Уй ичига кўмилган маййитни қабридан ковлаб олиш, эгаси номаълум эски қабрларни ковлаб олиш ва сиғиниладиган бут қилиб олинган кимсанинг қабрини ковлаб олиш

0

414. Маййит уй ичига кўмилган бўлса, уни қабрдан ковлаб олиш

Шайхимиз Муҳаммад Усаймин раҳимаҳуллоҳдан бир аёл ҳақида сўралди. У вафот этган гўдагини уйнинг бурчагидан чуқур қабр ковлаб, ўша ерга кўмган экан. Сўровчи ҳам, хонадон аҳли ҳам бу ҳақда саккиз йилдан сўнг хабар топган.

Шайх раҳимаҳуллоҳ бундай жавоб берди: «Аввало, болага жаноза намози ўқиш вожибдир. Иккинчидан, уни ковлаб олиб, қабристонга дафн этиш керак. Чунки уйлар қабристон эмас»[1].

415. Эгаси номаълум эски қабрларни ковлаб олиш

«Баъзи салафлар эгаси номаълум оддий қабрларни ковлашни макруҳ санаганлар. Чунки бунда тасодифан пайғамбар ва солиҳ кишилар қабрларини ковлаб қўйиш хавфи бор, хусусан, Урдун каби Шом диёри ерларида. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ мусулмонлар кофирлар устидан ғалаба қозонса, душманлар қабрлари ковланмаслигини таъкидлаган. Бу гапни икки хил маънога йўйиш мумкин: бирор фойдани кўзламай, шунчаки кўнгилхушлик учун ковлаш назарда тутилган, ёки кофирлар ҳам мусулмонлар устидан ғалаба қилгудек бўлса, улар ҳам мусулмонлар қабрлари билан шундай иш қилишидан хавфсираб, бу гапни айтган»[2].

416. Сиғиниладиган бут қилиб олинган кимсанинг қабри ковланадими?

Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг ўғли ва Шайх Ҳамад ибн Носирнинг ўғлидан бут қилиб олинган солиҳ кишининг қабри ковлаб олиниши ҳақида сўралди. Улар бундай жавоб беришди: «Мусулмоннинг қабрини дуруст бўлмаган сабабга кўра ковлаб олиш жоиз эмас, фақат дуруст сабаб учун ковлаш мумкин. Масалан, қиблага қаратилмай, ғусл қилдирилмай ёки кафанланмай кўмилган бўлиш дуруст сабаб саналади. Бундай ҳолатларда қабрни очиш жоиз бўлади. Бунинг далили: Муоз разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у аёлини қабрдан ковлаб олиб, қайтадан кафанлаган[3]. Талҳа ибн Убайдуллоҳнинг қизи отасининг жасадига сув етишидан қўрқиб, уни ковлаб олган[4]. Ойша разияллоҳу анҳо қабридан кўчирилган[5]. Бу ҳақда Имом Аҳмаддан ривоят қилинган. Қабрдан ковлаб олишни жоиз қиладиган сабаблардан яна бири қабрга пул тушиб қолиб, ўша пулни олиш учун қабрни ковлашдир. Бу ҳукм мусулмон маййитнинг қабрига тегишли. Кофирга келсак, унинг ҳурмати йўқ. Унинг қабрини ковлашдан ман этган кишининг далили йўқ, балки буни ман этмаган кишининг далили бор. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи мушриклар қабрларини ковлаб, ўша ерга масжидларини қурганлар[6].

Агар қабри ковланадиган кимса оламлар Раббига қарши адоват изҳор қилган ва одамларни ўзига ибодат қилишга чақирган Абу Ойша каби тоғутлардан ва шайтон малайларидан бири бўлса, унинг қабрини ковлашга буюрилмаса ҳам, уни ковламоқчи бўлган кимсага эътироз қилинмайди. Билишимизча, унинг қабрини ковлаган кимсалар нозик фиқҳий масалалардан хабари бўлмаган омма мусулмонлар бўлган, уларга мусулмонларнинг олимларидан ҳеч ким бундай қилишга фатво бермаган.

“Мусулмон қабрининг ҳурмати тупроқдан сурайёгачадир”, деган гапга келсак, бунинг асл-асоси бор эканини билмаймиз»[7].

[1] Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймин раҳимаҳуллоҳ, «Силсилати муҳозарот ва фатово лиқоиш шаҳрий», 3/330.
[2] Ибн Ражаб, «Фатҳул Борий», 3/213.
[3] Тахрижи 405-масалада берилди.
[4] Ибн Қутайба (вафоти: 276 ҳ.) «Ал-маориф»да (229-бет) келтирган. Муҳаққиқ: Сарват Уккоша. «Дорул маориф» нашриёти, тўртинчи нашр.
[5] Ибн Қудома «Муғний»да (3/444) Имом Аҳмаддан нақл қилган.
[6] Ҳадис тахрижи 399-масалада ўтди.
[7] «Дурарус санийя», 5/137-138.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг