Тафсири муяссар, Ҳуд сураси, 15-24 оятлар

0

مَن كَانَ يُرِيدُ ٱلۡحَيَوٰةَ ٱلدُّنۡيَا وَزِينَتَهَا نُوَفِّ إِلَيۡهِمۡ أَعۡمَٰلَهُمۡ فِيهَا وَهُمۡ فِيهَا لَا يُبۡخَسُونَ ﴿١٥﴾

15. Ким қилган амали билан дунё ҳаётини ва унинг ўткинчи матоларини истаса, Биз уларнинг амалларига бериладиган ажр-мукофотни шу дунёнинг ўзида тўла-тўкис, ҳеч камайтирилмаган ҳолатда берамиз.

أُوْلَٰٓئِكَ ٱلَّذِينَ لَيۡسَ لَهُمۡ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ إِلَّا ٱلنَّارُۖ وَحَبِطَ مَا صَنَعُواْ فِيهَا وَبَٰطِلٞ مَّا كَانُواْ يَعۡمَلُونَ ﴿١٦﴾

16. Улар учун охиратда жаҳаннам ўтидан бошқа ҳеч вақо йўқдир. Қилган ишларидан ҳеч бир фойда кўрмадилар ва барча амаллари бекор кетди. Чунки у амаллар Аллоҳ ризоси учун бўлмаган эди. 

أَفَمَن كَانَ عَلَىٰ بَيِّنَةٖ مِّن رَّبِّهِۦ وَيَتۡلُوهُ شَاهِدٞ مِّنۡهُ وَمِن قَبۡلِهِۦ كِتَٰبُ مُوسَىٰٓ إِمَامٗا وَرَحۡمَةًۚ أُوْلَٰٓئِكَ يُؤۡمِنُونَ بِهِۦۚ وَمَن يَكۡفُرۡ بِهِۦ مِنَ ٱلۡأَحۡزَابِ فَٱلنَّارُ مَوۡعِدُهُۥۚ فَلَا تَكُ فِي مِرۡيَةٖ مِّنۡهُۚ إِنَّهُ ٱلۡحَقُّ مِن رَّبِّكَ وَلَٰكِنَّ أَكۡثَرَ ٱلنَّاسِ لَا يُؤۡمِنُونَ ﴿١٧﴾

17. Иймон келтирган ва даъват қилаётган дини ҳақида Рабби томонидан берилган далил ва очиқ маълумотларга эга бўлган киши билан бутун ташвиши фоний дунёнинг зеб-зийнатлари бўлган кимса бир хил бўладими?! Устига устак биринчи кишини Аллоҳ томонидан яна бир ҳужжат, яъни Жаброил ёки Муҳаммад (алайҳимассалом) гувоҳлиги ҳам қўллаб-қувватлаб турса! Уни яна учинчи бир ҳужжат – Қуръондан олдин Мусо алайҳиссаломга ва унга иймон келтирганларга ҳидоят ва раҳмат ўлароқ нозил қилинган Таврот ҳам тасдиқлаб турса! Ана ўшалар бу Қуръонга иймон келтирадилар ва унинг ҳукмларига амал қиладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши уюшган гуруҳлар ичидан қай бир кимса бу Қуръонга кофир бўлса, унинг жазоси дўзах бўлиб, албатта унга тушгай. Эй Расул, ушбу далилларнинг гувоҳлигидан сўнг сиз Қуръон борасида ва унинг Аллоҳ томонидан келгани ҳақида ҳеч шак-шубҳа қилманг. Билингки, бу дин Раббингиз томонидан келган ҳақиқатдир, лекин одамларнинг кўпи иймон келтирмайди ва ўзларига буюрилган ишларни қилмайди. 

Бу сўзлар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларига умумий кўрсатмадир.

وَمَنۡ أَظۡلَمُ مِمَّنِ ٱفۡتَرَىٰ عَلَى ٱللَّهِ كَذِبًاۚ أُوْلَٰٓئِكَ يُعۡرَضُونَ عَلَىٰ رَبِّهِمۡ وَيَقُولُ ٱلۡأَشۡهَٰدُ هَٰٓؤُلَآءِ ٱلَّذِينَ كَذَبُواْ عَلَىٰ رَبِّهِمۡۚ أَلَا لَعۡنَةُ ٱللَّهِ عَلَى ٱلظَّٰلِمِينَ ﴿١٨﴾

18. Аллоҳга нисбатан уйдирма тўқиган кимсадан кўра золимроқ ким бор?! Улар қиёмат куни амаллари ҳисоб-китоб қилиниши учун Парвардигорларига рўбарў қилинадилар. Фаришталар, пайғамбарлар ва бошқа гувоҳлар айтадилар: Булар дунёда Парвардигорларига нисбатан уйдирма тўқиган эдилар. Аллоҳ таоло уларга ғазаб қилди, уларни абадий лаънатга гирифтор қилди. Чунки золимлик уларнинг  ажралмас сифатларига айланган эди.

ٱلَّذِينَ يَصُدُّونَ عَن سَبِيلِ ٱللَّهِ وَيَبۡغُونَهَا عِوَجٗا وَهُم بِٱلۡأٓخِرَةِ هُمۡ كَٰفِرُونَ ﴿١٩﴾

19. У золимлар одамларни Аллоҳнинг ибодатига элтувчи йўлдан тўсадилар ва уни ўз хоҳишларига мос келадиган эгри йўл бўлишини истайдилар. Улар охиратни инкор қиладиган, қайта тирилишга ва охиратдаги жазо ё мукофотга ишонмайдиган кимсалардир. 

أُوْلَٰٓئِكَ لَمۡ يَكُونُواْ مُعۡجِزِينَ فِي ٱلۡأَرۡضِ وَمَا كَانَ لَهُم مِّن دُونِ ٱللَّهِ مِنۡ أَوۡلِيَآءَۘ يُضَٰعَفُ لَهُمُ ٱلۡعَذَابُۚ مَا كَانُواْ يَسۡتَطِيعُونَ ٱلسَّمۡعَ وَمَا كَانُواْ يُبۡصِرُونَ ﴿٢٠﴾

20. Ўша кофирлар дунёда Аллоҳдан қочиб қутулолмадилар ва улар учун Аллоҳнинг азобидан сақлаб қоладиган ёрдамчилар ҳам бўлмади. Улар учун жаҳаннамда азоб бир неча баробар зиёда қилинади. Чунки улар ўзлари маҳкам ёпишиб олган куфр билан машғул бўлишгани туфайли Қуръонни эшитиб, фойдаланмадилар, Аллоҳнинг борлиқдаги оят-аломатларини кўриб, ҳидоятланмадилар.

أُوْلَٰٓئِكَ ٱلَّذِينَ خَسِرُوٓاْ أَنفُسَهُمۡ وَضَلَّ عَنۡهُم مَّا كَانُواْ يَفۡتَرُونَ ﴿٢١﴾

21. Улар Аллоҳ шаънига уйдирма тўқишлари билан ўз жонларига зиён қилган кимсалардир. Аллоҳ ҳузурида шафоатчи бўлади, деб даъво қилган сохта илоҳлари уларни тарк этди.

لَا جَرَمَ أَنَّهُمۡ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ هُمُ ٱلۡأَخۡسَرُونَ ﴿٢٢﴾

22. Ҳақиқатан, охиратда улар энг зиён кўрувчи кимсалар бўлишди. Чунки улар жаҳаннамга дохил бўлишди, жаннатдаги олий даражаларни дўзахнинг тубсиз чуқурликларига алмаштиришди. Бу эса очиқ зиёндир.

إِنَّ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّٰلِحَٰتِ وَأَخۡبَتُوٓاْ إِلَىٰ رَبِّهِمۡ أُوْلَٰٓئِكَ أَصۡحَٰبُ ٱلۡجَنَّةِۖ هُمۡ فِيهَا خَٰلِدُونَ ﴿٢٣﴾

23. Аллоҳ ва Расулига иймон келтириб, солиҳ амаллар қилган ва ўзлари буюрилган ва қайтарилган ҳар бир ишда Аллоҳга бўйсунган кишилар – ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда ўлмайдилар ва ундан ҳеч қачон чиқмайдилар.

مَثَلُ ٱلۡفَرِيقَيۡنِ كَٱلۡأَعۡمَىٰ وَٱلۡأَصَمِّ وَٱلۡبَصِيرِ وَٱلسَّمِيعِۚ هَلۡ يَسۡتَوِيَانِ مَثَلًاۚ أَفَلَا تَذَكَّرُونَ ﴿٢٤﴾

24. Икки гуруҳнинг – куфр ва иймон гуруҳининг мисоли кўр ва кар ҳамда кўрувчи ва эшитувчи кишининг мисолига ўхшайди. Куфр гуруҳи ҳақни кўрмайди ва унга эргашмайди, Аллоҳга чорловчини эшитмайди ва ҳидоятланмайди. Иймон гуруҳи эса Аллоҳнинг оят-далилларини кўради, Аллоҳга чорловчига қулоқ тутади, унинг даъватини қабул қилади. Энди бу икки гуруҳ баробар бўладими?! Ибрат олиб, фикр юритмайсизларми?!

Изоҳ қолдиринг