ўша кун рўзасининг қазосини тутиш вожиб бўлмаслигига далил бор, валлоҳу аълам.

В) Ақлдан озган кишига рўза вожиб эмас. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир: “Уч тоифадан: то уйғонмагунча уйқудаги кимсадан, то эс-ҳушига келмагунча ақлдан озган кимсадан ва то балоғатга етгунига қадар ёш боладан қалам кўтарилган, (яъни уларга гуноҳ ёзилмайди)[2].

Рожиҳ фикрга кўра, ақлдан озган кимса ўзига келса, ўтган рўзасининг қазоси вожиб бўлмайди. Бу ҳукмда киши ақлдан озган муддатнинг оз ёки кўплиги, унинг рамазондан кейин ёки рамазон ойи асносида ўзига келиши баробардир.

Агар инсон кундузи ақлдан озса, тутган рўзаси ботил бўлиб, унга ўша кунги рўзанинг қазосини тутиш вожиб бўлади. Аммо, рожиҳ фикрга кўра, киши рўза тутишдан олдин бир-икки кун давомида беҳуш ётса ҳам,  унга ўша кунларнинг қазоси вожиб бўлмайди. Негаки, ҳушдан кетган кишининг ақли бўлмайди. Борди-ю, бир киши кундузи, яъни рўза тутиш асносида ҳушдан кетса, у ҳолда ўша куннинг қазосини тутади.

Касал ёки мусофир кишилар, ҳомиладор ёки эмизувчи, ҳайз ёки нифос кўрган аёлларга тегишли батафсил ҳукмлар тўғрисида келажакда сўз юритамиз, иншааллоҳ.

[1] Бухорий (1960) ва Муслим (1136) ривояти.

[2] Ҳасан саҳиҳ. Абу Довуд (4398), Ибн Можа (2041) ва Аҳмад (6\ 100) ҳасан ровийлар шажараси ила Ойша розияллоҳу анҳодан, Абу Довуд (4399) Ибн Аббосдан,  Абу Довуд (4403) ва Термизий (1423) Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

Изоҳ қолдиринг