Тўртинчи қоида: (2) Болага нима кўпроқ таъсир қилади?

0

2) Болага нима кўпроқ таъсир қилади?

Дарҳақиқат, бу муҳим нуқта. Кўпгина ота-оналар айрим фарзандларининг ноқобиллиги ёки мактабдаги қолоқлигидан шикоят қиладилар.

– Болаларни койийвериб, уларга йўл-йўриқ кўрсатавериб чарчадик! Ҳар хил йўл билан тарғиб қилиб кўрдик, бефойда. Ахир биз одамга гапиряпмизми ёки деворгами, билмай қолдик?! – деган шикоятни кўп эшитамиз ота-оналардан. Аслини олганда, болаларга кўп ваъз-насиҳат қилиш, ҳадеб койийвериш тўғри эмас, балки бу оилада жиддий муаммо борлигини кўрсатади. Бу муаммо оила аъзолари ўртасида ўзаро оилавий таъсир ўтказиш ва таъсирланиш йўқлиги ёхуд заифлигидир.

Болалар эшитган ҳар қандай ҳикмат ва насиҳатдан таъсирланиб кетаверишганида эди, тарбия иши жуда осон иш бўлган бўлур эди. Бироқ таассуфки, бундоқ эмас. Болалар катталардаги ҳис-туйғу ва йўналишлар ва бевосита уларда кузатишган хатти-ҳаракат, юриш-туриш ҳамда уларнинг турли ўринлардаги ўзини тутишларидан таъсирланадилар. Олдингилар буни аъло даражада англаб етишган эдилар. Ҳатто улардан бири: “Бир кишининг минг кишига кўрсатган юриш-туриши, минг кишининг бир кишига айтган сўзидан яхшироқдир” – деган эди.

Шунинг учун бўлса керак, бор-йўғи ўрта мактабни битирган бир онанинг фарзандлар тарбияси соҳасида олий маълумотли онадан кўра кўпроқ муваффақиятга эришганига гувоҳ бўламиз. Сабаби, фарзандлар фақат оналаридаги дунёқараш, тушунча ва тарбияга оид сўзлар билан эмас, балки оналарида мустақил шахсият ва болаларига нисбатан масъулият ҳис-туйғусини пайдо қиладиган юриш-туриши ва хатти-ҳаракатларидан таъсирланадилар.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, бола онасининг отаси ёки қўшнисига ёлғон гапирганига бир неча бор гувоҳ бўла туриб, онасининг унга ёлғон сўзламаслик тўғрисидаги ваъз-насиҳатини қандай қабул қилиши мумкин?! Ёхуд отаси уни жамоат намозига бориш, жиддий тарзда дарс тайёрлаш ва телевизор олдида кам ўтиришга буюрса-ю, ўзи буткул бунинг тескарисини қилсачи? Бундай ҳолатда бола отасининг буйруқларига қай тарзда ёндашади, деб ўйлайсиз?!

Бу саволларга жавоб тайин, изоҳга асло ҳожат йўқ!

Бу ўринда ўтган мавзуларда зикр қилиб ўтган омиллар: оилавий муҳит ва амалий ўрнак билан тарбиялаш масаласини яна бир бор эслатиш мақсадга мувофиқдир.

Изоҳ қолдиринг