Тукларни тозалаш ҳамда мўйловни қисқартиришда белгиланган муддат

0

Қўлтиқ ва авратдаги тукларни ҳамда мўйловни қисқартиришда белгиланган муддат

Имом Муслим (258) ривоят қилган ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Бизга мўйловни қисқартириш, тирноқни олиш, авратдаги тукларни қириш ва қўлтиқ тукларини юлишни қирқ кундан ортиқ тарк қилмаслигимиз белгиланди”.

Баъзи уламолар мазкур ишларни ҳар жума бажариш мустаҳаб дейишган. Имом Абу Ҳанифа ва Молик мазҳабида, шунингдек, Имом Аҳмаддан келган бир ривоятга кўра ҳафтада бир марта олиш  мустаҳабдир.

Ҳанафий мазҳабига оид бўлган “Фатово Ҳиндия” (5/357) китобида шундай дейилади: “Мусулмон киши ҳафтада бир бор мўйловини қисқартириши, авратдаги тукларни қириб олиши ҳамда ювиниши афзалдир. Бир ҳафтада бўлмаса, ўн беш кунда бир бор ва энг узоғи билан қирқ кунда бир бор тозаланиши лозим. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам қирқ кундан ўтиши жоиз эмас“.

Моликий мазҳаби имомларидан бўлмиш Қуртубий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис энг узоқ муддатни белгилаб келган. Бироқ ҳар жума тозаланиш мустаҳабдир. Уламолар бу борада  маълум муддатни белгилашмаган. Агар тук ва тирноқлар ўсиб кетса, гарчи бир ҳафтадан оз муддатда бўлса ҳам уларни  олиш лозим бўлади” (“Муфҳим”, 1/515).

Ибн Муфлиҳ Ҳанбалий шундай дейди: “Тукларни ҳафтада бир марта тозалаш ва қирқ кундан оширмаслик лозим” (“Ал-фуруъ”, 1/131).

Шофеий мазҳаби  уламоларининг фикрига кўра мазкур туклардан тозаланиш учун муайян вақт белгиланмаган бўлиб, балки эҳтиёжга қараб тозаланилади. Муҳими,  ушбу туклар меъёридан ортиқ  ўсиб кетса қисқартирилади. Ибн Абдулбар мазкур фикр тўғрисида: “Бу кўпчилик уламоларнинг фикридир“, дейди.

Имом Нававий шундай дейди: “Тирноқларни олишдаги белгиланган вақт тирноқларнинг ўсишига боғлиқ. Тирноқлар қачон ўсиб кетса қисқартирилади ва тирноқларнинг ўсиш сурати ҳар кимда турлича бўлади. Шунга кўра тирноқларни олиш муддати ҳам фарқланади. Шунингдек, мўйловни қисқартириш, қўлтиқ тукларини юлиш ва авратдаги тукларни қиришда ҳам шу нарса эътиборга олинади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис “саҳобалар бу ишларни ўз вақтида кечиктирмасдан бажаришар, бордию, кечиктиришса ҳам қирқ кундан ўтказмас эдилар”, деган маънода айтилган бўлиб, қирқ кунда олиш лозим деган маънони англатмайди. Имом Шофеъий ва издошлари ҳар жума тирноқларни ва тукларни олиш мустаҳаб дейишган” (“Ал-мажмуъ”, 1/339).

Шофеий мазҳаби уламоларидан Димётий шундай дейди: “Бу борада, яъни тирноқ ва тукларни олишда уларнинг одатда ўсишига қаралади. Шунинг учун ҳам ҳар бир шахс  ва унинг ҳолатига қараб мазкур муддат турлича бўлиши мумкин” (“Ионатут-толибийн”, 2/85).

Ибн Абдулбар шундай дейди: “Баъзи аҳли илмлар авратдаги тукларни олишдаги муддатни қирқ кун деб белгилашган. Кўпчилик уламолар эса бу борада муайян бир муддат йўқ дейишган” (“Тамҳид”, 21/68).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу борада Шофеий мазҳаби уламоларининг фикри маъқулрок, яъни тирноқ ва тукларни олиш борасида энг оз муддат белгиланмаган бўлиб, балки бу ҳар бир шахснинг ҳолатига боғлиқдир. Шу сабабдан гарчи бир ҳафтадан оз муддатда ҳам тирноқ ва туклар ўсадиган бўлса, уларни олиш мустаҳаб бўлади. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган асарга биноан мазкур ишларни қирқ кундан ортиқ тарк қилиш жоиз эмас. Зеро, мусулмон киши ҳар доим озодаликка интилиши керак. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Озодалик иймоннинг ярмидир…”  (Муслим ривояти), валлоҳу аълам.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг